Эртанги буюк тараққиётнинг янги, изчил, тизимли дастури ишлаб чиқилади

02.04.2021, 19:02

Эртанги буюк тараққиётнинг янги, изчил, тизимли дастури ишлаб чиқилади

Жорий йилнинг 31 март куни муҳтарам Президентимиз Туркий Кенгашнинг видеоконференция шаклида ўтказилган норасмий саммитида иштирок этганлари мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида янги бир муҳим қадам бўлганини қайд этиш жоиз. Давлатимиз раҳбарининг мазкур саммитда сўзлаган нутқларини диққат билан тингларканман, яна бир бор буюк аждоларимиз, миллатимизнинг шонли тарихини яратган улуғ аждодларимизга нисбатан чуқур ҳурмат ва улкан ифтихорни туйдим.

Анжуманда Президентимиз томонидан эътироф этилган Аҳмад Яссавийнинг ўлмас мероси буюк аждодларимиз – Жалолиддин Румий ва Юнус Эмро, Юсуф Хос Ҳожиб, Низомий Ганжавий, Махтумқули Фироғий ва Бобораҳим Машраб каби шоирлар қаторида туркий халқларнинг умумий маънавий бойлиги сифатида ардоқлаб келинишида том маънодаги рамзий маъно-моҳият мужассам. Уларга муносиб издош, муносиб ворис бўлишлик ҳам маънавий, ҳам маданий қадриятлар давомийлиги асосидир.

Ўзининг диний-ахлоқий қарашлари билан минтақамизда улкан обрў-эътибор қозонган ҳазрат Яссавийга буюк Амир Темур чин дилдан ихлос қўйгани, унинг хотирасига атаб муҳташам мақбара бунёд этганини барчамизга яхши маълум. Давлатимиз раҳбари мазкур эътиборни таъкидларкан, буюк Соҳибқироннинг ушбу мажмуанинг моддий таъминоти учун вақф ташкил қилгани ва бу жамғарма асрлар давомида фаолият кўрсатганини алоҳида мамнуният билан қайд этдилар.

Бугун Аҳмад Яссавий зиёратгоҳи барча қардош халқлар учун табаррук қадамжой сифатида ардоқланмоқда. Ушбу қадамжой жойлашган кўпмиллатли Туркистон шаҳри эса сўнгги йилларда тобора гўзал ва обод бўлиб бораётгани, улкан бунёдкорлик майдонига айланаётгани кундалик ҳаётда аён.

Муҳтарам Президентимиз томонидан билдирилган муҳим таклифни биз парламент вакиллари ҳам сидқидилдан қўллаб-қувватлаймиз. Яъни, Ўзбекистон Тоғли Қорабоғ заминидаги кўҳна обидалар, маданият ва маърифат масканларини тиклаш ишларига ҳисса қўшишга тайёр эканлиги бизнинг ҳам олдимизга долзарб вазифалар ижросини қўяди.   

Туркий Кенгаш ташкилоти минтақавий ҳамкорликнинг самарали механизмларини яратишда, албатта, илк навбатда иқтисодий алоқаларни кучайтириш зарур.  Шунингдек, Президентимиз томонидан билдирилган айни пайтда ишлаб чиқилаётган “Туркий дунё нигоҳи – 2040” концептуал ҳужжати асосида ҳозирги ва пандемиядан кейинги вазиятни инобатга олган ҳолда, аъзо давлатларга хос, яқин ва ўрта истиқболга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик стратегиясини тайёрлаш таклифи келгусидаги тараққиёт босқичларини жадаллаштириш имконини беради. Бунинг учун глобал инқирознинг салбий оқибатларини бартараф этиш, савдо, инвестиция, саноат, транспорт алоқаларини тиклаш ва янги шароитларда ривожлантириш, электрон тижорат ҳамда рақамли технологияларни кенг жорий этиш, бизнес ва ҳудудлараро ҳамкорлик имкониятларидан тўлиқ фойдаланишнинг тизимли аосларини яратиш мақсадга мувофиқ. 

Шу билан бирга, давлатлар ўртасидаги саноат кооперациясини кучайтириш, йирик сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш, минтақамизнинг транспорт ва транзит салоҳиятини ошириш, динимиз тарихида беқиёс из қолдирган улуғ боболаримиз мероси билан кенг жамоатчиликни яқиндан таништириш, халқларимизнинг дунёвий фанлар ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини ва бой маданий меросини чуқур ўрганиш, турли тадқиқотлар олиб бориш ҳамда жаҳон миқёсида тарғиб этиш масалалари ҳам ўртага ташланиб, бу борадаги фикр-мулоҳазалар билдирилгани ҳам эртанги кун умидларини яратиши шубҳасиз.

Давлатимиз раҳбарининг “Биз “Туркий дунёнинг маданий пойтахти” мақомини олган Хива шаҳрида сентябрь ойида ЮНЕСКО билан ҳамкорликда “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” мавзусида халқаро форум ўтказиш ниятидамиз” деган фикрлари буюк тараққиётнинг янги, изчил, тизимли дастури ишлаб чиқилишига хизмат қилади.

Тоҳиржон АҲМАДАЛИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати

  • Кўрилди
    570
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+