Азалий дўстлик, қардошлик муносабатлари янада мустаҳкамланади

05.04.2021, 17:38

Азалий дўстлик, қардошлик муносабатлари янада мустаҳкамланади

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Туркий кенгаш ўртасидаги ҳамкорлик жадал ривожланиб бормоқда. Сабаби Президентимиз Шавкат Мирзиёев узоқ ва яқин хорижий мамлакатлар қатори қардош туркий тилли давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтариш борасида кенг қамровли ишларни амалга оширмоқда.

Давлатимиз раҳбари 2019 йилнинг 14 сентябрь куни “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимини (Нахичеван, 2009 йил 3 октябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонунни имзолади. 15 октябрда эса Баку шаҳрида бўлиб ўтган ташкилотнинг еттинчи саммитида Ўзбекистон илк маротаба Туркий тилли давлатлар саммитининг тўлақонли аъзоси сифатида иштирок этди.

Ўтган вақт давомида Ўзбекистоннинг мазкур кенгашга қўшилиши турк дунёси интеграциясини янада кучайтиришга ҳисса қўшди. Бизнинг фикримизча, туркий тилли давлатларнинг иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш, ишбилармонлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва мамлакатлар ўртасидаги товар айланмаси ҳажмини ошириш бўйича қўйилган аниқ қадамлар муҳим кўринади.

Ўз навбатида, Ўзбекистон товар, капитал, хизматлар ва технологиялар ҳаракатини ҳамда молиявий ва банк операцияларини либераллаштириш доирасида савдо ва инвестициялар учун янада қулай шарт-шароитлар, соддалаштирилган божхона ва транзит тартиб-таомилларига эга бўлмоқда. Турли ҳисоб-китобларга кўра, 160 млн кишилик салоҳиятли бозорига эга бўлган ва умумий савдо айланмаси 560 млрд АҚШ долларини ташкил этган Туркий тилли давлатлар кенгаши аъзоларининг ўзаро савдоси 8 млрд АҚШ долларини ташкил этади. Бу эса Ўзбекистоннинг йирик бозорларга кириб бораётганини кўрсатади.

Тошкентда Туркий тилли давлатлар кенгашига аъзо мамлакатлар ишбилармон доира вакилларининг Инвестицион форуми бўлиб ўтгани ҳаммамизга яхши маълум. Унда 300 нафардан ортиқ ишбилармон доира вакиллари қатнашди. Қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, нефть ва газ, кимё, автомобиль саноати, тўқимачилик, машинасозлик, туризм, ва ахборот-коммуникация технологиялари Ўзбекистон учун ҳамкорликнинг устувор йўналишларига айланди.   

Шунингдек, Ўзбекистон транспорт ва транзит соҳаларида ҳам кооперация алоқаларини ривожлантиришдан манфаатдор. Интеграциялашган транспорт алоқалари тармоғини яратиш жаҳон ва минтақадаги асосий бозорларга чиқишни таъминлайди. Бу “Шимол-Жануб” ва “Шарқ-Ғарб” халқаро транспорт йўлакларига, Марказий Осиё минтақасини Хитой, Жануби-Шарқий ва Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Европа давлатлари билан боғлайдиган автомобиль, темир йўл ва ҳаво йўналишларига тааллуқлидир.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 31 март куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг видеоанжуман шаклида бўлиб ўтган норасмий саммитда иштирок этиб, унда муҳим ташаббусларни илгари сургани етакчи экспертлар томонидан кенг эътироф этилмоқда. Зеро, унда ташкилот доирасида иқтисодиёт, савдо, транспорт соҳаларидаги кўп қиррали амалий ҳамкорликни ҳамда маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Хусусан, давлатимиз раҳбари коронавирус пандемия таъсирида давом этаётган глобал инқирознинг салбий оқибатларини юмшатиш ва бартараф этиш йўлида кенгашнинг яқин ва ўрта истиқболга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди. Савдо, инвестиция, саноат, транспорт алоқаларини тез фурсатда тиклаш ва янги шароитларда ривожлантириш, электрон тижорат ҳамда рақамли технологияларни кенг жорий этиш, ишбилармон доиралар ва ҳудудлараро ҳамкорлик имкониятларидан тўлиқроқ фойдаланиш зарурлигига эътибор қаратди.

Ўзаро иқтисодий алоқаларни кучайтириш, минтақамизнинг транспорт ва транзит салоҳиятини ошириш, Кенгаш доирасида Зиёрат туризмини ривожлантириш дастурини қабул қилиш, “Туркий дунёнинг маданий пойтахти” мақомини олган Хива шаҳрида сентябрь ойида ЮНЕСКО билан ҳамкорликда ўтказиладиган “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” мавзусидаги халқаро форумда ҳамжиҳатликда иштирок этиш каби таклифлар фақат бугунги кун учун эмас, балки узоқ истиқболга мўлжаллангани билан аҳамиятлидир.

Булар ҳали ҳаммаси эмас. Саммитда биргаликда йирик лойиҳаларни амалга ошириш масаласи ўртага ташлангани ва бу борада фаолиятни ташкил этиш учун Туркий Кенгашнинг ўз Инвестициявий жамғармаси, Тараққиёт банкини ташкил этиш таклиф этилгани шубҳасиз, давлатларнинг иқтисодиёти ривожланишига туртки бўлиш билан бирга, ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишларини белгилаб беради.

Хулоса ўрнида айтганда, депутатлар Ўзбекистоннинг Туркий кенгашда фаол иштирокини туркий тилли давлатлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш жараёнларининг табиий ифодаси деб ҳисоблашади. Мамлакатимизнинг Туркий кенгаш фаолиятидаги иштироки саноат кооперациясини кучайтириш, тадбиркорликни ривожлантириш, ўзаро божхона тўсиқларини олиб ташлашга ёрдам беради. Бу билан эса турк мамлакатлари ташқи бозорларда самарали рақобатлаша оладилар.

 

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик  

палатаси Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    114
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+