Маҳаллада нима гаплар?

05.04.2021, 19:45

Маҳаллада нима гаплар?

Одамлар бугунидан рози бўлиб яшасагина эртасига умид қила олади. Бугун ҳудудларни обод қилиш, аҳоли билан учрашувлар ўтказиш, уларни йиллар давомида қийнаб келаётган муаммоларига ечим излаш каби ҳаракатлар замирида ҳам аслида ана шу мақсад ётади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O'zLiDeP фракцияси аъзоси Ботир Мардаев Термиз шаҳридаги Алишер Навоий маҳалласидаги сайловчилар билан учрашди. Маҳалладаги 23-умумтаълим мактабида ўтган учрашувга келган фуқаролар уларни анча йиллардан бери қийнаётган умумий муаммо — газ, ичимлик суви ва электр энергиясидаги узилишлар бўйича мурожаат қилишди. Бу масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида Термиз шаҳридаги газ таъминоти, сувоқова ва электр тармоқлари корхоналари масъуллари ҳам таклиф этилди.

Маҳалла ҳудудидаги хонадонлар илгари табиий газ тармоғига уланган, аммо маълум сабабларга кўра, табиий газ танқис ҳудудга киритилиб, тармоқдан узилган. Эндиликда фуқаролар яна қайта табиий газ берилиши бўйича мурожаат қилишмоқда. Термиз шаҳар газ таъминоти филиали бошлиғи Ҳусниддин Бердимуродов фуқароларга ушбу масала юзасидан юқори турувчи ташкилотларга хат билан чиқилгани, республикадан ҳудуд учун табиий газ бўйича қўшимча лимит ажратилгачгина, газ берилиши мумкинлигини тушунтирди.

Албатта, маҳалладаги хонадонларнинг табиий газ истеъмолига эҳтиёжи юқорилиги инобатга олиниб, ушбу ҳолат юзасидан тегишли вазирликка депутат сўрови чиқариладиган бўлди.

Маҳалла ҳудудидаги 50 га яқин хонадонда ичимлик суви танқислиги мавжуд. Термиз шаҳар “Сув таъминоти” МЧЖ ходими Абдукарим Худойназаров мазкур муаммони ҳал этиш учун артезиан сув қудуғи қазилиши лозимлиги, бу бўйича ишлар олиб борилаётганини ва қудуқ учун маблағ ажратилиши билан сув танқислиги бўлмаслигини айтиб ўтди.

Ҳудудда газ бўлмаганига яраша электр энергиясидаги узлуксиз узилишлар кузатилиши ҳақида ҳам айтиб ўтилди. Демак, бунинг ҳам сабабларини ўрганиш, трансформатор, электр симёғочлардаги камчиликларни ўрганиш тақозо этилади.

Бундан ташқари, Г.Самандарова укаси қандли диабет билан оғришини ва унинг даволаниши учун ёрдам сўради. М.Тўраева эса хизмат давомида оёғи шикастланган турмуш ўртоғига компенсация тўланмагани бўйича мурожаат қилди. Унга керакли ҳужжатлар тўпланиб, ҳуқуқ тартибот идорасига қай тартибда мурожаат қилиши кераклиги тушунтирилди. Дарвоқе, шу ўринда патронаж ҳамширалар фаолияти самарадорлигини ошириш масаласи ҳам мурожаатлар давомида кўзга ташланиб қолди.

Розия Яҳёева ҳозир 83 ёшда. Саломатлигини тиклаш учун дам олиш масканига бепул йўлланма берилишида ёрдам сўради. Онахоннинг мурожаати ҳам имкон қадар кўриб чиқиладиган бўлди.

Кўплаб фуқаролар томонидан ишга жойлашишда, кредит олишда ёрдам сўралди. Албатта, уларнинг ҳам мурожаатлари эътиборсиз қолдирилмайди. Газ ва ичимлик суви билан боғлиқ масалалар ҳам бир ечимга келгунига қадар депутат назорати остига олинди.

Яна бир гап. Маҳалла илгари Термиз туманига қарашли ҳудуд бўлган. 2020 йилда эса Термиз шаҳар таркибига киритилди. Албатта, бу маҳалла аҳли учун ҳам катта ўзгаришлар бўлишига бир ишора. Ўтган йили карантин сабаб ҳудуддаги муаммоларни бартараф этиш бир мунча орқага сурилганди, эндиликда эса уларнинг ечимларига киришилмоқда Лекин, бугун “маҳаллабай” ишлаш тизимига ўтилаётган бир пайтда маҳалла раиси ҳам шунга мос равишда бироз фаолроқ бўлса, хонадон эгалари билан яқиндан алоқа ўрнатиб, уларга кўмаклашиш учун ҳаракат қилса, жонланса, мақсадга мувофиқ бўларди. Негаки, маҳалла раиси шу кичик жамоанинг боши дегани. Агар у бошқарувни тўғри ташкил этиб, одамларни бошини бириктира олса, кичик муаммолар ўз-ўзидан ҳал этилади. Фақат бунинг учун бирозгина тер тўкиш, ислоҳотлардан орқада қолмасдан замон билан ҳамнафас яшаш зарур холос.

Шу ўринда бир мулоҳаза, ўз ҳуқуқимизни яхши билмаслигимиз натижасида жабрдийда бўлиб, қуруқдан-қуруқ ўзимизни ўққа-чўққа урганимиз билан муаммомиз ҳал бўлиб қолмайди. Ахир жамиятда қонун-қоидалар мавжуд. Айримларимиз эса ҳуқуқимизни талаб қилишни биламизу фуқаролик бурчларимизни унутиб қўйямиз. Ёки бўлмаса, оддийгина жамоатчилик назоратини олайлик. Аслида ҳар биримиз ана шу жамоатнинг бир бўлаги бўлганимиз учун ҳам назоратни қўлимизга олишимиз лозим. Биров йўлсозлар ёки ҳомийлар томонидан кўчага тўкилган тошни уйига ташмаласа ҳам, ё бир мактабнинг мулкига зарар етказса ҳам индамай ўтиб кетавериш эмас, балки уни ўзимиз назорат қилиб, бундан қайтаришни ўрганмоғимиз зарур. Бунинг учун эса аввало, ўзимизни ўзимиз назорат қила олишимиз, “Менинг фуқаролик позициям қандай бўлиши керак?” деган саволга жавоб топиб олишимиз керак. Шундагина жамиятда кўплаб иллатларнинг илдизи қирқилади, шундагина одамлар қонунларни менсимасликдан, уларни бузишдан тийила бошлайди.

Феруза Умидуллаева,

O'zLiDeP Сурхондарё

вилоят Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    649
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+