Янги Қонунларда томорқа ва деҳқон хўжалиги эгаларининг ҳуқуқлари ўз аксини топган

06.04.2021, 19:05

Янги Қонунларда томорқа ва деҳқон хўжалиги эгаларининг ҳуқуқлари ўз аксини топган

O'zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши ҳамда Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши Хоразм вилоят бошқармаси ҳамкорликда Хонқа тумани “Дурвадик” маҳалласида томорқа ва деҳқон хўжалиги ер эгалари учун семинар ташкил этилди. Унда Урганч, Боғот, Янгиариқ, Ҳазорасп, Тупроққалъа туманларидан ташриф буюрган соҳа фаоллари ҳам иштирок этишди. Мазкур семинар Президентимиз томонидан жорий йилнинг 1 апрел куни қабул қилинган “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги ҳамда “Томорқа хўжалиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг мазмун-моҳиятини тарғиб қилишга қаратилди.

Халқимиз йилдан-йилга деҳқончиликка илмий асосда ёндашиб, бозор талаблари ҳамда эҳтиёжларидан келиб чиқиб маҳсулот етиштиришга эришмоқда. Деҳқонларимиз азалдан ризқ ундириш, боғ яратишнинг ҳадисини олган. Бугунги кунда кўпчилик ўз томорқасидан самарали фойдаланиб, бир йилда 3 мартагача ҳосил олмоқда.

Вилоятимизда томорқа ер эгалари сони 254 273 нафарни, деҳқон хўжаликлари 228 тани, дала томорқа ер эгалари сони 159 174 нафарни ташкил этади.

Семинарда  томорқа ризқ-рўз, қўшимча даромад манбаи, бандликни, арзончиликни таъминлашнинг самарали йўли эканлиги алоҳида таъкидланди. Аҳолининг оилавий томорқаси ҳамда дала томорқасидан фойдаланишдаги ҳуқуқий асослари мазкур қонунлар орқали янада мустаҳкамлангани тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.

Хусусан, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунда Деҳқон хўжалигини юритиш учун 0,06 гектардан 1 гектаргача бўлган ўлчамда ер участкалари берилиши, улардан деҳқон хўжалиги ихтисослашуви асосида фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун фойдаланилиши кераклиги, шунингдек, ер участкаси асосий қишлоқ хўжалиги экинларининг қатор ораларига экиш ёки асосий ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини навбатлаб экиш йўли билан етиштириш учун ҳам фойдаланиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилган.

“Томорқа хўжалиги тўғрисида”ги қонунда томорқа хўжалигида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш (қайта ишлаш) бўйича шахсий меҳнати билан иштирок этишга асосланган фаолиятни мустақил равишда амалга оширувчи шахс ўзини ўзи банд қилган шахс мақомини олиши мумкинлиги, томорқа хўжалигини юритиш учун ажратилган шахсий томорқа ер участкасида етиштирилган (қайта ишланган) қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари хусусий мулк ҳисобланиши белгилаб қўйилган. Семинар давомида мазкур қонунларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, ҳар бир маҳаллада қонунлар тарғиботини олиб бориш бунда депутат ва маҳалла фаолларини ҳам кенг жалб қилиш лозимлиги алоҳида эътироф этилди.

Шовот туманида ҳам мазкур қонунларнинг мазмун-моҳиятини тарғиб қилишга қаратилган семинар бўлиб ўтди.

Шуҳрат Атажанов,

O'zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши раисининг

биринчи ўринбосари, аппарат раҳбари

  • Кўрилди
    680
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+