Одамларда “менинг қишлоғим”, “менинг маҳаллам” каби чинакам ватанпарварлик туйғуларни уйғотиш дастурнинг энг муҳим мезонидир

06.04.2021, 19:07

Одамларда “менинг қишлоғим”, “менинг  маҳаллам”  каби чинакам ватанпарварлик туйғуларни уйғотиш дастурнинг энг муҳим мезонидир

Мен нега бундай деяпман? Нега Президентимиз томонидан жорий йилнинг 2 апрелида имзоланган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури мезонларини белгилашда аҳоли ва тадбиркорларда ўзлари истиқомат қилаётган қишлоқ ёки маҳалла  ҳудудини биргаликда ободонлаштириш юзасидан ташаббусларнинг мавжудлигига эътибор қаратилди? Бунинг асосий сабаби – энг аввало қишлоқ ва маҳаллаларни кўркам ва обод қилиш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни одамларнинг ўзлари, айниқса шу ерда яшовчи тадбиркорлар чуқур ҳис қилиши лозим. Шундай улкан бунёдкорлик ишлари кетаётганига аҳолининг дахлдорлик ҳиссини оширмасдан туриб, уларнинг қўллаб-қувватлашини таъминламасдан туриб, катта муваффақиятларга эришиш жуда мушкул.

Тўғри, Президентнинг мазкур қарорида дастурни амалга оширишда белгиланган мезонларда қишлоқ ва маҳаллаларнинг олис ва табиий-иқлим шароити оғир ҳудудларда жойлашганлиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига аҳоли томонидан йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектлари бўйича келиб тушган мурожаатлар сони ҳамда “Туризм маҳалласи”, “Туризм қишлоғи” ёки “Туризм овули” мақомига эгалигига эътибор қаратилиши инобатга олинган. Аммо аҳолининг ташаббуслари, тадбиркорларнинг куюнчаклиги, ўзи яшаб турган масканнинг ободлиги ва гўзаллигидан ғурурланиши, фахр ҳисларини туйиши бу энг олижаноб туйғу.

Биз қачонки, аҳолида ана шу туйғуни шакллантира олсак, улар қалбида ватанпарварлик ҳисси юксалади ва бу ўз-ўзидан амалга оширилаётган лойиҳаларда уларнинг иштироки, назорати ва ҳиссаси юзага келади. Одамларнинг қўллаб-қувватлови ва ташаббуслари Президент қарори билан мустаҳкамлаб қўйилиши эса уларнинг бир чеккада қўл қовуштириб ўтириши, “буни давлат қилаяпти, ўзлари қилиб беради” деган боқимандалик кайфиятидан халос бўлишда муҳим аҳамият касб этади.

Қарорда ҳар бир қишлоқни (маҳаллани) ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тегишли қишлоқдаги (маҳалладаги) мавжуд имкониятлар, аҳолининг узоқ йиллар давомида шаклланган салоҳияти, тадбиркорлик муҳити ва “ўсиш нуқталари” инобатга олинган ҳолда белгиланиши ҳам юқоридаги фикрларимизнинг мантиқий давоми десак, сира муболаға бўлмайди. Эндиликда қишлоқларда (маҳаллаларда) амалга ошириладиган қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини ҳамда уларни молиялаштириш учун талаб этиладиган маблағларни туман (шаҳар) ҳокимликлари маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари билан биргаликда тегишли туман (шаҳар) халқ депутатлари Кенгашларида ҳимоя қилиши эса одамлар дилидаги гап бўлди.

Аминманки, Президентимизнинг мазкур қарори “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга оширишда илгари йўл қўйилган камчилик ва муаммоларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этади. Муҳими шуки, бу дастур давлатники ёки тегишли ташкилотларники каби фикрларни йиғиштириб қўйиб, ҳар биримиз унга дахлдорлигимизни, жонажон юртимиз тараққиёти ва равнақига хизмат қилиш фарзандлик бурчимиз эканини ҳис қилган ҳолда ҳаракат қилайлик.

Ҳазратқул ХЎЖАМҚУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    113
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+