Томорқа хўжалиги тадбиркорлик фаолияти ҳисобланмайди ва давлат рўйхатидан ўтказиш талаб этилмайди

07.04.2021, 19:28

Томорқа хўжалиги тадбиркорлик фаолияти ҳисобланмайди ва давлат рўйхатидан ўтказиш талаб этилмайди

Ҳуқуқий демократик жамият барпо этиш йўлидан кетар эканмиз, ҳар бир ҳаракатимиз ва фаолиятимиз қонунларга асосланган бўлиши лозим. Шу маънода Президентимиз томонидан 2021 йил 1 апрелда имзоланган  “Томорқа хўжалиги тўғрисида”ги Қонунда томорқа хўжаликларининг ҳуқуқий мақомининг белгиланиши ҳам ана шу саъй-ҳаракатларимизнинг мантиқий давомидир.

Хўш, бугун томорқа хўжаликлари ва шахсий томорқа ер участкаларидан фойдаланиш учун қонунга зарурият бор эдими, деган савол туғилиши табиий. Албатта, мамлакатимизда ҳар қарич ердан, хусусан томорқалардан  унумли файдаланиб, уни даромад манбаига айлантиришни даврнинг ўзи тақазо этмоқда. Қонунинг қабул қилиниши эса аҳолининг томорқалардан фойдаланишда ҳуқуқий асос яратади. Бинобарин, ҳар соҳада ҳуқуқий асоснинг мавжудлиги ҳуқуқий демократик жамиятнинг негизини ташкил этади.

Қонунга кўра, томорқа хўжалиги шахсий томорқа ер участкаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳам эркин савдо учун, ҳам оила эҳтиёжлари учун етиштириш (қайта ишлаш) билан боғлиқ меҳнат фаолияти ҳисобланади. Бунда томорқа хўжалиги тадбиркорлик фаолиятига киритилмайди ва уни давлат рўйхатидан ўтказиш талаб этилмайди. Албатта, бу аҳоли учун катта имконият ва имтиёздир.

Қонунда шахсий томорқа ер участкаларидан томорқа хўжалигини юритиш учун фойдаланувчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳам белгилаб қўйилган. Хусусан, улар томорқа хўжаликларини эркин ва мустақил равишда бошқариш, шу жумладан етиштирилган ҳамда мустақил тарзда қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини эркин реализация қилиш, мустақил равишда нарх белгилаш ва олинган даромадларни тасарруф этиш ҳуқуқига эгалар.

Шунингдек, Қонунда Вазирлар Маҳкамасининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг томорқа хўжаликларини юритишни ташкил этиш ва уларни ривожлантириш соҳасидаги ваколатлари белгиланди. Томорқа хўжаликларининг ҳисоби фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан томорқа хўжаликларини ҳисобга олиш реестрини шакллантириш орқали юритилади. Унда шахсий томорқа хўжалиги эгаси, шахсий томорқа ер участкасининг майдони, қишлоқ хўжалиги ҳайвонларининг, асалариларнинг, паррандаларнинг ва ипак қурти қутиларининг сони тўғрисидаги, шунингдек қишлоқ хўжалиги техникасининг, ускуналарининг, транспорт воситаларининг сони тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилади.

Бир сўз билан айтганда, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда томорқа учун ажратилган ерлардан унумли фойдаланишда ва уни аҳолининг даромад манбаига айлантиришда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир.

  Барно Мирзамова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

аграр ва сув хўжалиги

масалалари қўмитаси аъзоси

  • Кўрилди
    789
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+