Яроқлилик муддати ўтиб кетган маҳсулот болаларимиз ҳаётига жиддий хавф солишини айрим тадбиркорлар билмайдими?

08.04.2021, 18:24

Яроқлилик муддати ўтиб кетган маҳсулот болаларимиз ҳаётига жиддий хавф солишини айрим тадбиркорлар билмайдими?

2019 йил 16 декабрда Президентимиз томонидан “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги қонун имзоланган. Қонун билан мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, шунингдек, мактабгача таълим ва тарбия олишга доир давлат кафолатлари аниқ белгилаб қўйилган.

Хусусан, давлат ҳар бир боланинг соғлом овқатланишини ва хавфсизлигини ташкил этишга доир мажбурий талаблар мажмуи учун жавобгарлигини белгилайди. Хўш, мактабгача таълим ташкилотлари қонун талабларидан келиб чиқиб болажонларимизнинг соғлом овқатланишини ва хавфсизлигини ташкил этишга доир мажбурий талабларни бирдек уддалаяптиларми?

Гувоҳ бўлганимиз оддий ҳақиқатни эътиборингизга ҳавола этиш билан айрим басир кўзларни очиш умидидамиз. Фарзандим Хўжаобод туманидаги Мактабгача таълим бўлимига қарашли 14-мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчиси. Ҳар куни уни боғчага олиб бориш асносида турли воқеликларга дуч келаман.  Ўша куни тасодифан мазкур боғчага олиб кирилаётган қиём маҳсулотларига гувоҳ бўлдим. Ота сифатида маҳсулотнинг  сифатига қизиқдим. Қизиқишим яхши бўлган экан! Лоқайд мактабгача таълим мутасаддилари томонидан тарбияланувчилар учун олиб келинган 2000 (икки минг)дона банкалардаги қиём маҳсулотларининг яроқлилик муддати аллақачон ўтиб кетганлигини кўриб, очиғи, жаҳлдан титраб кетдим. Биз кимларнинг қўлига фарзандларимизни ишониб топширяпмиз? Қаерда қолди инсоф? Қани эътибор?

Ташкилотнинг кир ювиш хонасига туширилган ушбу маҳсулотлар истеъмоли болаларимиз ҳаётига хавф туғдирмаслигига ким кафолат беради? Тасодифан бу ҳолатга гувоҳ бўлмаганимда, эҳтимол, тарбияланувчилар саломатлиги аросат йўлда қолиб кетаверармиди?

Шу вақтнинг ўзидаёқ Халқ депутатлари Хўжаобод туман Кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари билан биргаликда мазкур ҳолат бўйича ўрганиш ишларини олиб бордик. Маълум бўлишича, ушбу маҳсулотлар Булоқбоши туманидаги “Бекмурод савдо келажаги” масъулияти чекланган жамиятида тайёрланган ва худди шу истеъмолга яроқсиз ҳолатда 9 та боғчага тарқатилган.

Тегишли хужжатлар тайёрлаб вазиятга қонуний баҳо бериш учун туман СЭОМ мутахасиссисларига депутатлик сўрови билан мурожаат қилдик. Мутасадди ташкилот мазкур депутатлик сўрови юзасидан йўллаган жавоб хатида ҳам қизиқ ҳолатга дуч келдик. Яъни, мутасадди мазкур иддаолар тўғрилигини тасдиқлаб, (ажабланарлиси!)қиём маҳсулотини таъминотчига қайтарилганлиги юзасидан ахборот берган. Қизиқ, билишимизча, бундай ҳолатда истеъмолга яроқсиз топилган маҳсулотлар “йўқотилиб” юборилмайдими? Яна ишлаб чиқарувчига қайтарилишидан муддао не?

Бундай ҳолатларга кўз кўникиб, дил ўрганиши қачонгача давом этади? Келажагимиз эгаларига эътибор шу бўлса, эртага кимдан қай даражадаги ёруғликларни кутамиз?

Дилшодбек АЛМАТОВ,

Халқ депутатлари Хўжаобод туман кенгаши депутати.

Зилола РАҲМОНОВА, журналист

  • Кўрилди
    601
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+