Обод маҳалла ва қишлоқларда яшовчи одамларнинг қалби ҳам обод бўлади

09.04.2021, 15:18

Обод маҳалла ва қишлоқларда яшовчи одамларнинг қалби ҳам обод бўлади

Обод маҳалла ва қишлоқ одамларининг қалби обод, маданияти юксак бўлиши бежиз эмас. Чунки покизалик ва озодалик қалбларга нур улашиб, инсон руҳиятини кўтаради, унинг соғлом бўлишни таъминлайди. Сўнгги йилларда мамлакатимиз бўйлаб кенг кўламда олиб борилаётган ободончилик юмушлари республикамиз бўйлаб жадал тусда олиб борилаётгани эътиборга молик.

Президентимизнинг 2018 йилдаги фармонлари билан қабул қилинган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 5 миллионга яқин юртдошимиз яшайдиган 1 минг 200 та маҳалла ва қишлоқдаги шароитлар яхшиланди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ўтган тўрт йилда 140 мингта уй-жой барпо этилди.  Ушбу дастурлар асосида мамлакатимиз бўйлаб минглаб, кўплаб иморатлар қайта қурилгани нафақат шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасини, балки, юртдошларимизнинг  кўнгилларини ҳам обод қилаётир.  

Лекин ўтган йили коронавирус пандемияси туфайли бу борадаги ишлар вақтинча тўхтаб қолган эди. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида жорий йилда амалга ошириладиган ишлар муҳокамаси юзасидан шу йил 24 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз бу масалага алоҳида тўхталиб, бу йил мазкур дастурлар доирасидаги ишларга жами 21 триллион сўм йўналтирилишини таъкидлади.

Англашиладики, энди кўп йиллардан буён аҳолини ўйлантириб келаётган

электр, табиий газ, ичимлик суви таъминоти, тор ва қинғир-қийшиқ кўчаларни кенгайтириб, асфальт ва шағал ётқизиш каби ишлар тез орада ечим топади. Аҳоли яшаш хонадонларининг кўркам қиёфа кашф этиши, фаровон турмуш учун барча қулайликларнинг яратилиши фуқароларимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада оширади.

Мамлакатимиз раҳбарининг “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эса ҳудудларнинг йўл-транспорт инфратузилмаси, ижтимоий соҳа объектларини ривожлантириш ва шу асосда аҳолининг фаровонлиги ҳамда турмуш даражасини янада юксалтиришга қаратилган муҳим ҳуқиқий асос бўлди.

Бугун ушбу ҳужжатни ўқиган миллионлаб юртдошларимиз, айниқса, ёшлар давлатимиз раҳбарининг ғамхўрлигидан суюниб, катта-катта орзу-умидлар билан яшамоқда. Зеро, мазкур қарор кўп йиллардан буён ижарама-ижара яшаб, бунинг азобини бошидан ўтказган, ўзининг бошпанаси бўлишини орзу қилган оилаларнинг кўнглини тоғдек кўтарди. Ҳозир  улар халқ учун қайғурган давлатимиз раҳбарига чин дилдан раҳматлар айтмоқда.

Айни дамда инсонларнинг муносиб ҳаёт кечиришига, оилаларнинг турмуш фаровонлигини оширишга кўмаклашишдек эзгу ниятга йўғрилган бундай амалий ишлар мамлакатимиз бўйлаб кенг қулоч ёяётгани диққатга сазовордир. Айниқса, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, электр таъминотини, жумладан, трансформаторлар ва нимстанциялар ҳолатини яхшилаш, аҳолига газ ёқилғиси узлуксиз етказиб берилишини ташкил этиш, ички автомобиль йўллари, пиёдалар йўлаклари, транспорт тўхташ бекатлари ва бошқа йўл инфратузилмасини қуриш, реконструкция қилиш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилиши минг-минглаб фуқароларимизнинг дилидаги гап бўлди. 

Эндиликда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари шу каби ишлар билан биргаликда, ижтимоий соҳа объектлари, жумладан, мактабгача таълим ташкилотлари, умумий ўрта таълим мактаблари, соғлиқни сақлаш муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш билан боғлиқ тадбирларни амалга оширади.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, дастурлар доирасида ижтимоий соҳа, ичимлик суви таъминоти, оқова сув тизими ҳамда йўл-транспорт инфратузилмаси объектлари учун ажратиладиган маблағлар тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” жамғармалари орқали молиялаштирилади.

Аҳоли сонининг муттасил ортиб бориши, янги тураржой массивлари барпо этилиши сув қувурлари, насос станциялари, тақсимлаш узеллари ва водопровод тармоқларини модернизациялаш ва илдам ривожлантиришга йўналтирилган кафолатланган сув таъминоти тизимини тубдан яхшилаш бўйича амалий чоралар кўрилишини тақозо этмоқда. Демак, аҳолининг кенг қатламлари яшаши учун, айниқса, қишлоқ жойларда, шинам ва қулай ижтимоий-маиший шарт-шароитлар яратиш, истеъмолчилар учун ҳамма жойда сифатли ичимлик суви етказиб берилишига эришиш зарур.

Қарорда бу борада юзага келаётган муаммоларнинг ечими аниқ кўрсатиб ўтилди. Хусусан, дастурлар доирасида амалга ошириладиган қурилиш-таъмирлаш ишлари бўйича буюртмачилар этиб: ичимлик суви таъминоти объектлари бўйича – “Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси” унитар корхонаси, соҳадаги ижтимоий шериклик лойиҳалари бўйича – Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, ички автомобиль йўллари  бўйича – Автомобиль йўллари қўмитаси ҳузуридаги “Минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” давлат унитар корхонаси, Тошкент шаҳри кўчалари бўйича – Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси масъул этиб белгиланди.

Электр энергияси, табиий газ ва алоқа тармоқлари бўйича – тегишинча “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ, телекоммуникация операторлари ва провайдерлари ҳудудий филиаллари, ижтимоий соҳа объектлари ва марказлашган маблағлар ҳисобидан амалга ошириладиган бошқа объектлар бўйича – Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниялари ҳамда вазирлик ва идоралар ҳузуридаги буюртмачи ташкилотлар белгиланди.

Мамлакатимизда камбағалликни камайтириш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Камбағалликни келтириб чиқарувчи омиллардан бири бу — ишсизлик бўлса, иккинчиси уй-жой йўқлигидир. Агар ҳар бир инсон доимий иш жойига эга бўлса, уларнинг бошпанаси бўлса, ўзи ҳаракат қилиб, ҳам оиласи даромадига, ҳам жамият ривожига ҳисса қўшади. Бу борада жорий йилда ипотека кредити бўйича 6 ойлик имтиёзли давр киритилаётгани, шаҳарларда кредит олиш учун дастлабки бадал миқдори 20 фоиздан 15 фоизга туширилаётгани, шак-шубҳасиз, Ўзбекистонда аҳолини замонавий уй-жойлар билан таъминлаш масаласи доим давлатимизнинг эътиборида бўлишидан дарак беради.

Хулоса ўрнида айтганда, бугун юртдошларимиз кўзида қувонч, қалбида шижоат, келажакка ишонч билан яшамоқда. Бир неча йил аввал улар замонавий уй-жойларда яшашни орзу қилган бўлса, энди бу орзулар ушалади. Зотан, қарорда назарда тутилган кенг қамровли ишлар аҳолини сифатли уй-жой билан таъминлашга, одамларнинг кўп йиллик орзуларини рўёбга чиқаришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Абдулла Рўзметов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    497
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+