Соҳибқирон Амир Темур — адолатли ҳукмдор ва юксак маънавият эгаси

09.04.2021, 15:20

Соҳибқирон Амир Темур — адолатли ҳукмдор ва юксак маънавият эгаси

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2018 йил 28 декабрда парламентга йўллаган Мурожаатномасида “Буюк аллома ва адибларимиз, азиз авлиёларимизнинг бебаҳо мероси, енгилмас саркарда ва арбобларимизнинг жасоратини ёшлар онгига сингдириш, уларда миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини кучайтишга алоҳида эътибор қаратишимиз керак” деб таъкидлаганди. Бу бежиз айтилмади, албатта.

Зеро, халқимиз, айниқса миллатнинг келажаги бўлган ёшлар буюк аждодлар тарихини қанчалар кўп ўрганса, уларнинг ҳаёти ва фаолиятидан ибрат ва сабоқ олиб яшаса, қалбида миллий ғурур ва ифтихор туйғулари жўш уриб, элу-юртга бўлган муҳаббати янада ортади.

Бу эзгу ишларни амалга оширишда эса, халқимиз тарихида ўтган кўплаб буюк сиймолар қаторида, Соҳибқирон Амир Темур қадриятини ўрганиш ҳам муҳим ижтимоий-сиёсий ва маънавий аҳамиятга эга.

Маълумки, Амир Темурнинг қандай шахс ва давлат арбоби бўлганлиги, ҳамда унинг ижтимоий-сиёсий қарашлари, салтанат тараққиёти йўлида амалга оширган ислоҳотлари борасида унинг замондошлари ҳам, кейинги давр олимлари ва сиёсатчилари ҳам ўз фикрларини баён  этганлар.

Энди ана шу фикрлар таҳлили билан яқиндан танишишни лозим деб топдик. Амир Темурнинг замондоши муарриҳ Ҳофизи Абру ёзишича: “...ҳазрат Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳумоюн ва саодатли айёмида Мовароуннаҳр ер юзи мамлакатларининг пойтахтига айланди. Жаҳоннинг турли жойларидан олиму фузалолар, муҳандислар ва ҳунармандлар бу ерга оқиб келиб, яшаб ижод эта бошлади”. Айтиб ўтиш жоизки, азалдан олиму фузалолар ва ҳунарманд одамлар (ижодкор ва бунёдкорлар ) ижод қилиш учун қаерда қулай шароит бўлса, шу томонга талпиниб яшаган.

Демоқчимизки, адолатли давлат бошқарувчиси бўлган, тинчлик ва осойишталик ҳукм сурган юртларда ижод қилган, бунёд қилган. Чунки, уруш, зулм, жаҳолат бор жойда на ижод бўлади на бунёдкорлик.

Шунингдек, Амир Темур давлатида эса, бошқа даврлардан фарқли ўлароқ барча табақаларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатлари инобатга олиниб, уларнинг ҳаёти учун зарур ижтимоий замин вужудга келтирилган. Ҳар бир тоифанинг, яъни у хоҳ олим, хоҳ наққош, хоҳ шоир бўладими уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, бурч ва мажбуриятлари ўзига хос қонун билан кафолатлаб қўйилган. Улар салтанат ғазнасидан моддий рағбатлантириб турилган.

Демак, Амир Темур давлатида, хусусан унинг пойтахти бўлмиш Самарқандда ижодкор инсонлар яшаши ва ижод қилиши учун барча моддий-маиший шароитлар яратилган эканки, жаҳоннинг турли жойларидан олиму фузалолар, муҳандислар ва ҳунармандлар бу ерга оқиб кела бошлаган.

Француз олими Лянглэ ҳам Амир Темурнинг илм маърифат алломаларига, соҳиби ҳунармандларга қанчалик ҳурмат билан муносабатда бўлганлиги тўғрисида шундай дейди: “Темур олимларга серилтифотли эди. Билимдонлиги билан бир қаторда софдиллигини кўрган кишиларга ишонч билдирарди. У тарихчилар, файласуфлар, шунингдек, илм-фан, идора ва бошқа ишларда истеъдодли бўлган барча кишилар билан суҳбатлашиш учун кўпинча тахтдан тушиб, уларнинг ёнига келарди. Негаки, Темур бу соҳаларга ғамхўрлик қилишга асосий эътиборини берарди”.

Бундан ташқари, Соҳибқирон давлат ва жамият бошқарувидаги фаолиятини илм аҳлининг  маънавий кўмагига таянган ҳолда олиб борган. У олиму-уламоларга юксак ишонч билдириб, қудратли давлат барпо этишда уларнинг беқиёс ўрни борлигини алоҳида таъкидлаб ўтган. Амир Темур ҳазратлари қайси мамлакатни фатҳ этса, шу ерлик ижодкор аҳлини излаб топдириб, уларни ҳам моддий, ҳам маънавий томондан қўллаб- қувватлаган. Иззат- ҳурматини ўз ўрнига қўйган. “Темур тузуклари”да бу борада шундай дейилади: “Саййидлар, уламо, машойих, оқил ва доно кишилар, муҳаддислар ва тарихшуносларни сара ва эътиборли кишилар деб ҳисоблаб, ҳурмат-иззатларини ўрнига қўйдим... Олимлар билан суҳбатда бўлдим ва пок ниятли, тоза қалбли кишиларга талпиниб яшадим”.

Дархакикат, биз яшаган замин Соҳибқирон Амир Темур даврида ҳам, бугунги кунда ҳам ҳам кўпчиликнинг ҳавасини келтираётгани рост. Энг асосийси, раият деб аталмиш халқ рози бўлган. Шунинг учун ҳам Амир  Темур ҳукмронлиги даврида халқ тинч, осойишта ва фаровон турмуш кечирган.

Хўш, халқ учун, инсон учун  бундан ортиқ бахт борми дунёда?

Шунинг учун ҳам унинг тасарруфида бўлган бирор-бир мамлакатда Соҳибқирон сиёсатига қарши раият томонидан норозилик ҳаракати бўлмаган. Биз тарихий манбаларга мурожаат қилиб, ҳеч қанақа маълумот ололмадик.

Бу нимадан далолат беради?

Бу Соҳибқироннинг доимо халқ ғамида, унинг манфаати йўлида фаолият юргизганлигидан, раият аҳволидан доимо хабардор бўлганидан далолат беради.

“Темур тузуклари”да ёзилганидек: “Раият аҳволидан огоҳ бўлдим. Улуғларини ота қаторида, кичикларини фарзанд ўрнида кўрдим. Ҳар ернинг табиати, ҳар эл-юрт ва шаҳарнинг расму одатлари ва мизожидан воқиф бўлиб турдим. Ҳар бир юрт ва шаҳар аҳолисининг улуғлари билан дўст тутиндим. Уларнинг мизожлари ва табиатига тўғри келган, ўзлари тилаган одамларини уларга ҳоким қилиб тайинладим.”

Маълумки, саховатпешалик, меҳр-мурувватлилик, фуқаронинг турмуши ва ҳол аҳволидан хабардор бўлиш фақат буюк давлат арбобларига хос бўлган фазилатдир. Амир Темур ҳазратларига хос бўлган ушбу фазилат бугунги кунда мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган сиёсатда ўз аксини топмокда.

Дарҳақиқат, давлат раҳбари ёрдам ва кўмакка муҳтож инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик, ижтимоий ҳаётда меҳр-мурувват, саховат ва ўзаро ёрдам масалаларига алоҳида аҳамият бериб келмоқда.

Албатта, амалга оширилаётган бу эзгу ишларнинг пировард мақсади халқни рози қилишга, унинг оғирини енгил қилишга қаратилган. Буни қуйидаги сўзлардан ҳам англаб олиш мумкин: “Ҳаммамизни тарбиялаган, вояга етказган – шу халқ. Барчамизга туз-насиба берган ҳам шу халқ. Бизга ишонч билдирган, раҳбар қилиб сайлаган ҳам шу халқ. Шундай экан, биз биринчи навбатда ким билан мулоқот қилишимиз керак, одамларимиз билан. Ким билан бамаслаҳат иш тутишимиз керак, аввало халқимиз билан. Шунда халқимиз биздан рози бўлади. Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади. Халқ биздан рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади”.

Хулоса қилиб айтганда, Соҳибқирон Амир Темур ҳазратлари миллий давлатчилигимиз тарихида нафақат етти иқлим султони сифатида, балки юрт ободончилиги ва ҳалқ фаровонлиги йўлида бор куч-ғайратини сафарбар этган буюк давлат арбоби сифатида қолади.

Шаҳноза ХОЛМАХАМАТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    657
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+