Бош мақсад – тадбиркорлар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, бизнес вакиллари билан елкама-елка ишлаш

10.04.2021, 23:18

Бош мақсад – тадбиркорлар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, бизнес вакиллари билан елкама-елка ишлаш

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали фаолият кўрсатишлари учун зарур шароитлар яратиш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан биридир. Зеро, тадбиркор нафақат ўзини ва оиласини, балки халқни ҳам, давлатни ҳам боқади, янги иш ўринлари ташкил этиб, аҳоли бандлигини таъминлайди.

Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган катта эътибор, бизнес субъектларига берилаётган имтиёз ва енгилликлар сабабли бу тармоқ ўзининг иқтисодиётимиздаги ўта муҳим ва салмоқли ҳиссаси билан давлатимиз ва жамиятимиз тараққиётида тобора муҳим ўрин эгалламоқда. Ушбу соҳада ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар натижасида минглаб оилаларга барака киряпти, юз минглаб янги иш ўринлари яратиляпти.

Тадбиркорликни ривожлантириш ва жорий йилда аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси бўйича устувор вазифалар муҳокамасига бағишлаб 8 апрель ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари бу масалага алоҳида тўхталиб, энди тадбиркорликни ривожлантириш бўйича жуда қаттиқ назорат ўрнатилишини билдирди.

Бу бежиз эмас, албатта. Чунки тадбиркор бола-чақасидан қийиб, тўплаган мол-мулки, пулини янги иш очишга сарфлайди. Яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиб, кеча-кундуз жонини бериб ишлайди, нафақат ўзини, оиласини, балки эл-юртини ҳам боқади. Тадбиркорлик ривожланса, жамиятда ўзгариш, ривожланиш бўлади, одамлар ҳаётдан кўнгли тўлиб, руҳи кўтарилиб, янги-янги марраларга интилади.

2020 йилда кичик бизнес субъектларига 120 триллион сўмлик кредит ва молиявий ёрдамлар ажратилиши натижасида пандемиядан зарар кўрган 104 мингдан ортиқ корхона фаолияти тикланиб, хусусий корхоналар пул айланмаси ўтган йилга нисбатан 33 фоизга, тадбиркорлик учун ажратилган кредитлар эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13 фоизга ўсди.

Лекин берилган имкониятлар, яратилган шарт-шароитларга қарамай вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари бу масалага жиддий эътибор қаратмаяпти. Йиғилишда бу борада аниқ вазифалар белгилаб берилиб, ер, инфратузилма, кредит каби энг муҳим масалаларни ҳал этиш тизимини йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берилди. Бундан буён туман ва шаҳар ҳокимлари сектор раҳбарлари кичик тадбиркорлар билан кунига 3 марта ўз секторида учрашиши жойларда тўпланиб қолган қатор муаммоларни ижобий ҳал этишда яхши самара беради.

Бугун Ўзбекистонда маҳалла тизимига бўлган эътибор тубдан ўзгарди. Бу эса аҳоли билан бевосита ишлашнинг энг самарали ва анъанавий механизмидир. Маҳаллабай ишлаш тизими мураккаб жараён бўлишига қарамасдан, унда ҳар бир инсоннинг дардини тинглаш, унинг қисматини тубдан ўзгартириш, жамият тараққиётини иқтисодий ўсишлар билангина эмас, балки аҳолининг ўз ҳаётидан мамнунлиги билан ўлчаш каби мезонлар мавжуд.

Йиғилишда “маҳаллабай” ишлаш доирасида банклар томонидан тадбиркорлик ривожланмагани боис “қизил” ҳудуд деб белгиланган 858 та маҳаллада “ўсиш нуқталари”ни аниқлаб, улар бўйича “Йўл харита”лари тасдиқлангани айтилдики, бу маҳалладаги мавжуд муаммолар ва аҳолининг кундалик масалаларини ҳал этишга ташланган дадил қадамдир.

Президентимиз “темир дафтар”, “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари”га кирган аҳоли бандлигини таъминлаш учун ўзи яшайдиган маҳаллада шароит яратиб бериш зарурлигини таъкидларкан, масъулиятни икки карра кўпайтирмасак, “дафтарлар” ёпилмай қолишини билдирди. Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига 1,5 мингта маҳаллага хусусий шериклик асосида бино қуриб бериш бўйича ташаббускорларни аниқлаб, лойиҳаларни бошлаш бўйича топшириқлар берилди.

Кўп қаватли уйларнинг ертўласини хатловдан ўтказиб, тикувчилик, маиший техника, пойабзал таъмирлаш ва компьютер хизматлари каби фаолият турлари учун ажратиб беришни бошлаш, бунинг учун ҳукумат ертўлалардан фойдаланишдаги чекловларни қисқартириш бўйича қарор қабул қилиши айтилдики, бу мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар фақат аҳоли бандлигини таъминлаш, ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар учун янги иш ўринлари яратишга қаратилганини амалда тўлиқ намоён этди.

Жорий йилда саноат зоналарини инфратузилма билан таъминлашга 2 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилиши, йил якунига қадар 168 та мавжуд ва янги саноат зонасини 468 километр электр, 362 километр газ, 405 километр сув ва 104 километр йўл билан таъминланиши ҳам бизнес вакиллари учун катта рағбат ва имконият бўлди. Чунки тадбиркорларда энергия таъминоти ва бошқа инфратузилма билан боғлиқ муаммолар бўлмаслиги керак. Инфратузилмадаги муаммолар туфайли республика бўйича 320 та тадбиркор сўнгги 2 йилда импорт қилган 220 миллион долларлик асбоб-ускуналарини ишга тушира олмаган. Шу боис, жорий йилда тадбиркорларнинг электр энергияси билан боғлиқ муаммоларини ҳал қилиш учун 560 миллиард, муаммоси мавжуд саноат зоналарини аниқлаб, уларда электр таъминотини яхшилашга қўшимча 300 миллиард сўм ссуда ажратилиши белгиланди.

Йиғилишда Экспортни рағбатлантириш агентлигининг 1 триллион сўми ҳисобидан банкларга узоқ муддатли ресурс ажратиб, экспортёрларга айланма маблағ учун “револьвер” кредитлар беришни бошлаш, тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча механизмларини кенгайтириш юзасидан ҳам кўрсатмалар берилгани одамларни тадбиркор қилиш, камбағалликни қисқартиришга қаратилаётган юксак эътиборнинг ёрқин ифодаси бўлди.

Тадбиркорлик учун ер ва бинолар ажратиш масаласи муҳокама қилинаркан, аҳоли бандлигини таъминлаш учун уларга ўзи яшайдиган маҳаллада шароит яратиб бериш, жумладан, маҳалла идоралари биносида тадбиркорлик лойиҳаларини ишга тушириш ёки хусусий шериклик асосида бино қуриб, биргаликда фойдаланиш мумкинлиги, замонавий конструкциялардан кўчма шохобчалар қуриш ҳам қулай ва арзонлиги таъкидланди. Бу борада мутасадди ташкилотларга енгил конструкцияли савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этиш, уларни аукцион орқали жойлаштириш тартибини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Тадбиркорларни қўллаб-қувватлашни кенгайтириш мақсадида уч йил давомида солиқларни ўз вақтида тўлаган интизомли тадбиркорларга солиқларнинг 50 фоизини бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқини бериш тартиби ишлаб чиқилиши эса давлатимиз ҳеч бир тадбиркорни ўз муаммоси билан ёлғиз қолдирмаслигини яққол тасдиғидир.

Тадбиркорлик ривожи бандлик масаласи билан боғлиқ. Шу сабабли жорий йилда бандлик дастури асосида 457 мингта доимий янги иш ўрни ташкил этиш мақсад қилинган. Хусусан, кичик ва ўрта бизнес корхоналари ҳамда янги якка тадбиркорлар фаолиятини ташкил этиш ҳисобига 210 мингта, тармоқ ва ҳудудий инвестиция лойиҳалари ҳисобига 248 мингта янги иш ўрни очиш мўлжалланган. Бундай эзгу мақсадлар учун 92 миллиард сўм субсидия ажратилиши эса 40 минг нафар ишсиз фуқароларни ишли бўлишига замин яратади.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси бу ташаббусларни тўла қўллаб-қувватлаган ҳолда оилавий тадбиркорлик, касаначилик, томорқа хўжалиги ва хусусий бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳисобига аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда фуқаролар оилавий бюджети даромадларини оширишга алоҳида эътибор қаратади. Мавжуд муаммоларни ўрганиш, тадбиркорлик ривожига халақит бераётган тўсиқларни ўз вақтида бартараф этиш, юртимизда фаол тадбиркорлар сафини кенгайтиришга астойдил ҳаракат қилади.

Инчинун, бир томондан янги иш ўринларини яратиш, борасидаги саъй-ҳаракатлар билан ушбу қатлам нафақат ўз оиласи, балки жамият фаровонлигини таъминлашда асосий ролни ўйнаса, иккинчи томондан, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш орқали дунё бозорига чиқиш, инновацион ишлаб чиқариш, замонавий технологияларни жорий қилиш орқали Ўзбекистон иқтисодиётини инновацион йўлга, рақамли иқтисодиёт йўлига ўтишида ҳам айнан шу қатлам локомотив ролини ўйнайди.

Хулоса ўрнида айтганда, ҳар бир оиланинг бизнес билан шуғулланиши ва барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун ЎзЛиДеП ва унинг парламентдаги фракцияси бор куч ва салоҳиятини сафарбар этади. Жойларда тадбиркорлар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйган ҳолда, уларни қийнаётган масалаларни ҳал этади, уларга яқин дўст бўлиб, бизнес вакиллари билан елкама-елка ишлайди. Зотан, иқтисодий тараққиётни тадбиркорларнинг фаолиятисиз тасаввур этиб бўлмайди.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари

  • Кўрилди
    900
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+