Чекка ҳудудларда жойлашган ер участкаларининг бошланғич нархини 50 фоизгача чегирма билан сотувга қўйиш ваколати маҳаллий кенгашларга берилди

12.04.2021, 15:02

Чекка ҳудудларда жойлашган ер участкаларининг бошланғич нархини 50 фоизгача чегирма билан сотувга қўйиш ваколати маҳаллий кенгашларга берилди

Бугун мамлакатимизда тадбиркорлик иқтисодиётнинг устувор йўналиши эканлигини барча бирдек англаб улгурди. Шунинг учун ҳам мазкур йўналиш давлат томонидан қўллаб-қувватлаб келинмоқда. Масалан, ўтган даврга назар ташлайлик. 2020 йили кичик бизнес субъектларига жами 120 триллион сўмлик кредит ва молиявий ёрдамлар ажратилди. Натижада, оғир машаққатли ҳолатларга сабаб бўлган пандемиядан зарар кўрган 104 мингдан ортиқ корхона фаолияти тикланиб, хусусий корхоналар пул айланмаси ўтган йилга нисбатан 33 фоизга ўсди. Бу эса ўз-ўзидан аҳоли бандлигини таъминлаш борасида келиб чиқаётган муаммоларга том маънода ечимдир.

Президентимиз раислигида 8 апрель куни ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ютуқлар билан бир қаторда мавжуд камчиликларнинг рўйи рост айтилгани ҳам бу борада хали бажарилиши зарур бўлган тадбирлар кўплиги далолатидир.

Ўтган даврга назар ташласак. Жорий йилнинг биринчи чорагида 27 мингта янги тадбиркорлик субъектлари ташкил топган, шунингдек, тадбиркорлик учун ажратилган кредитлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13 фоизга ўсган. Бироқ давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бу имкониятлардан айрим ҳудуд ва сектор раҳбарлари ҳалигача тўлиқ фойдалана олмаяптилар.

Партиямизнинг асосий мақсадларидан бири, мамлакатимизда тадбиркорлар синфини кенгайтириш, уларни қўллаб-қувватлаш, муносиб шароит яратиш экан, бу мазкур йиғилишда қайд этилган ҳар бир ижобий ва танқидий фикрлардан хулоса қилишимиз, олдимизга масъулиятли вазифаларни қўйишимиз кераклигини англатади. Лекин, барибир юртбошимиз томонидан айтилганидек, қуйи поғонадаги раҳбарлар дунёқарашини ўзгартириб, тадбиркор билан дўст бўлиб ишламаса, катта натижаларга эришишимиз мушкуллигича қолаверади. Шунинг учун ҳам биз айни вақтда вилоят ҳокими ҳамда туман, шаҳар ҳокимлари, қуйи раҳбарлар билан яқин ҳамкорлик фаолиятларини йўлга қўйганмиз, уларнинг бевосита кўмаклари билан фаолиятимизни олиб борамиз, ишбилармонлик муҳитида ҳам уларнинг амалий ёрдамларини қадамда ҳис қиламиз.

Биз учрашувларда бир муаммога кўп дуч келамиз. Ўз тадбиркорлигини бошламоқчи бўлаётган фуқаролар ёки фаолиятини кенгайтириш истагидаги ишбилармонларимиз учун ер масаласи доим долзарб бўлади. Йиғилишда тадбиркорлик учун ер ва бинолар ажратиш масаласи ҳам муҳокама марказига қўйилганидан хурсанд бўлдик. Давлатимиз раҳбари аҳоли бандлигини таъминлаш учун уларга ўзи яшайдиган маҳаллада шароит яратиб бериш зарурлигини таъкидлади. Масалан, маҳалла идоралари биносида тадбиркорлик лойиҳаларини ишга тушириш ёки хусусий шериклик асосида бино қуриб, биргаликда фойдаланиш мумкин. Шунингдек, замонавий конструкциялардан кўчма шохобчалар қуриш ҳам қулай ва арзон. Мутасадди ташкилотларга эса енгил конструкцияли савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этиш, уларни аукцион орқали жойлаштириш тартибини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Албатта, чекка ҳудудлар ҳам бундай имкониятлардан четда қолмади. Хусусан, олис ва чекка ҳудудларда жойлашган ер участкаларининг бошланғич нархини 50 фоизгача чегирма билан сотувга қўйиш ваколатини маҳаллий кенгашларга бериш таклифи билдирилди. Бундан ташқари, унумдорлиги паст бўлган ва фойдаланилмаётган қишлоқ хўжалиги ерларида ҳам кичик саноат зоналари ташкил этиш мумкинлиги айтилди.

Хуршидахон ХАЛИЛОВА,

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши раиси,

халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    406
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+