Жорий йилда саноат зоналарини инфратузилма билан таъминлашга 2 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилади

12.04.2021, 18:48

Жорий йилда саноат зоналарини инфратузилма билан таъминлашга 2 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилади

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 8 апрель куни ўтказилган видеоселктор йиғилишида ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги устувор вазифалар атрофлича таҳлил қилинди. Албатта, тадбиркорлик давлат ва жамиятнинг устувор йўналиши экан, бу борадаги тадбирлар ҳамиша долзарблик касб этаверади. Мазкур йўналишнинг давлат томонидан доимий қўллаб-қувватланиб келинаётгани ҳам шундандир. Рақамларга мурожаат қилсак. Масалан,  ўтган йили кичик бизнес субъектларига жами 120 триллион сўмлик кредит ва молиявий ёрдамлар ажратилди. Натижада, пандемиядан зарар кўрган 104 мингдан ортиқ корхона фаолияти тикланиб, хусусий корхоналар пул айланмаси ўтган йилга нисбатан 33 фоизга ўсди.

Йиғилишнинг танқидий руҳда ўтгани соҳада хали еичимни кутиб ётган муаммолар мавжудлиги сақланиб қолаётганидан даракдир.

Айтиш жоизки, бизнес барқарорлиги учун инфратузилма сув ва ҳаводек зарур. Лекин жойларда ҳамон камчиликлар бор. Мисол учун, инфратузилмадаги муаммолар туфайли 320 та тадбиркор сўнгги 2 йилда импорт қилган 220 миллион долларлик асбоб-ускуналарини ишга тушира олмаяпти. Албатта, муаммонинг бир томони маблағ масаласига бориб тақалишини яхши биламиз. Давлатимиз раҳбари бу муаммонинг ечими сифатида саноат зоналарини инфратузилма билан таъминлашга жорий йилда 2 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилишини, бунинг эвазига йил якунига қадар 168 та саноат зонаси 468 километр электр энергияси, 362 километр газ, 405 километр сув ва 104 километр йўл билан таъминланишини қайд этдилар. Бу эса сайловчилар билан учрашувларда, мулоқотларда доимий дуч келадиган муаммоларимиз бир қадар камайшиши гаровидир.

Бир жиҳатни мамнуният билан доим таъкидлайман. Тадбиркорлик қанча ривожланса, ишбилармонларимиз сони қанча ортса, аҳолининг бандлик масаласи ҳам шунча ечим топаверади. Йиғилишда қайд этилганидек, жорий йилда бандлик дастури асосида 457 мингта доимий янги иш ўрни ташкил этиш мақсад қилинган. Хусусан, кичик ва ўрта бизнес корхоналари ҳамда янги якка тадбиркорлар фаолиятини ташкил этиш ҳисобига 210 мингта, тармоқ ва ҳудудий инвестиция лойиҳалари ҳисобига 248 мингта янги иш ўрни очиш мўлжалланган. Бундан ташқари, 40 минг нафар ишсизларга ўзини ўзи банд этиши учун 92 миллиард сўм субсидия ажратилиши белгиланган.

Ушбу имкониятларнинг барчаси мамлакатимизда тадбиркорлик тараққиётига хизмат қилади. Албатта, Президентимиз алоҳида таъкидлаганларидек, қуйи поғона раҳбарлар билан ҳамжиҳатликда иш ташкил қилинса, улар ҳам тадбиркорлар муаммолари ечимига камарбасталикни ҳар қадамда ҳис қилсалар, мавжуд камчиликлар бартараф этилишига эришилаверади.

Тоҳиржон АҲМАДАЛИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    415
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+