Ўзбекистон – Европа иттифоқи: ўзаро муносабатларнинг янги босқичи

14.04.2021, 12:12

Ўзбекистон – Европа иттифоқи: ўзаро муносабатларнинг янги босқичи

Ўзбекистонда Президентимиз раҳбарлигида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида қатор вазифалар, жумладан, ташқи савдони кенгайтириш масалалари ҳал этилмоқда.

O'zLiDeP умуммиллий сиёсий ташкилот сифатида ўрта қатлам, кичик бизнес вакиллари, тадбиркорлар ва фермерлар, умуман олганда, мулкдорлар синфи вакилларининг манфаатларини ифода этади ва ҳимоя қилади.

Сўнгги йилларда партия, унинг депутатлик корпуси ва фаоллари, давлатимиз раҳбарининг сайловолди дастури асосида ишлаб чиқилган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича  Ҳаракатлар стратегияси доирасида мақсадли ишларни амалга оширди. Ушбу Стратегия Ўзбекистонни дунёнинг “билимлар иқтисодиёти”, “инновацион ва рақамли иқтисодиёт”га эга ривожланган, рақобатбардош демократик давлатлар қаторига изчил кириб боришини таъминлайди.

Президентимиз Олий Мажлисга мурожаатномасида жорий йилда Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик масаласи ҳамда Европа Иттифоқи билан кенг қамровли ҳамкорлик бўйича ишларни фаоллаштириш лозимлигини айтиб, “GSP+” тизими доирасидаги имтиёзларни мамлакатимизда самарали қўллаш учун алоҳида дастур ишлаб чиқиш кераклигини таъкидлаган эди.

Жорий йилнинг апрель ойи бошларида давлатимиз раҳбарининг ушбу кўрматмаси амалий тадбиқ этилди, аниқроғи, Ўзбекистон «GSP+» умумий имтиёзлар тизимида бенефициар мақомини қўлга киритди. 10 апрелдан бошлаб эса Ўзбекистон учун Европа иттифоқининг барқарор ривожланиш ва самарали бошқарув (GSP+) бўйича махсус имтиёзлар тизими кучга кирди. Унда Ўзбекистон умумий имтиёзлар схемаси (GSP) доирасида бенефициар-мамлакат сифатида қабул қилинди. Ушбу қарор Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг янги ва муҳим босқичини очди, деб ҳисоблаймиз.

Биринчидан, мамлакатимиз табиркорлари ва ишбилармонларининг қизиқиши шундаки, бу Ўзбекистон ва Европа иттифоқи ўртасидаги мулоқот ва савдо шерикчилигини чуқурлаштириш имконини беради. Бенефициар-мамлакатдан чиққан, деб тан олинган товарларга нисбатан GSP+ доирасидаги тариф имтиёзлари тақдим этилади. Яъни, гап айнан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳақида боряпти. Бу эса, мамлакатимиз тадбиркорларининг туб манфаатларига жавоб беради.

Иккинчидан, Европа иттифоқининг Ўзбекистонда GSP+ бенефициар-мамлакат мақомини тақдим этиш тўғрисидаги қарори сармоядорлар ва хусусий сектор вакилларига Ўзбекистонда истиқболли лойиҳаларни амалга ошришлари учун кучли туртки беради ҳамда Ўзбекистон ва ЕИ мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни диверсификациялаш ва жадал ривожлантиришда мустаҳкам асос яратади.

Учинчидан, бу мамлакатимиз учун Европа иттифоқига божсиз етказиб бериладиган товарларни икки баробар ошириш ва уларни 6200 тагача етказиш имконини беради. Илгари Ўзбекистон aсосий имтиёзлар тизимидан фойдаланган. Унга кўра, божхона божларисиз 3000 та товар ва 3200 та позицияни арзон ставкалар бўйича ЕИ га экспорт қилар эди. GSP+ режими 66 фоиз тариф линиялари бўйича қўшимча тариф имтиёзлари тақдим этиш ва ЕИ бозорига божсиз кириш учун айни муддао бўлади. Бу келгусида ўзбек компаниялари ишлаб чиқарган маҳсулотларни ЕИ мамлакатларига экспорт қилиш ҳажмини икки баравар оширишга замин яратади.

Тўртинчидан, GSP+ схемаси матолар, кийим-кечак ва пластик идишлари каби бир қатор муҳим экспорт товарларига нисбатан тарифларни бекор қилишни назарда тутади. Бугунги кунда ЕИ Ўзбекистоннинг экспорт йўналишлари рўйхатида атиги еттинчи ўринни эгаллайди.

Бешинчидан, GSP+ имтиёзлар тизими Ўзбекистон учун COVID-19 пандемияси оқибатларидан қутулиш шароитларида қўшимча механизм сифатида муҳимдир. Бу деярли ярим миллиард аҳоли истиқомат қиладиган Европа бозорининг ҳажмини ҳисобга олганда, жуда зарур. GSP+ тизимига қўшилиш орқали мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари Европа бозорига нисбатан қулай шароитларда кириб борадилар ва яхши рақобат муҳитида фойдали ишлай оладилар.

Олтинчидан, GSP+ тизими Ўзбекистонга Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га қўшилиш бўйича ўз позицияларини яхшилаш имконини беради. Чунки бу ривожланиш, сиёсат, ижтимоий ҳаёт, савдо масалаларида ислоҳотларни жадаллаштиришни рағбатлантиради.

Шунингдек, GSP+ схемасининг фақат соф иқтисодий самарасидан ташқари, Ўзбекистон унга қўшилиш орқали инсон ҳуқуқлари ва меҳнат ҳуқуқлари, атроф-муҳит, иқлимни ҳимоя қилиш ва тегишли тарзда бошқариш бўйича 27 та асосий халқаро конвенцияни самарали бажариш мажбуриятлари доирасида фуқаролик жамиятини модернизация қилиш учун кучли туртки олади. Бунда GSP регламенти GSP+ соҳиблари мажбуриятлари устидан доимий мониторинг олиб боришни кўзда тутади. Яъни, O'zLiDeP фракциясининг фикрича, Ўзбекистон ҳукумати олиб бораётган ислоҳотлар самарадорлигини мустақил баҳолаш манбасига эга бўлади.

Умуман олганда, мамлакатимизнинг барқарор ривожланиш соҳасида GSP+ мажбуриятларининг қабул қилиши Ўзбекистоннинг ишончли ва узоқни кўра биладиган иқтисодий шерик сифатидаги позициясини янада мустаҳкамлайди. Бу ишбилармонлик муҳити, суд тизими, меҳнат шароитлари, маъмурий ҳисобдорлик ва самарадорликни яхшилаш учун ижтимоий-иқтисодий ва меҳнат соҳасидаги ислоҳотлар, изчил ижобий ривожланишни акс эттиради. Шу нуқтаи назардан, мамлакатлар парламентарийлари техник тартибга солиш бўйича миллий нормаларни ривожланган мамлакатлар талабларига мувофиқлаштириш бўйича ишларни жадалаштириши ва уларнинг самарадорлигини оширишлари лозим.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари

  • Кўрилди
    747
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+