Ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун қандай имтиёзлар бериляпти?

14.04.2021, 12:15

Ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун қандай имтиёзлар бериляпти?

Ҳар қандай давлатда ёшлар масалалари кун тартибидаги ва долзарблигини йўқотмайдиган масаладир. Ҳар қандай давлатда ёшлар билан ишлашни яхши йўлга қўйиш-миллат келажагини яхши йўлга қўйишдир. Президентимиз раҳбарлигида ёшлар масаласида йил бошидан буён иккинчи марта ўтказилган йиғилишда ёшларга оид бир қанча масалалар кўтарилди, ечими ҳам кўрсатиб ўтилди.

Ҳозирги кунда ёшларимизни қийнаб келаётган энг катта муаммо бу ишсизликдир. Йиғилишда ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш Сурхондарё вилоятида 30 фоизни (15 минг 500 нафар) ташкил этиб, бу республикадаги энг паст кўрсаткич эканлиги алоҳида қайд этиб ўтилди. Ўз-ўзидан маълумки, ишсизлик кўплаб салбий ходисаларга олиб келадиган асосий омилларнинг биридир. Бунинг ёрқин мисоли ёшлар билан етарли иш олиб борилмагани оқибатида, улар ўртасида жиноятчилик Сурхондарёда 70 фоизга ошганлигидир.

Жорий йилнинг январь ойида ўтказилган йиғилишда 2 та устувор йўналиш — ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича топшириқлар берилган эди. Ушбу топшириқлар йилнинг биринчи чорагида қандай амалга оширилди деган ўринли савол туғилади.

Таъкидлаш жоиз, республика бўйича 648 минг нафар ишсиз “Ёшлар дафтари”га киритилган. Йилнинг биринчи чорагида 283 минг ёшларнинг бандлиги таъминланган. Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун эса 36 минг қўшимча тўгараклар ташкил этилиб, унга 874 мингга яқин ёшлар жалб этилган. Уч ойда республика миқиёсида 21 минг нафар ёшлар тадбиркорликка ўқитилган. Йиғилишда юртбошимиз бажарилган ишлар ҳақида тўхталар экан, йўл қўйилган камчиликларни ҳам бирма-бир таъкидлаб ўтди.

Ёшларимиз учун бирқанча янги имтиёзлар ва енгилликлар ҳақида ҳам айтиб ўтди. Масалан, биринчи марта ишга кирган касб-ҳунар марказлари битирувчилари 6 ойгача даромад солиғидан озод этилиши, 1 июндан “Ёшлар дафтари”га кирган талабалар корхона ва компанияларда амалиёт ўтаганда уларга 500 минг сўмгача субсидия ажратиш, 1 майдан бошлаб ёшларга тадбиркорлик фаолиятига керакли асбоб-ускуналарни харид қилиш учун 10 миллион сўмгача субсидиялар берилиши, “Ёшлар дафтари” даги ёшлар учун бир ойлик армия харажатларининг қоплаб берилиши, ижарада яшовчи талабалар учун туловларнинг ярми давлат томонидан қоплаб берилиши, ижарага бино олиб, ўз бизнесини бошлаётган ёшларга, бир йиллик ижарасининг 30 фоизгача қисми қоплаб берилади.

Шунингдек йиғилишда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга эътибор қаратилиб, бу борада кўпчилик эътибор ҳам қаратмай қўйиган “Баркамол авлод” болалар марказига тўхталиб ўтилди. Республикадаги мавжуд 215 та ана шундай марказларнинг имкониятларидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш керак. Бугунги кунда “Баркамол авлод” болалар марказлари бор-йўғи 175 минг нафар яъни 3 фоиз ёшларни қамраб олган. Йиғилишда мазкур марказлар ишини самарали ташкил этиш учун вилоят, туман, шаҳар ҳокимларига ўн кун муддатда бажарилиши лозим бўлган зарур топшириқлар берилди. Шу ўринда ёшларни таълим муассасаларининг спорт заллари, спорт майдонларида тўгарак ва мусобақаларга жалб этиш зарурлиги айтиб ўтилди. “Шу мақсадда, ёшларни спорт, маданият, санъатга қизиқтириш учун конкурс ва мусобақалар кўпайтирилади”, деди двлатимиз раҳбари.

Қисқаси, Президентимиз иштирокида ёшларнинг бандлиги ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилиши ёшларимиз ҳаётига янги бир бурилиш, янги ўзгариш олиб киради деб айтоламиз.

 

Акшагул ТУЛЕГЕНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    701
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Aytboyev Azizbek2022-02-01 00:33:05

Assalom aleykum. Savolim shundan iboratki men qishlogʻimizdagi tashlandiq ahvolda boʻlgan yer uchastkasida tadbirkorlik bilan shugʻullanmoqchiman. U yerda bordoqi ferma tashkil qilmoqchiman. Uni auksionda falon millionga sotib olishga imkonim yoʻq. Shu yerni olishim uchun davlat tomonidan yosh tadbirkor sifatida qanday imtiyoz olishim mumkin???


Самандар2021-06-15 17:13:10

Аманда бажариш керак


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+