Ёшларимиз давлат ғамхўрлигини ҳис қилишлари керак

14.04.2021, 12:17

Ёшларимиз давлат ғамхўрлигини ҳис қилишлари керак

Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш, айниқса ёшларнинг кундалик ҳаётидаги муаммоларни ҳал этиш, шунингдек 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ижросини таъминлаш юзасидан амалий ишлар амалга оширилмоқда.

Куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан ёшлар муаммоларини бартараф этишга бағишланган видеоселектор йиғилишида 1 июлдан бошлаб “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга ва Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларга ҳайдовчилик гувоҳномалари олиш, бир ойлик ҳарбий хизматни ўташ ҳаражатлари бюджетдан тўлаб берилиши белгиланди.

Шунингдек “Ёшлар дафтари”га кирганларга қизиқишидан келиб чиқиб, хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиш ҳаражатларининг бир қисми қопланиши, шу билан бирга, 1 июлдан бошлаб хусусий корхоналарда янги иш бошлаган ходимларни қайта тайёрлаш ҳаражатларини 1 миллион сўмгача бўлган қисмига субсидия берилиши, ёшларнинг профессионал таълим мактаблари, техникумларда ўқиши учун тўланадиган контракт суммаси даромад солиғидан озод қилиниши, “Ёшлар дафтари”га кирган ва деҳқончилик қилаётган ёшларга уруғлик ва кўчатлар хариди учун 2 миллион сўмгача субсидия берилиши алоҳида таъкидланди.

Субсидиялар беришнинг очиқ-ошкоралигини таъминлаш мақсадида “электрон платформа”ни ишга тушириш, вилоят, туман (шаҳар) молия бўлими бошлиқлари ўзи юриб, маҳаллабай ёшлар билан учрашиб, бюрократия ва коррупциясиз субсидия ажратишга шахсан жавобгар эканликлари белгилаб қўйилди.

Фарзандлари олий таълим муассасаларида таълим олаётган ота-оналаримиз, шунингдек талабаларимизни қувонтирадиган янгиликлардан бири сифатида ижарада яшаётган талабаларга жорий йилнинг 1 майидан бошлаб ижара тўловининг ярми давлат томонидан қоплаб берилишини келтиришимиз мумкин. Дастлабки босқичда ушбу тизим орқали 60 минг нафар ёшлар қамраб олинади. Шу билан бирга, эҳтиёжманд талабаларга ушбу харажатлар ҳокимликлар ва олийгоҳлар маблағи ҳисобидан ҳам қоплаб берилади. Ушбу мақсадлар учун давлат бюджетидан 100 миллиард сўм ажратиладиган бўлди. 

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ёшларга берилаётган бундай имтиёзларнинг манзилли бўлишида, ўз эгасига аниқ етиб боришида, бунда ижтимоий адолат принциплари бузилмаслигини таъминлашда халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги депутатларимиз ҳам ўз сайлов округлари доирасида назоратни ўз қўлларига олишлари лозим. Токи давлатимизнинг бундай ғамхўрлигини, олиб борилаётган ислоҳотларнинг замирида инсон омили, айниқса ёшларга эътибор ва пировардида ёшлардан давлатимизнинг умиди катталигини ҳар бир ёш ўз ҳаёти ва фаолиятида юракдан ҳис этишларига эришишимиз лозим.

         Зафар ХУДАЙБЕРДИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    554
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+