Томорқадан барака топаётган чироқчилик аёллар

15.04.2021, 09:39

Томорқадан барака топаётган чироқчилик аёллар

O`zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши ”Аёллар қаноти” ва Чироқчи туман Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Томорқа хўжалиги тўғрисида”ги  Қонун мазмун-моҳияти тарғибот қилинди. “Намунали томорқачи” лойиҳаси доирасида ташкил этилган очиқ мулоқотда тажрибали томорқачилар томонидан маҳорат дарси ҳам ўтказилди.

Унда тумандаги “Паканди”  ва “Дам” МФЙда  томорқачилик ва фермерлик йўналишига қизиқиши бор хотин-қизлар ва ёшлар иштирок этишди. Маҳалла фаоллари ва депутатлар  аҳоли томорқаларини ўрганишди ҳамда тажрибали томорқачилар Барно Шойимова, Розия Яллаева ва Ўктам Яллаевлар хонадонларида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишишди.

-3 сотихли иссиқхонамда лимон кўчатлари  экканман, - дейди Дам қишлоғида яшовчи тажрибали томорқачи Розия Яллаева. -  Лимоннинг ўзидан олаётган йиллик даромадим  10-15 миллион сўмни ташкил этмоқда.                                                                                   

Томорқанинг қолган қисмига 40 туп анор ва 20 туп хурмо  дарахти экканман. Шунингдек, турли хил гуллар экиб парваришлашни ҳам яхши кўраман. Томорқадан келаётган даромадни яхши кунларга ишлатаяпман.

Паканди МФЙда истиқомат қилувчи  тажрибали томорқачи Барно Шойимова эса оддий қопларда картошка экиб, ҳар бир қопдан 12-15 килограммдан ҳосил олаётгани кўпчиликни қизиқтириб қолди.  Ҳовлининг бир қарич ери ҳам бўш қолмагани эса уни меҳнатсеварлигидан далолат бериб турибди.  Томорқада экилган помидор, бодринг, турли хил зираворларни кўриб кўз қувнайди. Яна бир намунали хонадон эгаси Ўктам Яллаев ўз томорқасида помидор, бақлажон, бодринг, булғор қалампири, гармдори ва бошқа кўплаб сабзавот ва полиз маҳсулотлари ниҳолларини етиштириб,  нафақат қўни-қўшниларини, балки Чироқчи бозорига чиқариб, аҳолини ниҳол билан таъминлаб келмоқда.

Тадбир ташкилотлари маҳалла хонадонларини ўрганиш жараёнида “Томорқа хўжалиги тўғрисида” ги Қонунда томорқа хўжалиги шахсий томорқа ер участкаларида меҳнат фаолияти эркинлиги, томорқа хўжалиги тадбиркорлик фаолияти ҳисобланмаслиги ва айнан шунинг учун ҳам давлат рўйхатидан ўтказиш талаб этилмаслиги, томорқа хўжалиги юритиш учун ажратилган шахсий томорқа ер участкаси эгасининг ва оила аъзоларининг шахсий меҳнатигагина асосланиши ҳақида тушунтириш ишларини олиб бордилар.

Гулбаҳор Тураева,

O`zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши

Аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни

ва мавқиени ошириш бўлими мудири

  • Кўрилди
    629
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+