“Аравани қуруқ олиб қочиш” вақти ўтди, энди чинакамига ишлаш керак...

15.04.2021, 10:12

“Аравани қуруқ олиб қочиш” вақти ўтди, энди чинакамига ишлаш керак...

Юртимизда давом этаётган янгиланишлар шу қадар шиддатлики, ундан орқада қолиш ёки “аравани қуриқ олиб қочиш” билан ҳеч қандай муддаога эришиб бўлмайди. Фақат чинакамига ишлаб, ҳақиқий фидойилик намуналарини кўрсатиш орқали юқори натижаларга эришиш мумкин. Ҳар қандай дастур ёки зиммадаги вазифаларни ёшлар масалаларини ҳал этмасдан туриб тўлақонли уддалаб бўлмайди. Ёшларга эътиборсизлик қилинган жойда иш кетмайди, муаммолар кўпайиб бораверади. Буни ҳаётнинг ўзи тақазо этмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу хусусда фикр юритилиб, айрим раҳбарларнинг ёшлар масалаларига эътибори, ҳали ҳам талаб даражасида эмаслигини танқид остига олинди, келгусида ёшларга яратилаётган имтиёзлар хусусида сўз борди.

Бугунги кунда республика бўйича 120 та IT-марказини 4 мингга яқин «Ёшлар дафтари»га кирганлар тамомлаган. Бундай ёшларни келгусида бизнес бошлаши учун компьютерлар билан таъминлаб бериш зарурлиги таъкиданди. Бунинг учун, «бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида сертификат олган ёшларга компьютерлар хариди учун «Микрокредитбанк», «Алоқабанк» ва «Халқ банки» томонидан кредитлар ажратилади, уларнинг фоиз харажатлари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилиши айтиб ўтилди.

«Ёшлар дафтари»га кирганларга, қизиқишидан келиб чиқиб, хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиш харажатининг бир қисми қопланади. Шу билан бирга, 1 июлдан бошлаб хусусий корхоналарда янги иш бошлаган ходимларни қайта тайёрлаш харажатининг 1 миллион сўмгача бўлган қисмига субсидия берилади. Бундан ташқари, ёшларнинг профессионал таълим мактаблари, техникумларда ўқиши учун тўланадиган контракт суммаси даромад солиғидан озод қилинади.

Давлатимиз раҳбари ушбу мақсадлар учун йил давомида қўшимча 100 миллиард сўм маблағ ажратилишини таъкидлар экан, барча бўғиндаги раҳбарларни, ҳокимларни юртимиз келажаги, эртаси бўлмиш ёш авлод тақдирига бефарқ бўлмасликка чақирди.

Бинобарин, биз Янги Ўзбекистонни барпо қилишга бел боғлаган эканмиз, унинг яратувчиси ва ижодкори ёшларимиз эканини унутмаслигимиз лозим. Биз депутатлар ҳам чин маънодаги ҳақиқий фидойилигимиз ва жонкуярлигимиз билан Ўзбекистонда давом этаётган янгиланишларнинг олдинги сафларида бўлишимиз лозим.

Ҳазратқул ХЎЖАМҚУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

  • Кўрилди
    415
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+