Жомбойдаги "In vitro" лабораторияси фаолияти билан танишилди

15.04.2021, 16:47

Жомбойдаги

Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида фаолият бошлаган “Боғбон” агрокомплексида ташкил қилинган «In vitro» лабораториясида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши, Аграр университетининг Самарқанд филиали, Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспортчилар уюшмаси, Боғбонлар мактаби мутахассислари, аграр соҳада тадқиқот олиб бораётган ёш олимлар, мутахассислар, тажрибали деҳқонлар ва боғбонлар билан мулоқот ташкил этилди.

Мазкур мулоқотда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O`zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Ҳаитов ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари ҳам иштирок этди.

Тадбирда Боғбонлар мактаби, «In vitro» лабораторияси, тупроқ таҳлили лабораториялари фаолияти юзасидан ахборот берилди.

Ҳозирда ушбу лабораторияда мевали ва манзарали дарахт кўчатлари вегетатив усулда замонавий технологиялар асосида етиштирилмоқда. Умумий қиймати 2,5 миллион АҚШ доллари бўлган лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида шу пайтгача хориждан олиб келинган мевали ва манзарали дарахт кўчатлари маҳаллий шароитда тайёрланмоқда. Лабораториянинг ишга туширилиши 80 та янги иш ўрни яратилишига замин яратди.

- Фаолиятимизни бошлаган даврда хориждан олиб келинган кўчатларимизнинг ҳар бир донасининг таннархи 5 доллардан 20 долларгача етган, - дейди «In vitro» лабораторияси раҳбари Илёс Ҳайдаров. – Айни пайтда биз етиштираётган кўчатлар 3-3,5 доллар қийматга эга бўлмоқда. Энг муҳими, боғдорчилик билан шуғулланиш ниятида келган харидорларнинг самарали фаолият юритишлари учун уларнинг тупроқ шароитини ўрганиб, ерга мос кўчатларни тавсия қиламиз. Бунинг учун тупроқ ташхислаш лабораториямиз ҳам ташкил қилинган.

Лабораториянинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 15 миллиондан 20 миллион донагача пайвандтаг, пайвандланган кўчатлар етиштириш имконини беради. Айни пайтда қўшни Туркманистон, Афғонистон, Қирғиз Республикаларидан буюртмалар келиб тушмоқда. 2023 йилдан лабораторияда етиштирилган кўчатлар экспортга чиқарилиши режалаштирилган.

Учрашувда O`zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Ҳаитов давлатимиз раҳбари раислигида шу йил 13 апрель куни ўтказилган Ёшлар масалаларига бағишланган мажлисида ёшларни ердан даромадга киришгача бўлган даврда “устоз – шогирд” тизимини жорий қилиб, фермер, кластер ҳамда сектор раҳбарлари ёшларга амалий ёрдам кўрсатиши зарурлиги таъкидланганлиги, бу борада республика бўйича 21 та туманда 2 мингдан 4,5 минг нафаргача ёшларга деҳқончилик учун ер ажратилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Ушбу белгилаб берилган топшириқлар, ёшлар тадбиркорлиги ва ташаббускорлигини ошириш, боғдорчилик ва кўчатчиликни ривожлантириш бўйича фикр мулоҳазалар ва таклифларни билдириб ўтди.

O`zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    196
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+