Ёшларни ишга қабул қилган корхоналарга ушбу ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ қайтариб берилади

15.04.2021, 18:05

Ёшларни ишга қабул қилган корхоналарга ушбу ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ қайтариб берилади

Куни кеча Президентимиз раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича муҳим вазифалар белгиланди.

Жумладан, 1 майдан бошлаб ёшларни ишга қабул қилган корхона ва компанияларга ушбу ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ қайтариб берилиши, 1 июндан бошлаб “ёшлар дафтари”га кирган талабалар корхона ва компанияларда амалиёт ўтаганида, уларга 500 минг сўмгача субсидия ажратилиши қайд этилди.

 Шунингдек, “ёшлар дафтари”га кирганларнинг хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиши харажатининг бир қисми қоплаб бериладиган бўлди. Биринчи марта ишга кирган касб-ҳунар маркази битирувчилари 6 ойгача даромад солиғи тўлашдан озод этилиши, “Ёшлар дафтари”га киритилган йигитлар ва меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш, бир ойлик ҳарбий хизматни ўташ харажатлари бюджетдан тўлаб берилиши таъкидланди.

 “1 миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида сертификат олган ёшларга компьютерлар харида учун “Микрокредитбанк”, “Алоқабанк” ҳамда Халқ банкидан кредитлар ажратилиши, уларга фоиз харажатлари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилиши айтиб ўтилди.

Яна бир қувонарли томони, ижарада яшовчи талабалар учун жорий йилнинг 1 майидан бошлаб ижара тўловининг ярми давлат томонидан қоплаб берилади. Дастлабки босқичда ушбу тизим орқали 60 минг нафар ёшлар қамраб олинади. Шу билан бирга, эҳтиёжманд талабаларга ушбу харажатлар ҳокимликлар ва олийгоҳлар маблағи ҳисобидан ҳам қоплаб бериладиган бўлди.

Тиббий хизмат сифатини ошириш учун кадрлар масаласи муҳим аҳамият касб этади. Тиббиёт соҳасида таҳсил олган ёшларимиз учун соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг давоми сифатида жорий йилда қўшимча 20 минггача ўрта тиббиёт ва ижтимоий ходимлар штатини ташкил этиш ҳисобига минглаб ёшлар учун янги иш ўринлари яратилади.

Ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бораси ёшларга берилаётган бундай имконият ва имтиёзлардан оқилона фойдаланишлари, манзилли ўз эгасига аниқ етиб боришида жамоатчилик ҳамда депутатлик назоратини амалга ошириш лозим.

Баҳром Раҳмоналиев,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    164
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+