Эртасини ўйлаган мамлакат ёшларини эътиборсиз қолдирмайди

16.04.2021, 09:44

Эртасини ўйлаган мамлакат ёшларини эътиборсиз қолдирмайди

Ёшликда олинган билим, ўрганилган кўникма, орттирилган тажриба инсоннинг бутун ҳаётига татийди. Айни шу даврда йигит-қизларга тўғри йўналиш бериш, таълим олиши, ўз ишини бошлашига кўмаклашиш ниҳоятда муҳим саналади. Давлатимиз раҳбари юртимизда яшовчи ҳар бир ёшнинг келажаги ва тақдири учун жон куйдириб, юксак эътибор қаратаётгани боиси ҳам шунда.

Мамлакатимизда ёшларга нафақат эртанги ўзгаришларга сабаб бўладиган, бунёдкорлик ғояларини ҳаётга татбиқ этадиган муҳим куч, балки ватанимизнинг бебаҳо бойлиги, жамият тараққиётининг мустаҳкам таянчи сифатида қаралади. Сўнгги йилларда ёш авлод вакиллари тарбияси, таълими, бандлиги масалаларига қаратилаётган катта эътибор бунинг ёрқин исботидир.

Жорий йилнинг 13 апрель куни ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари яна бир бор ушбу масалани ўртага ташлади.

Унда ишсиз ёшларни касб ва тадбиркорликка ўқитиш, маблағ билан таъминлашда камчиликларга йўл қўйилаётгани, хусусан, жорий йилнинг уч ойида республика бўйича 21 минг нафар ёш тадбиркорликка ўқитилгани, Тошкент шаҳрида атиги мингта, Наманганда эса 1 100 та сертификат берилгани, Бухорода бор-йўғи 216 нафар ёш касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилгани қайд этилдики, бу ушбу йўналишдаги ишлар кўламини янада ошириш, ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш орқали бизнесини бошлашига фаолроқ кўмаклашиш зарурлигини англатади.

Сўнгги йилларда янги Ўзбекистонда ёшларга муносабат бутунлай ўзгариб, уларга доир давлат сиёсати асосида ёш авлоднинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш, уларнинг эзгу орзу-интилишлари, қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқаришга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий асослар замон билан ҳамнафас такомиллашиб бормоқда.

Ўтган қисқа вақт ичида бу борада салмоқли ишлар қилиниб, йигит-қизларга деҳқончилик, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, боғдорчилик ва тадбиркорликнинг бошқа турлари билан шуғулланиши учун барча зарур шароитлар яратилди. Имтиёзли кредитлар ва субсидиялар ажратилиши натижасида мамлакатимиз бўйича “Ёшлар дафтари”га киритилган 648 минг нафар ишсизларнинг 283 мингининг бандлиги таъминланди. Хусусан, 175 минг нафар ёшга 45 минг гектар ер майдони ажратилган бўлса, 76 минг нафар ёш доимий ва жамоат ишларига жойлаштирилди, 33 минг нафар ёшларга тадбиркорлик фаолияти учун 800 миллиард сўм кредит, 6 минг нафарига субсидия берилиб, бандлигига кўмаклашилди.

Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида 36 мингта қўшимча тўгарак ташкил этилиб, 874 мингга яқин ўғил-қиз жалб этилгани, шунингдек, “Беш муҳим ташаббус” доирасида таълим муассасалари, кутубхона ва ўқув марказларига 97 мингта санъат ва спорт инвентари, компьютерлар, 562 мингта бадиий китоб етказиб берилгани ҳам ёшларнинг қалбида янада жўшқин кайфият, ғайрат ва шижоат уйғотди, десак муболаға бўлмайди. Аммо булар ҳали етарли эмас. Олдимизда мамлакатимизнинг ҳар бир ёш фуқаросини рози қилиш, уларнинг тадбиркорлиги учун шароитлар яратиб беришдек улкан вазифа турганини барчамиз англашимиз лозим.

Давлатимиз раҳбари ёшларга оид давлат сиёсати ижросини ташкил этишда аввало, ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларга муносиб даромад олиши учун шароит яратиб бериш энг муҳим вазифа ҳисобланишини таъкидлади. Мутасаддиларга ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасидаги имкониятларни янада кенгайтириш ва бандлигини таъминлаш бўйича янги механизм жорий этиш вазифаси қўйилди. Бу тизимда халққа ҳам, ташкилотларга ҳам маъқул бўладиган бир қанча имтиёзлар белгиланади.

Жумладан, жорий йил 1 майдан бошлаб, ёшларга тадбиркорлик фаолиятига керакли асбоб-ускуналарни харид қилиш учун 10 миллион сўмгача субсидиялар, ижарага бино олиб, ўз бизнесини бошлаётган ёшларга бир йиллик ижара суммасининг 30 фоизигача қисми қоплаб берилиши янги Ўзбекистонда ёшларга давлат сиёсати даражасида кўрсатилаётган эътибор, ғамхўрлик ва рағбатнинг яна бир юксак намунасидир.

“Ёшлар дафтари”га кирган ва IТ марказини тамомлаган ёшларни бизнес бошлаши учун “1 миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида сертификат олган йигит-қизларга компьютерлар хариди учун кредитлар ажратилиб, уларнинг фоиз харажатлари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилиши ҳам айни муддао бўлди. Энди улар ўз иш жойига эга бўлиб, оиласи даромади ва юрт тараққиётига ҳисса қўшади.

Ёшлар бандлигини таъминлашдаги яна бир муҳим йўналиш — қишлоқ хўжалиги. Бугунги кунда республика бўйича 21 та туманда 2 мингдан 4,5 минг нафаргача ёшга деҳқончилик учун ер ажратилган. Амударё ва Балиқчида 4 минг нафардан зиёд, Мингбулоқ, Янгийўл, Шаҳрихонда 3 мингдан, Дўстлик, Бекобод, Боғот туманларида 2,5 мингдан ортиқ ёшга ер берилган. Лекин 20 та туманда бу кўрсаткич 300 нафарга ҳам етмайди. Демак, ҳозирги давр бу борада ўз вақтида зарур чоралар кўришни тақозо этмоқда. Эндиликда, бу соҳада ҳам аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ёшлар дафтари”га кирганларга уруғлик ва кўчатлар хариди учун 2 миллион сўмгача субсидия берилади.

Қишлоқдаги ёшларга ажратилган ерларни ўзлаштириш, агротехник тадбирларни ўтказиш ва уларни ердан даромад олишга ўргатиш ҳокимлар, сектор ва кластер раҳбарлари зиммасига юклатилдики, бу борада халқ вакиллари сифатида депутатлар ҳам зарур чора-тадбирларни кўради ва айни шу масала уларнинг доимий диққат марказида бўлиб қолади. Қолаверса, ёшларни ердан даромадга киришгача бўлган даврда “устоз–шогирд” тизимини жорий қилиб, ёшларга амалий ёрдам кўрсатиш, қудуқлар қазиб, захира ерларни ёшларга фойдаланиш учун бериш, томорқада лимончилик, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик қилишлари учун кредитлар ажратишда мутасаддилар уларга энг яқин кўмакчи бўлиши лозим.

Жараёнда сектор раҳбарлари, депутатлар маҳаллама-маҳалла, хонадонма-хонадон юриб, ишсиз ёшлар билан доимий равишда мулоқот олиб бориши зарур. Ёшлар учун янги иш ўринлари очиш, уларнинг ҳалол меҳнат қилиб, даромад топиши учун аввало, улар ўртасида тадбиркорликни кенг ривожлантириш, йигит-қизларга ер ажратиб, экин-текин қилишларига имкониятлар яратиш ғоят муҳимдир.

Йиғилишда белгилаб берилган вазифалар кўлами ўта залворли. Эндиликда биз депутатлар ёшларни муносиб иш билан таъминлаш, улар учун янги иш ўринларини яратиш, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим устуворлиги сифатида ишсизлик даражасини қисқартириш масалаларига жиддий эътибор қаратамиз. Чунки бугун 18-30 ёшлилар орасида расмий ишсизлик 17 фоиз экани бу борада яқин ва келажакда эмас, ҳозирданоқ зарур чораларни кўришни тақозо этади. 

Бу борада биз халқ вакиллари жойлардаги ижро ҳокимияти органлари ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органларининг янги иш ўринларини яратиш бўйича мақсадли ва тизимли ишларни олиб бориш, тадбиркорлик субъектларига фаолиятини ривожлантириш ва кенгайтиришда асосий омил сифатида ишсиз аҳолини, айниқса, ёшларни ишга жойлаштиришга кўмаклашиш борасидаги  фаолияти устидан таъсирчан парламент ва депутатлик назоратини ўрнатамиз.

Бундан буён бу соҳада аниқ тизим асосида иш олиб борилмаса, жамиятда, ёшлар ҳаётида ўзгариш бўлмайди. Шундай экан, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш барча бўғиндаги давлат органлари раҳбарларининг доимий ишига айланиши зарур.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    551
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+