O'zLiDeP ёшлар пресс-клубида кадрлар тайёрлаш тизимидаги ислоҳотлар муҳокама қилинди

16.04.2021, 15:47

O'zLiDeP ёшлар пресс-клубида кадрлар тайёрлаш тизимидаги ислоҳотлар муҳокама қилинди

O'zLiDeP “Ёшлар қаноти”нинг “Ёшлар билан” номли лойиҳаси доирасидаги навбатдаги очиқ мулоқот “Кадрлар тайёрлаш тизимидаги ислоҳотлар: кеча, бугун ва эртага” мавзусида ташкил қилинди.

“Ёшлар пресс-клуби”да очиқ мулоқот шаклида ташкил этилган тадбир тегишли вазирлик, идоралар вакиллари, депутатлар, журналистлар, блоггерлар ва кенг жамоатчилик ва ёшлар иштирокида қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлди.

Дастлаб тадбир иштирокчилари куни кеча бўлиб ўтган Давлат раҳбари раислигида ёшлар бандлиги ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича берилган топшириқлар ижроси юзасидан видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган устувор вазифаларга қаратишди.

Таъкидланганидек, Республика бўйича 648 минг нафар ишсизлар “Ёшлар дафтари”га киритилган бўлиб, биринчи чоракда 283 минг ёшнинг бандлиги таъминланган. Жорий йилнинг ўзида ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни турли касбларга йўналтириш, тадбиркорлик билан шуғулланишлари ва бошқа кўплаб йўналишларда яна қўшимча қатор имконият ва имтиёзлар берилмоқда. Хусусан, агар корхона ва компаниялар ёшларни ишга қабул қилса, корхоналарга ушбу ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ қайтариб берилади. Жорий йилда камида 700 минг ёшни ишга қабул қилган тадбиркорларни рағбатлантириш механизми яратилади ва тадбиркорлар ихтиёрида бир йилда 1 триллион сўмдан зиёд маблағ қолади. Бундан ташқари “ёшлар дафтари”га кирган 5 нафардан ортиқ ишсиз ёш бандлигини таъминлаган тадбиркорларга давлат мулки ижараси учун 50 фоизгача имтиёз берилмоқда.

Шунингдек, “ёшлар дафтари”га кирган талабалар корхона ва компанияларда амалиёт ўтаганда, уларга 500 минг сўмгача субсидия ажратилади. Биринчи марта ишга кирган касб-ҳунар марказлари битирувчилари 6 ойгача даромад солиғидан озод этилади. Давлатимиз раҳбари ёшларни ердан даромадга киришгача бўлган даврда “устоз – шогирд” тизимини жорий қилиб, фермер, кластер ҳамда сектор раҳбарлари ёшларга амалий ёрдам кўрсатиши зарурлигини таъкидлади. Бу борада республика бўйича 21 та туманда 2 мингдан 4,5 минг нафаргача ёшларга деҳқончилик учун ер ажратилган.

Давлатимиз раҳбари барча бўғиндаги раҳбарларни, ҳокимларни юртимиз келажаги, эртаси бўлмиш ёш авлод тақдирига бефарқ бўлмасликка чақирди. Бинобарин, биз Янги Ўзбекистонни барпо қилишга бел боғлаган эканмиз, унинг яратувчиси ва ижодкори ёшларимиз эканини унутмаслигимиз лозим. ЎзЛиДеП “Ёшлар қаноти” ҳам бу эзгу йўлда бор куч ва имкониятларини сафарбар этишга тайёр эканлигини таъкидлаб ўтди.

Очиқ мулоқотда мавзуга доир малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, замонавий таълим истиқболлари, нодавлат таълим муассасаларида рақобат муҳити, талаб юқори бўлган соҳаларда кадрлар тайёрлашдаги муаммолар ҳам муҳокама қилинди.

Ёшлар томонидан йўлланган саволларга, муаммоларга шу ернинг  ўзида ечим изланди.

  • Кўрилди
    772
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+