Депутатлар аёллар ва ёшлар бандлигига эътибор қаратди

19.04.2021, 17:18

Депутатлар аёллар ва ёшлар бандлигига эътибор қаратди

Халқ депутатлари Боёвут туман кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи йиғилишида туман аҳоли банлигигига кўмаклашиш маркази раҳбари ўринбосари Шерзод Артикбаевнинг ҳисоботи тингланди.

Бугунги кунда хотин-қизлар ва ёшлар мамлакатимиз аҳолисининг катта қисмини ташкил этади. Уларнинг муаммоларига ечим топиш мақсадида ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари» шакллантирилиб, бу «Темир дафтар»дан алоҳида бўлиши белгиланди. Унга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар киритилмоқда. Мамлакатимизда олиб борилаётган барча ислоҳотлар «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак», деган эзгу ғоя асосида амалга оширилмоқда.  Президентимиз томонидан илгари сурилган ва бугун ҳаётимиздан тобора чуқур ўрин олаётган ушбу тамойил юртдошларимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига, одамларимизнинг мамлакатимиз келажагига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга замин яратаётир.

Давлатимиз раҳбари «Бундан кейин одамларнинг уйига бориб, ишга муҳтожларни ишга жойлаштириш тизимини яратишимиз керак. Энди қайси жойда раҳбарлар уйма-уй юриб, масалаларни ҳал қилса, ўша жойда вазият ўзгаради...» дея таъкидлаши юқоридаги эзгу ғоя ҳаётимизда муҳим ўрин тутиши кераклигини барчамизга яна бир бор эслатди, десак муболаға бўлмайди.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида бандликка кўмаклашиш марказига  1228 нафар аҳолидан  мурожаат тушган эди. Мурожаатчиларнинг 271 нафари ишга жойлаштирилди. Уларнинг 180 нафарини ёшлар ва 13 нафарини аёллар ташкил қилади. 201 нафар ёшлар ва  46 нафар аёллар тадбиркорлик марказаларида касб-ҳунарга ўқитилди ва бу борадаги саъйи ҳаракатлар узвий давом эттириб келинмоқда.  91 нафар аёллар ва  43 нафар ёшлар мавсумий ишларга жалб қилинди. Жумладан, 53 нафар аёл ва 28 нафар ёшларга ишсизлик нафақаси  тайинланди.

Ишсиз фуқароларга субсидиялар ажратилиши ҳам таъкидлаб ўтилди.

Туман Кенгаши депутатлари Алламурод Гулмуродов, Муҳаммаджон Раҳмоновларнинг  аёллар ва ёшлар бандлигини таъминлашда мутасадди идоралар билан ҳамкорликни янада яхшилаш борасидаги фикр-мулоҳазалари тингланди.

    Манзура Дадаева,

   O‘zLiDeP Боёвут туман Кенгаши

 аппарат раҳбари

  • Кўрилди
    589
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+