Олдимизга аниқ вазифа қўйилди

19.04.2021, 17:22

Олдимизга аниқ вазифа қўйилди

Президентимизнинг Самарқандга ташрифи ҳар доим вилоятимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Ташриф давомида нима янгилик бўларкан, деган ўйда эдик. Самарқандда амалга ошириладиган қурилиш-бунёдкорлик соҳасидаги ишлар албатта, кўпчиликни қувонтиради.

Вилоят фаоллари билан ўтказган йиғилишда билдирилган фикрлар ҳар бир самарқандликнинг олдига аниқ вазифа қўйди. Негаки, давлатимиз раҳбари фойдаланилмаган имкониятларни ишга солиш учун 5 та драйвер соҳани кўрсатиб ўтганининг ўзи катта бир имкониятлар эшигини очади. Яъни, минглаб иш ўринлари яратилиши, муҳими, хориж бозорларига жадал кириб боришимизга замин яратади.

Биргина мисол, биз Афғонистон давлатига тухум ва парранда гўшти эскпорт қиламиз. Президентимиз айтганидек, транспорт логистикаси ривожлантириладиган бўлса, кўрсаткичларимиз ортиб, яна ўнлаб одамлар манфаатдор бўлиши мумкин. Айтмоқчи бўлганим, биргина товар нархида транспорт харажатлари улушининг юқори бўлиши кўпгина муаммоларга сабаб бўлади.

Ҳозирда Ургут эркин иқтисодий зонада 55 корхона ишга тушди. Ўтган йили бу корхоналарда 1 триллион 300 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 30 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Иқтисодий зонада 4 мингдан ортиқ иш ўрни яратилган ва  корхоналарда 220 турдаги, жумладан 110 турдаги импорт ўрнини босувчи электро техникалари, енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 13 мартдаги “Ургут” эркин иқтисодий зонаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан яна ҳудудимиз кенгайди. Бу эса ишлаб чиқариш ва янги иш ўринлари яратиш имконини яратмоқда. Айни пайтда 30 та корхонада қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Ташриф давомида давлатимиз раҳбарига 80 га яқин янги лойиҳа ҳақида маълумот бердик. Янги лойиҳаларнинг ишга туширилиши натижасида яна 10 мингга яқин доимий иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари “Ургут” эркин иқтисодий зонасига берилган имтиёзларни барча туман ва шаҳарларга қўллаш ҳамда ҳар бирига камида 50-100 миллион доллар инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига 200 гектар майдонда  1 миллиард долларлик қўшимча саноат лойиҳаларини амалга оширишни билдирди. Шунингдек, лойиҳаларни сифатли ишлаб чиқиш учун Лойиҳалар фабрикасининг “Ургут офиси” ташкил қилишни таклиф қилди.

Умуман, Президентимиз ўтказган йиғилишда вилоятимизда саноат, хизмат кўрсатиш ва туризм, йирик индустриал иссиқхоналар ва транспорт логистикаси бўйича амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар айтиб ўтилиб, масъуллар белгиланди.

Қолган гапни ҳам давлатимиз раҳбарининг ўзлари айтди: “Ахир шунча йил халқни қийнаб келган муаммолар билан шуғулланмадик, энди кечикишга ҳаққимиз йўқ.”

Илҳом БОТИРОВ,

O`zLiDeP Самарқанд вилоят

Кенгаш раисининг

 биринчи ўринбосари-аппарат раҳбари

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    397
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+