O'zLiDeP депутати Марказий Фарғона чўлларида агротуризмни ривожлантирмоқда

20.04.2021, 15:45

O'zLiDeP депутати Марказий Фарғона чўлларида агротуризмни ривожлантирмоқда

Фарғона вилояти туристик салоҳияти юқори вилоятлардан бири сифатида эътироф этилади. Вилоятдаги қадимий обидалар, қадамжо ва зиёратгоҳлар сайёҳларда ўзгача таассуротлар қолдиради. Эндиликда мазкур вилоятда туризмнинг ноанънавий турлари – экотуризм, агротуризм, тиббиёт туризми ҳам жадаллик билан ривожланаётир. Шу боис келгусида юртимизга, жумладан, Фарғонага ҳам келувчи меҳмонлар оқими янада ортишини ҳисобга олиб, туристлар учун шарт-шароитлар яратиш, ҳудудларнинг инфратузилмасини яхшилаш чоралари кўрилаётир.

Бир пайтлар янтоғу шўралар босиб, кимсасиз қумлиқ ерлар ҳисобланган Марказий Фарғона ерлари бугунги кунда ажиб бир манзара касб этиб, фуқароларнинг меҳр тафти, ер билан тиллашиши шу ҳудудларда ҳам тадбиркорликнинг ривожланишида бош омил бўлмоқда.

Халқ депутатлари Риштон туман Кенгашидаги O'zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Асроржон Ҳикматов 2014 йил Марказий Фарғона чўлларидан 105 гектар ўзлаштирилмаган қумлиқ ерларни ўзлаштириб, олдига катта мақсадлар қўйиб «Рошидон наслдор туялари» фермер хўжалигига асос солди.

Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот туманидан биринчи туяни олиб келган фермер ҳаётини туясиз тасаввур қила олмайди. 2014 йилдан буён эрта-ю кеч туялар билан бирга. Ҳозирда хўжаликда 35 та туя ҳамда 23 та қорамоллар парвариш қилинмоқда. Шунингдек, 9 та ишчи ўрни яратилган бўлиб, ишчиларга барча шароитлар муҳайё этилган, маошлари ҳам мўмайгина.

- Барчамизга маълумки, Абу Али ибн Сино «Тиб қонунлари» асарида туя сути шифобахшлиги хусусида тўхталиб, таркибидаги витаминлар сигир сутига нисбатан уч баробар кўп бўлиши ҳақида таъкидлаган.Туя сутининг минг дардга даво эканига ҳаётимда амин бўлдим, – дейди А.Ҳикматов. – Боиси бундан бир неча йил аввал дадамнинг тоби қочиб, узоқ вақт тўшакка михланиб қолдилар.Одамларнинг берган тавсиялари билан дадам ниҳоят туя сутидан даво топдилар. Ўшанда биринчи марта туяларга меҳрим уйғонган. Дадам ҳозиргача туя сути ичадилар.

Фермер хўжалигидан туя сутини қанд касали ва жигар хасталигига чалинган беморларга олиб кетишади. Асосийси, туя сути қонни тозалайди.

Ташаббускор депутат ва фермернинг таъкидлашича, туя бир кунда 10 литргача сут бериши мумкин. Лекин туялар 2-3 литр сут бермоқда. Чунки уларга қўшимча озуқа берилмайди. Туялар асосан яйловда янтоқ еб юради. Агар қўшимча ем берилса, сути кўпайиши мумкин, аммо бунда сутнинг шифобахшлиги йўқолади.

Туяларнинг нафақат сути, балки жуни ҳам қадрланади.Туя жуни қимматбаҳодир. Ундан ёстиқ, кўрпа, кийим-кечак тикилади. Туялар сонини 100 бошга етказиш ҳамда туя жунини келажакда четга экспорт қилиш фермернинг келажакдаги режалари бисёрлигидан далолат беради.

Шоҳсултон Тўхтаматов,

O'zLiDeP Фарғона вилояти Кенгаши

матбуот котиби.

  • Кўрилди
    607
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+