Кафтдек ердан катта даромад олиш сирлари

26.04.2021, 12:51

Кафтдек  ердан  катта  даромад  олиш  сирлари

O‘zLiDeP Жиззах вилоят ҳудудий партия ташкилоти ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари  Жиззах вилоят Кенгаши билан Ғаллаоролда ташкил этилган амалий семинарда иштирок этувчилар сони кутилганидан ҳам ортиқ бўлди. Маҳаллий Кенгаш депутатлари, фермерлар, сектор , маҳалла ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари Андижон вилоятидан ташриф буюрган меҳмонлар билан биргаликда бир нечта хонадонларда бўлиб, томорқаларда олиб борилаётган жараёнлар, иссиқхоналар фаолияти билан танишдилар.

Семинар ташкил этилган  Маданият ҚФЙдаги  Қанглиобод қишлоғида айни пайтда 1581 та хонадонда 9 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Дастлаб кўзга ташланадиган ҳолат, қишлоқнинг қайси хонадонига борманг, томорқачилик анчагина ривожланганига гувоҳ бўлишингиз мумкин. Биргина кичик иссиқхоналарнинг сони бугунги кунда 43 тага етган.

Шундай хонадон эгаларидан бири Шароф Рашидов кўчасида истиқомат қилувчи Рустам ака Давронов айни пайтда нафақада.

- Шахсан Президентимиз ташаббуси билан бошланган кўплаб саъй-ҳаракатлар қатори  - томорқачиликка бўлаётган эътибор сабаб, биз ҳам етти сотих майдонда иссиқхона қуришга қарор қилган эдик. Хабарингиз бор, бизнинг томонларда бундан уч-тўрт йил олдин ҳам бу соҳа янгилик эди. Шу сабаб, бошда бир оз қийинчилик ҳам бўлди, - дейди хонадон соҳиби. – Бироқ, ерга меҳр қўйсанг, астойидил меҳнат қилсанг, ўқиб ўрганишдан чарчамасанг натижа аста-секин келаверар экан. Айни пайтда иссиқхонамизда 50 туп лимон, 25 туп апельсин, 25 туп мандарин, 3 туп киви, папая ва бошқа ўсимликларни парвариш қилмоқдамиз. Ўтган йили илк бор лимон ҳосилини бозорга чиқардик. Бу йил насиб қилса, оладиган даромадимиз янада ошади деган умиддамиз.

Андижонлик меҳмонлар бошқа хонадонлардаги томорқачилар фаолияти билан танишишди. Сабзи, картошка ҳамда бошқа сабзавот турларининг қайси навлари мўлроқ ҳосил бериши ҳақида маълумотлар алмашинди.

-Биз бу ерга келишдан олдин Самарқанд вилоятида ҳам бўлдик, - дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари Андижон вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари Шерзод Исмоилов. – Таассуротларимиз жуда катта. Ҳамроҳларимиз билан бирга самарқандлик ҳамда жиззахлик томорқачиларни водийдаги иш тажрибалари билан таништириш билан бирга ўзимиз ҳам бу ердаги кўплаб янгиликлардан бохабар бўлдик. Уларни Андижонга қайтсак, албатта, томорқачиларга етказамиз.

Меҳмонлар Андижон вилоятида самара бераётган иш усуллари, экин навлари, тажрибалар ҳақида йиғилганларга сўзлаб берган бўлсалар, мезбонлар - лимон, мандарин, папая ва бошқа тропик ўсимликларни вилоят иқлимига мослаштириш давомидаги фаолиятлари билан уларни яқиндан таништириб ўтдилар.

Бўлиб ўтган бу амалий семинар кафтдек ердан катта даромад олиш сирлари кўп эканлигини, гарчи турли ҳудудларда жойлашган бўлса-да, бир қатор ечимини кутаётган муаммолар, жумладан, имтиёзли кредит олиш, томорқа учун мўлжалланган кичик техник воситалардан унумли ва кенг фойдаланишни йўлга қўйиш, логистика, маҳсулотларни экспорт қилиш каби кўплаб масалаларда юзага келаётган муаммолар умумийлигини ҳам кўрсатиб берди.    

Тадбир давомида тморқачиларга O‘zLiDeP Жиззах вилоят ҳудудий партия ташкилотининг эсталик совғалари топширилди.

                                                          Баҳром МИРЗАҚОБИЛОВ,

O‘zLiDeP фаоли

Теглар
Томорқа
  • Кўрилди
    626
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+