Хизмат кўрсатиш соҳасида янгича ёндошув

27.04.2021, 09:45

Хизмат кўрсатиш соҳасида янгича ёндошув

соҳага 500 миллион доллар  йўналтирилади

Хизмат кўрсатиш соҳаси аҳоли бандлигини таъминлашда энг катта захиралардан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 36,3 фоизни, соҳада банд бўлганлар сони эса 50,1 фоизни ташкил этади. Ҳозир республикамизда мазкур соҳада иш ўринлари яратиш бўйича катта имкониятлар борлигини ҳисобга олсак, бу ҳали жуда паст кўрсаткичдир.

 Чунончи, бу соҳада янги иш ўринларини кам харажат билан қисқа муддатда ташкил этса бўлади. Лекин бугун биз соҳа салоҳиятидан қай даражада фойдалана олмаяпмиз? Жойларда маиший ускуналарни таъмирлаш устахоналари, кимёвий тозалаш шохобчалари, компьютер дизайнерлиги, бухгалтерия ва бошқа шу каби тадбиркорлик субъектлари етарлими? Маҳаллий ҳокимликлар яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиб, ажратилаётган маблағларни тўғри сарфлаяптими?

 Ҳудудларда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш бўйича жорий йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар юзасидан шу йил 22 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, ҳудудларда хизмат кўрсатиш соҳаси йўналишларини ривожлантириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди.  

Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда иқтисодиётни барқарор қилиш учун катта-катта маблағлар сарфланаётган бир пайтда, ҳокимлар ажратилган пулларни тўғри ва оқилона сарфлаш устида бош қотириши лозимлигини айтиб, уларда жойларда лойиҳаларни ишга тушириш бўйича тасаввур етишмаслиги, одамларни иш билан таъминлашда натижа пастлигини таъкидлади.

Ўтган йилги пандемия даврида хизматлар ва сервис соҳаси энг кўп жабр кўрганини яхши биламиз. Мамлакатимиз раҳбари шундай оғир шароитда ҳам, аввало, халқимиз, тадбиркорларимиз манфаати учун қайғуриш сиёсатида собитлигини яна бир карра намоён этди. Тадбиркорларга 24 та турдаги солиқ имтиёзлари, субсидия ва бошқа преференциялар тақдим этиш орқали 35 триллион сўмлик кўмак берилгани иқтисодиётимиз таянчи бўлган тадбиркорлар ва ишбилармонлар учун катта имконият бўлди.

Хусусан, тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида хизмат соҳасига ажратилган имтиёзли кредитлар, тижорат банкларининг ўз маблағлари ҳисобидан соҳага қўшимча кредитлар ажратгани ва бошқа имтиёзлар туфайли сервис соҳаларида кўплаб йигит-қизларимиз ўзини ўзи банд қилди, даромад манбаига эга бўлишди. Қайси ҳудуд, шаҳар ва туманлар ушбу имкониятлардан самарали фойдаланган бўлса, ўз натижасини берганини кўрдик, гувоҳи бўлдик.

Айтиш жоизки, бу соҳада ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослигидан келиб чиқиб, хизматларни кенгайтириш, янги хизмат турларини йўлга қўйиш, илғор тажрибалар ва намунавий лойиҳаларни жорий этиш бўйича янги методология яратиш ҳам ғоят муҳимдир. Бу жараёнда Ўзбекистон миллий банки ҳузурида хизматларни ривожлантириш бўйича лойиҳа-таҳлилий маркази ташкил этилиб, барча вилоятлардаги филиалларида унинг бўлимлари очилиши айни муддао бўлди. Энди уларда аҳолига намунавий тайёр бизнес лойиҳалари тақдим этилиб, касбга ўқитишдан бизнесни йўлга қўйишгача бўлган комплекс хизматлар кўрсатилади. 

Видеоселектор йиғилишида ҳар бир вилоят, шаҳар ва туман ҳокимларига хизматлар ҳажмини йил якуни билан 2-3 баравар ошириш, бунинг учун ҳафталик назорат ўрнатиш вазифаси қўйилиб, Тошкент шаҳрида хизматлар ҳажмини камида 3 бараварга ошириш, шаҳардаги 524 та маҳалла кесимида хизматларни ривожлантириш дастурини қабул қилиш топширилди.

Лойиҳаларни молиявий таъминлаш масаласи ҳақида сўз борар экан, бу йил хизматлар соҳаси учун банклар томонидан камида 18 триллион сўм кредитлар йўналтирилиши, шунингдек, давлат томонидан тижорат банклари орқали қўшимча 300 миллион доллар ажратилиши ва шундан 150 миллион доллари 1 июлгача жойларга етиб бориши қайд этилди.

Эндиликда вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, маҳаллага бириктирилган масъуллар билан бирга “маҳалла – туман – банк” принципи асосида лойиҳалар рўйхатини шакллантиради. Бунда, ҳар бир маҳаллада камида 20 турдаги, туман ва шаҳарда камида 70 та турдаги хизматлар бўлиши назарда тутилади.

 Шунингдек, Миллий банк томонидан 28 та йирик ва ўрта шаҳарларда туризм, транспорт, тиббиёт, таълим хизматлари ҳамда йирик савдо комплекслари ташкил этиш учун қўшимча 200 миллион доллар маблағ жалб қилинади. Умуман айтганда, бюджетдан ва Миллий банк томонидан хизмат кўрсатиш соҳасига жами 500 миллион доллар ёки 5,5 триллион сўм йўналтирилади.

 Давлатимиз раҳбари қайси йўналишда бўлмасин мутасаддиларга топшириқ беришдан олдин ҳамма шароитни яратиб, зарур маблағларгача таъминлаб беряпти. Маҳаллий ҳокимликлар бу маблағларни ҳалол-пок ишлатиб, лойиҳаларни ўз вақтида амалга оширса минг-минглаб янги иш жойлари пайдо бўлади. Президентимиз таъбири билан айтганда, “ҳар бир вазир ватанпарвар бўлиб, “ўзининг аравасини ўзи тортиб”, берилган бир сўм пулни қадрлаб, жойига етказса, одамлар ишонади”. Шу боис, бундан буён мутасаддилар ўз йўналишида хизматлар ривожи учун ҳаракат қилиши, ҳар бир вазирлик ва идора раҳбари ўзи масъул бўлган соҳада аҳолига хизматлар кўрсатиш борасидаги муносабат ва ёндашувларини мутлақо ўзгартириши керак.

Агар барча даражадаги раҳбарлар ўз соҳасида хусусий сектор фаолияти учун ҳуқуқий база яратиб, рухсат бериш талабларини соддалаштириб, тадбиркорликка кенг йўл очиб беришса, ўйлайманки, жойларда муаммолар бўлмайди, одамларда тадбиркорликка қизиқиш пайдо бўлади. Биргина хавфсизлик талабларини қўйган ҳолда, аэропорт, темир йўл ва автовокзаллар ҳудудларида, магистрал йўллар ёқасида савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш орқали ҳам тадбиркорларни даромад, аҳолини иш билан таъминлаш мумкин.

Хизмат кўрсатиш – аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратишда катта салоҳиятга эга соҳа. Жойлардаги аҳоли даромадларининг реал ўсишини ҳам, аввало хизматлар ривожидан яққол кўриш мумкин. Шу нуқтаи назардан биз асосий эътиборни хизматлар соҳасини ривожлантиришга ва иқтисодиёт таркибида унинг ролини кучайтиришга қаратамиз. Ушбу соҳа нафақат қишлоқ жойларида иш ўринларини таъминлашга, балки аҳоли даромадларини оширишга ҳам қодир.

         Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари

  • Кўрилди
    914
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+