Маҳалла – янгиланишлар, ислоҳотлар кўзгуси

27.04.2021, 16:39

Маҳалла – янгиланишлар, ислоҳотлар кўзгуси

Хабарингиз бор, 23 апрель куни Президентимиз пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги “Парвоз” маҳалласига ташриф буюриб, юз бераётган ўзгаришлар, олиб борилаётган ишлар билан бевосита танишди.  Зеро, ҳар бир маҳалла мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар кўзгусидир. Юртдошларимиз туриш-турмуши, маънавий, ижтимоий ҳаёти унда яққол акс этади. Шу маънода олганда тилга олинган маҳалланинг ҳар жиҳатдан ободлиги, кўркамлиги, бу ердагиларнинг фаровон, бахтли ҳаёт кечираётгани диққатга сазовор. Бунга ўз-ўзидан эришилаётгани йўқ. Юртбошимиз халқни рози қилишга астойдил киришган, катта-кичик раҳбарларни ҳам ана шу ишга сафарбар қиляпти.

– Ҳозирги шароитда нима учун “темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари” тизимини жорий этдик? Агар давлат аҳолининг камбағал қатламига, аёллар, ёшларга эътибор берса, ҳокимликлар иш тизимини шунга қараб ташкил қилса, одамларда ишонч уйғонади. Давлатга ишонч қачон бўлади? Қачонки, маҳаллада ўзгариш бўлса, – деди Президент.

Ташриф чоғида Тошкент шаҳридаги барча 524 та маҳаллани обод қилиш, бунинг учун ҳар бирига маблағ ажратиб, лойиҳаларни тасдиқлаш бўйича топшириқ берилди.

Дарҳақиқат, ҳеч бир ҳамюртимиз ҳаётини ўз маҳалласидан айрича ҳолда тасаввур қилолмайди. Маҳалланинг гуллаб-яшнаши инсонларни руҳлантиради, ислоҳотларга ишончини янада мустаҳкамлайди.

Шу ўринда O'zLiDeP Президентимиз даъватларига, олиб бораётган ислоҳотларга ҳамоҳанг ҳолда иш юритаётганини қайд этиш зарур. Партия бир неча йилдан буён маҳаллалардаги турли-туман муаммоларни ҳал қилишга қаратилган лойиҳаларни тизимли равишда амалга оширяпти. Бу жараёнда фаолларимиз, жумладан, энг чекка ҳудудлардаги юз минглаб хонадонларга кириб борди, ижтимоий-иқтисодий масалалар ҳал қилинишига баҳоли қудрат ҳисса қўшди. Шу аснода партия ўз электорати вакилларига янада яқинлашди, улар билан ҳамнафас бўлди.

Албатта, O'zLiDeP ва электоратимиз вакиллари, депутатларимиз маҳаллаларнинг бундан-да обод этиш билан боғлиқ ишлардан четда турмайди, салоҳиятини ишга солиб, бу борадаги ишларга кўмаклашади. Зотан, пойтахтимиздаги ҳар бир маҳалла, унда яшаётган ҳамюртларимизнинг турмуш шароитини яхшилашга ҳисса қўшиш партиямиз ва тарафдорларимизнинг устувор мақсадларидан бирига айланади.

O'zLiDeP Тошкент шаҳар кенгаши

Теглар
Кун мавзуси
  • Кўрилди
    975
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+