Мазмунли, самарали бизнес саёҳат

29.04.2021, 15:49

Мазмунли, самарали бизнес саёҳат

O‘zLiDeP Гулистон шаҳар Кенгаши депутатлик гуруҳи томонидан ўз бизнесини бошламоқчи бўлган ёшлар ҳамда хотин-қизлар учун бизнес  саёҳат ташкил қилинди. 

Гулистон шаҳридаги бир нечта тадбиркорлик субъектларига  уюштирилган ташрифда  шаҳардаги маҳаллаларда истиқомат қилаётган элликка яқин ўз тадбиркорлигини йўлга қўймоқчи ва фаолиятини кенгайтирмоқчи бўлган хотин-қизлар, ОАВ вакиллари, шаҳар Кенгаши депутатлари хамда ҳамкор ташкилотлардан иборат гуруҳ  иштирок этди.

Бизнес саёҳат жараёнида “Ўз тадбиркорлигини йўлга қўймоқчи бўлган хотин-қизларни аниқлаш ва субсидиялар ажратилишига кўмаклашиш ҳамда кичик бизнесни ривожлантириш” борасида маҳорат дарслари ҳам  ўтказилди.

Дастлабки  мулоқот манзили  Гулистон шаҳридаги "Wangda metal” қўшма корхонаси бўлди. Иштирокчиларни корхона иш юритувчиси, Гулистон шаҳар Кенгаши депутати Гулинур Абдуллаева қарши олди.

- 2015 йилда ташкил топган корхонамизнинг 4 та цехида  барча турдаги қишлоқ хўжалик техникалари ва саноат корхоналариг учун бутловчи ва  эҳтиёт қисмлар тайёрланади ва етказиб берилади, - деди Гулинур Абдуллаева. -  Корхонамизда 135 нафар  маҳалий ёшлар ҳамда 36 нафар хитойлик мутахассислар фаолият юритишади. Хом ашё -  металл маҳсулотлар Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Тожикистондан олиб келинади.

 Гулинур  бизнес тур иштирокчиларига мотивация бериш жараёнида  уларнинг барча саволларига ҳам жавоб бериб турди ва ёшларнинг талабидан келиб чиқиб ўз таржимаи ҳолини хитой тилида сўзлаб берди. Ёш тадбиркор нафақат хитой тилини , балки , инглиз, рус  тилларини ҳам мукаммал билади ва ҳар бир тадбиркор камида иккита тилни мукаммал билиши лозим, деб ҳисоблайди. У мазкур заводда иш бошлагунига қадар хитой тилида сўзлашишни билмасди. Хитой билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилгач, у бу тилни ҳам ўзлаштириб олди. Бугунги кунда тил билиш тадбиркор учун жуда қўл келмоқда.

Яна бир эътиборли жиҳат ўтган йилги пандемия даврида металл заводи шаҳардаги 71 та ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилаларни зарур озик-овқат ва кундалик маҳсулотлари билан таъминлаб турди.

Кейинги ташриф “Омадли аёллар” кооперативи”га бўлди. Мазкур кооперативни бошқараётган Дилрабо Мисирова 50 нафардан зиёд гулистонлик хотин-қизларни иш билан таъминлаган. Дилрабо 25 нафар хотин-қизга уйда ўтириб ишлаш учун шароит яратиб берган. Д.Мисирова асли  инглиз тили фани ўқитувчиси. Тикувчиликка ёшлигидан қизиққанлиги боис бўш вақтларида ҳавасга қўни-қўшниларига либослар тикиб берарди. Вақтини беҳуда, бефойда нарсаларга сарфлашни хушламайди.

- Ҳаётда нимани истасангиз, нимани орзу қилсангиз  ҳаёт сизга шуни тортиқ қилади. Энг аввало инсон шукур қилишни билиши керак, - дейди Дилрабо. – Мен барча қулайликларга эга бўлган тикув цехим бўлишини орзу қилдим ва астойдил шунга интилдим. 3 та тикув машинаси билан иш бошлагандим, бугун тикув машиналарим сони 50 тадан ошди. 18 йилдан буён халқимизга хизмат қилиб кам бўлмаяпман. Айни пайтда буюрмаларимиз шунчалик кўпки, уйда ўтириб ишлаш ниятида бўлган аёлларни ишга қабул қилишимиз мумкин.

 “El – Aziz” тасарруфидаги қандолатчилик цехи фаолияти ҳам иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Ёшлар бир соатга яқин вақт мобайнида бир неча хил турдаги қандолат маҳсулотлари, нон ва нон маҳсулотлари, гўштли ва гижда нонлар тайёрлаш жараёнларида иштирок этишди.

Иштирокчи  ёшлар, аёллар куннинг иккинчи ярмида вилоят мусиқали драма театри биносида давом этган бизнес форумда қатнашишди. Тажрибали тадбиркорлардан маҳорат сабоқларини олишди.

Партия  Гулистон шаҳар Кенгаши томонидан ташкил қилинган бизнес саёҳат мазмунли, самарали якун топди.

Лола Кенжаева, 

O‘zLiDeP Гулистон шаҳар Кенгаши 

аппарат раҳбари, Гулистон шаҳар

Кенгаши депутати

  • Кўрилди
    626
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+