Қорақалпоғистонда томорқа хизмати кластерлари аҳоли хонадонларига иссиқхоналар қуриб беришда кўмакчи бўляпти

29.04.2021, 17:36

Қорақалпоғистонда томорқа хизмати кластерлари аҳоли хонадонларига иссиқхоналар қуриб беришда кўмакчи бўляпти

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси, OʻzLiDeP фракцияси раҳбари Aктам Хаитов томорқа ер эгаларининг фаолияти билан яқиндан танишиш ва уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш, ҳал қилишда амалий ёрдам бериш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманида бўлди.

Ердан унумли ва оқилона фойдаланиш деҳқончиликда муҳим аҳамият касб этади. Ўз ишининг устаси бўлган деҳқон борки, албатта, бунинг самарасини яхши билади. Ерни бўш қолдирмаслик, мавсумий, иқлим шароитига мос экинларни экиб, такрорий ҳосил олиш ҳаракатида бўлади.  

Давлатимиз раҳбарининг қарорига асосан, Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё, Бўзатов ва Нукус туманларида жорий йилда томорқачилик кластери ташкил қилинмоқда. Улар 12 турдаги йўналиш бўйича аҳолига хизмат қилади. Иссиқхонада кўчат етиштириб бериш, кўчатларнинг нави ва сифатига жавоб беради, уларни экиб, агротехник тадбирларни ўз ичига олади. Тумандаги “Саманбай” овул фуқаролар йиғини ҳудудида «Тўремурат бест томорқа хизмати кластери” масъулияти чекланган жамияти бугунги кунда самарали фаолият олиб бормоқда.  

Спикер ўринбосари дастлаб ушбу жамият фаолияти билан яқиндан танишди. Айни пайтда томорқа хизмати кластерига тегишли бўлган ерларнинг 36 гектари боғдорчиликка, 80 гектари сабзавот экинлари ва 3 гектари иссиқхонага ихтисослаштирилган. Иссиқхонада асосан помидор, бодринг, редиска, исмалоқ етиштирилмоқда.

– Бизга Ўзбекистон Республикаси Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан 3 миллиард сўмдан зиёд кредит маблағи ажратилиб, белгиланган йўналиш бўйича иш олиб борамиз, – дейди “Тўремурат бест томорқа хизмати кластери” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Алишер Муртазаев. – Жамиятимиз қошидаги музлаткичларнинг умумий сиғими 710 тонна бўлиб, уларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сақланиб келинмоқда. Маҳсулотларимиз эса қўшни Қозоғистон ва Россия давлатларига экспорт қилинмоқда.  

Таъкидлаш жоиз, бугунги томорқачи чин маънода ҳам миришкор ҳам тадбиркор ҳисобланади. Чунки, у ўзи етиштирган маҳсулотларини бозорларга тўғридан-тўғри олиб чиқиб сотиш имкониятига эга.  

Спикер ўринбосари Актам Хаитов томорқа хизмати кластер фаолияти билан яқиндан танишар экан, туман ҳудудидаги “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга кластер қошидаги иссиқхоналарда кўргазмали семинарлар ташкил қилиш, уларни томорқачиликка қизиқтириш орқали даромад топишга ўргатиш, кредит ҳисобидан иссиқхоналар қуриб бериш бўйича ўз таклиф ва тавсияларини берди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА

  • Кўрилди
    1000
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+