Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари учрашуви халқларимизнинг кўп асрлик яхши қўшничилик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади

30.04.2021, 13:16

Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари учрашуви халқларимизнинг кўп асрлик яхши қўшничилик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади

Ўзбек ва туркман халқларининг азалий дўстлиги ва қардошлиги узоқ тарихга эга. Бу икки халқнинг удуми, урф-одатлари, қадриятлари ва тили ўхшаш ва муштаракдир. Ана шундай юксак ишонч ва эътиқодга эга халқларнинг яхши қўшничилик ришталари янада мустаҳкамланиб бормоқда.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ашхобод шаҳрида Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан бўлиб ўтган учрашуви икки халқнинг ана шу азалий қардошлик алоқаларини янада равнақ топишига хизмат қилади. Бинобарин, музокаралар чоғида икки томонлама ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари муҳокама қилинди ва айтиш жоизки, яқин қўшни бўлган бу мамлакат билан биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли кейинги йилларда товар айирбошлаш ҳажми уч баробардан зиёдга кўпайди ва ўтган йил якунларига кўра 530 миллион долларга етди, 150 дан ортиқ қўшма корхона ташкил этилди.

Музокораларда шунингдек, савдо, инвестициялар, саноат кооперацияси бўйича, энг аввало транспорт, энергетика, машинасозлик, енгил ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида мавжуд салоҳиятни янада тўлиқ ишга солиш зарурлигига эътибор қаратилди. Халқаро транспорт ва транзит йўлагини яратиш тўғрисидаги Ашхобод битимини бундан буён ҳам биргаликда илгари суриш, шунингдек, Хитой – Марказий Осиё – Жанубий Кавказ – Туркия мультимодал маршрутининг самарали ишлатилишини таъминлаш ва транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги ҳамкорликни давом эттиришга томонлар тайёр экани таъкидланди.

Энг қувонарлиси эса ўзбек-туркман биродорлиги рамзи сифатида Ашхобод шаҳрида “Тошкент” боғининг ташкил этилгани учун давлатимиз раҳбари чуқур миннатдорлик изҳор этди. Ҳамкорликни янада кенгайтириш ва янги ўсиш нуқталарини излаш мақсадида яқин вақтда Тошкент шаҳрида Савдо-иқтисодий, илмий-техник ва маданий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Туркманистон ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилишини ўтказиши белгилангани ҳам ўзаро иқтисодий ҳамкорликларимиз янги босқичга кўтарилаётганидан далолат беради.

Бу учрашув ҳар икки давлат халқларини қувонтиргани табиий. Чунки дўстлик қудратли кучга эга. Яқин қўшнилар ўртасидаги қардошлик ришталарининг тобора мустаҳкамланиб боришидан эса иккала давлат ҳам манфаатдордир. Зеро, қўшнинг тинч, сен тинч деб бижизга айтилмаган.

Дилбар Усмонова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    462
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+