O'zLiDeP фракцияси Сув хўжалиги вазирлиги ҳисоботини эшитмоқда

30.04.2021, 17:00

O'zLiDeP фракцияси Сув хўжалиги вазирлиги  ҳисоботини эшитмоқда

Экинлардан олинадиган даромадни кескин кўпайтириш ва сувдан оқилона фойдаланиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири саналади. Шу боис, мамлакатимизда сувни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021 — 2023 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Жорий йилнинг биринчи чорагида мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2020-2021 йиллар кузги-қишки мавсум давомида суғориш ишларига жами 9 млрд. 517 млн.м3 ёки лимитга нисбатан 97 фоиз сув етказиб берилди. Олинган сув билан мавсумда 6,76 млн. гектар майдонда қишлоқ хўжалиги экин майдонларида суғориш ва шўр ювиш ишлари бажарилди.

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракцияси ҳамда Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилаётган йиғилишда маълум қилинди.

Сув хўжалиги вазирлиги томонидан тақдим этилган ҳисоботда келтирилишича, жорий йилнинг биринчи чорагида 300 та сув хўжалиги объектларига “Ақлли сув” қурилмалари ўрнатилган бўлиб, 2 та йирик сув хўжалиги объектининг бошқарув жараёнларини автоматлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Масалан, республикадаги ҳар бир ҳудуддан биттадан насос станцияларига чиқарилаётган сув ҳажмини онлайн мониторинг қилиш имконини берувчи жами 27 та қурилма ўрнатилиб, онлайн тартибда шаффоф мониторингини юритиш тизими синов тариқасида жорий қилинган.

Шунингдек, Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлигининг молиявий кўмаги ёрдамида “Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини мониторинг қилиш” ахборот тизими ишлаб чиқилган. 104 та мелиоратив кузатув қудуқларига эса сизот сувлари сатҳи ҳамда минераллашганлик даражасини онлайн назорат қилувчи рақамли қурилмалар ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

  • Кўрилди
    596
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+