Бош мақсад – ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш

01.05.2021, 10:50

Бош мақсад – ёшлар тадбиркорлигини  қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш

Бугун дунё аҳолисининг 20 фоизини, юртимизда эса аҳолининг 60 фоизини ёшлар ташкил этади. Бу ўз-ўзидан Ўзбекистон ҳақиқий ёшлар мамлакати ва улар етакчи куч эканлигини тасдиқлайди. Жорий йилни мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб элон қилиниши замирида ҳам улкан мақсадлар мужассам.

Давлатимиз раҳбарининг “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини ташкил этиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эса келажагимиз бунёдкорлари бўлмиш йигит-қизларнинг тадбиркорликка оид ташаббуслари, стартап-лойиҳалари рўёбга чиқишига қаратилган муҳим ҳуқуқий асос бўлди.

Сир эмаски, эндигина тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган ёшлар бизнесни йўлга қўйишда бироз қийинчиликларга дуч келади. Мазкур қарорда ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаши ва юритишлари учун Ёшлар саноат зоналари ҳудудида ишлаб чиқариш майдонлари тақдим этиш орқали уларни бу соҳага кенг жалб қилиш, "Ёшлар дафтари"га киритилган ёшларни иш билан таъминлаш кўзда тутилмоқда.

Ёшлар саноат зоналари муҳандислик-техник коммуникациялари мавжуд бўлган ёки ўтказиш осон бўлган, фаолият кўрсатмаётган ишлаб чиқариш майдонлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер майдонларида ташкил этилади. Ёшлар саноат зоналарига жойлаштириш учун инвестиция лойиҳалари туман (шаҳар) ҳокимлари раҳбарлигида тузилган ишчи гуруҳлари томонидан танлаб олинади.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, ёшлар саноат зоналари ҳудудида майдони 1 000 кв.м гача бўлган ер участкалари, истисно тариқасида, электрон аукцион савдоси ўтказмасдан, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларининг қарори билан ажратилади. Бунда бўш бино ва иншоотлар (давлат кўчмас мулк объектлари) шартнома асосида ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун белгиланадиган ижара тўловининг энг кам миқдоридан ошмаган ставкаларида ижарага берилади.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида ташкил этилган Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари эса ташқи бозорларда талаб юқори бўлган ва импортнинг ўрнини босувчи, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этишга шунингдек, маҳаллий хом ашё ва материаллар негизида мустаҳкам кооперация алоқаларини ўрнатишга ҳамда юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштиришга сарфланади.

Яна бир муҳим жиҳати, қарор билан 2023 йил 31 декабрга қадар Ёшлар саноат зоналари ҳудудида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг таъминоти билан боғлиқ қуйидагиларни назарда тутувчи тартиб жорий этилади:

–Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси тижорат банкларининг кредитлари бўйича кредит суммасининг 50 фоизигача миқдорида, бироқ 500 млн сўмдан ошмаган миқдорда кафилликлар беради;

–устав фонди (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан зиёд бўлган суғурта ташкилотлари тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредитларнинг 50 фоизигача миқдорида, лекин 500 млн сўмдан ошмаган миқдорда, йиллик 2 фоиз ставкасида суғурта полисини тақдим этади. Ушбу бандда назарда тутилган тартиб солиқлар ҳамда олдинги тузилган кредит шартномалари бўйича муддати ўтказиб юборилган қарздорлиги мавжуд бўлган ёш тадбиркорлик субъектларига татбиқ этилмайди.

Умуман олганда, бугунги кунда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, хусусан, ёшларнинг бизнес ғояларини амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур қарор ижроси эса жойларда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббуслари, стартап-лойиҳаларини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

Баҳром РАҲМОНАЛИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

 палатасидаги O'zLiDeP

фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    820
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+