Ижтимоий контракт тузиш амалиёти жорий этилади

01.05.2021, 10:55

Ижтимоий контракт тузиш амалиёти жорий этилади

Ижтимоий контракт нима? У қандай ҳолатда тузилади? Бунда қайси жиҳатларга эътибор қаратилади? Тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари нималардан иборат? Ижтимоий контракт шартларини бажармаган тақдирда қандай чоралар кўрилади?

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 20 апрелдаги “Давлат маблағлари ҳисобидан банд бўлмаган аҳолига берилаётган субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловларнинг мақсадли ва самарали ишлатилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ушбу саволлар атрофлича очиб берилган.  

Бинобарин, ушбу қарор билан Давлат маблағлари хисобидан ажратилаётган субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловларни олувчи банд бўлмаган аҳоли билан ижтимоий контракт тузиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом тасдиқланди.

Қайд этиш жоиз, ижтимоий контракт — банд бўлмаган аҳолига давлат маблағлари ҳисобидан ажратилаётган субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловлардан мақсадли ва самарали фойдаланилишини таъминлаш мақсадида банд бўлмаган аҳоли ва туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ўртасида тузиладиган шартнома ҳисобланади.

Ижтимоий контракт банд бўлмаган аҳоли учун давлат маблағлари ҳисобидан ажратилаётган субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловлардан мақсадли ва самарали фойдаланишни таъминлаш (ўзининг ва оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш, даромадини ошириш ва яшаш шароитларини яхшилаш) мақсадида тузилади.

Уни тузишда банд бўлмаган аҳолининг бандлик тури билан шуғулланишга хоҳиши, имконияти ва касб малакаси ҳисобга олинади.

Ижтимоий контракт шартларини бажаришнинг мажбурийлиги ва бажарилмаслиги ёки лозим даражада бажарилмаслиги учун шартнома тарафларига ижтимоий масъулият юкланади.

Қарорга кўра, ижтимоий контракт тузиш амалиёти дастлаб тажриба-синов тариқасида жорий йил 1 майдан бошлаб республикамизнинг ҳар бир ҳудудидан танлаб олинган битта туман ва битта шаҳарда амалга оширилади.

Ижтимоий контракт бажарилишининг мониторинги банд бўлмаган аҳолининг доимий ёки вақтинчалик яшаш жойидаги маҳаллий меҳнат органи инспектори томонидан олиб борилади. Бу ҳар ойда банд бўлмаган аҳоли билан бевосита учрашиш орқали рўёбга чиқарилади ҳамда меҳнат инспектори тақдим қилган маълумотнома асосида ижтимоий контрактнинг самарали бажарилиши баҳолаб борилади.

Юқорида қайд этилган Низомда ижтимоий контрактни тузиш тартиби, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилмоқда.

Банд бўлмаган аҳолига субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловларнинг турига қараб бир қатор мажбуриятлар юклатилмоқда. Жумладан, банд бўлмаган шахс ишсизлик нафақаси тайинлангандан сўнг фаол иш қидириши ва маҳаллий меҳнат органлари томонидан таклиф қилинган мақбул иш жойларига ишга жойлашиши, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиши, кичик корхоналар ва микрофирмаларни давлат рўйхатидан ўтказиши, кредит олишда суғурта полюси тўловини, давлат рўйхатидан ўтгандан кейин уч ой давомида ижара тўловини қоплаши учун субсидия ажратилгандан сўнг тадбиркорлик фаолияти билан фаол шуғулланиши керак.

Шунингдек, банд бўлмаган шахс ҳунарманд сифатида “Ҳунармандчилик” уюшмасида рўйхатдан ўтиш учун субсидия ажратилгандан сўнг ҳунармандчилик фаолияти билан фаол шуғулланиши, субсидия ҳисобига енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатилгандан ҳамда суғориш воситалари, уруғликлар ва кўчатлар сотиб олингандан сўнг шахсий томорқасидан самарали фойдаланиши шарт бўлади.

Банд бўлмаган аҳоли зиммасига юклатилган ушбу мажбуриятларни,  ижтимоий контракт шартларини бажармаган тақдирда, маҳаллий меҳнат органи томонидан тегишли далолатнома расмийлаштирилади. Контракт бекор қилинган кундан эътиборан ўн икки ойгача ушбу шахс билан ижтимоий контракт тузилмайди.

Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан Давлат бюджети маблағларини мақсадли сарфланиши устидан ҳудудларда ўтказилган назорат-таҳлил тадбирлари давомида айнан ушбу масалада ижобий ишлар билан бирга, айрим камчиликларнинг ҳам гувоҳи бўлган эдик. Масалан, енгил конструкцияли иссиқхоналар қуриб берилишига қарамасдан ундан мақсадли фойдаланилмаётганлигини кўриб, очиғи, жуда таассуфланган эдик. Шу жойнинг ўзида хонадон эгаларига тегишли тушунтиришлар бериб, бундай беминнат бериладиган молиявий ёрдамни қадрига етиш кераклиги ҳақида огоҳлантирган ҳам эдик.

Эндиликда давлат маблағлари ҳисобидан ажратилаётган субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловлар ижтимоий контракт асосида бериладиган бўлди. Бу эса, ўз навбатида, банд бўлмаган аҳолининг давлат томонидан берилаётган бундай беминнат кўмакнинг қадрига етиб, ундан самарали фойдаланишдаги масъулиятини оширишга ҳамда ўзининг ва оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш, даромадини ошириш ва яшаш шароитларини яхшилашга хизмат қилади.

Мавлуда ХЎЖАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатасидаги O'zLiDeP фрацияси аъзоси

  • Кўрилди
    372
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+