Қўшкўпир туманидаги “Темур қалмиқ томорқа хизмати” МЧЖга имтиёзли кредитлар ажратиладиган бўлди

01.05.2021, 17:00

Қўшкўпир туманидаги “Темур қалмиқ томорқа хизмати”  МЧЖга имтиёзли кредитлар ажратиладиган бўлди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O'zLiDeP фракцияси раҳбари А.Ҳаитов воҳадаги учрашуви давомида Қўшкўпир тумани Ҳайрабод қишлоғида жойлашган “Темур Қалмиқ томорқа хизмати” МЧЖ таркибида ташкил этилаётган кластер фаолияти билан ҳам танишди.

Кластер фаолияти йўлга қўйилса аҳолига 12 турдаги хизматларни кўрсатиш имкониятига эга бўлади. Инкубация хонасида 15 минг жўжа етиштириш қувватига эга 3 дона замонавий технологиялар ўрнатилган. Эътиборга молик жиҳати, бу ерда балиқ човоқлари етиштириш билан бирга шлакоблок ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилган. Келгусида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун музлатгич, аҳолини тадбиркорлик ва томорқачиликка тайёрлайдиган ўқув маркази, савдо дўконлари, сутни қайта ишлаш цехлари ташкил этилади.

 А.Ҳаитов бу ерда олиб борилаётган қурилиш ишларини кўздан кечирар экан, тадбиркорни қийнаб келаётган муаммо билан ҳам қизиқди. Суҳбат жараёнида жамият раҳбари фаолиятини кенгайтиришда 2 млрд сўм миқдорида кредит маблағи зарурлигини билдирди. Ушбу масала жойида ҳал этилиб, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги жамғарма ҳисобидан фуқарога имтиёзли кредит  ажратиб бериладиган бўлди.

Мазкур томорқа хизмати тумандаги “Ўртаёп” маҳалласида 1,25 гектар майдонда иссиқхона ҳам ташкил этган бўлиб, бу ерда парваришланаётган помидор, бодринг, булғор қалампири кўчатлари аҳолига етказиб берилади. Янги навлар синовдан ўтказилиб, юқори ҳосилдор полиз сабзавот кўчатлари етиштирилади. Қувонарлиси, иссиқхонада маҳалладаги “Аёллар дафтари”га киритилган 12 нафар хотин-қиз иш билан банд.

Учрашувлар давомида вилоятда бандлик ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга доир қабул қилинган дастурларнинг ижроси ўрганилиб, бу борада келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

  • Кўрилди
    1262
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+