Депутат ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олди

03.05.2021, 09:37

Депутат ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олди

Аҳоли сони ўсиши билан табиийки уй-жойга эҳтиёж ҳам ошади. Шу сабабли Президентимиз томонидан бу борада узоқни кўзлаб, оқилона сиёсат олиб борилди. Эришилган ютуқлар эса ўзимизники, энди бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтириш лозим.

Уйга эҳтиёжи бор оилалар ҳали ҳам кўп. Жойларда сайловчилар билан учрашувлар чоғида бу масалада халқдан кўплаб мурожаатлар бўлмоқда. Яна минглаб уй-жойлар барпо этиш, аҳолини арзон уй-жойлар билан таъминлашни ҳаётнинг ўзи талаб қилмоқда.

Уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича жорий йил 3 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган долзарб вазифаларни белгилаб берди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O'zLiDeP фракцяси аъзоси Одинахон Отахонова Андижон вилоятидаги учрашуви доирасида вилоят Қурилиш бош бошқармаси бошлиғи Рустамбек Хожибоев, Шаҳрихон тумани ҳокими Хикматулло Дадахоновлар билан биргаликда тумандаги ипотека кредитлари асосида қурилаётган кўп қаватли уй-жойлар билан танишди.

Мулоқотлар давомида уй-жойлар қурилиши учун давлат томонидан аҳоли ва қурувчиларга катта имтиёзлар берилаётгани, жумладан, жорий йилда ипотека кредити бўйича 6 ойлик имтиёзли давр киритилиши, паст даромадли, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларга 15 фоизлик дастлабки бадалнинг 10 фоизи субсидия сифатида тўлаб берилиши айтиб ўтилди.

– Вилоятимизда уй-жойга эҳтиёжи бор оилалар кўп. Сайловчилар томонидан кўтарилаётган мурожаатларнинг аксарият қисмини ҳам уй-жойга оид масалалар ташкил этади, – дейди парламент қуйи палатаси депутати О.Отахонова. – Тўғри, кейинги йилларда вилоятда аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича барча чоралар кўриляпти. Лекин қурилаётган уй-жойларнинг нархи қиммат, кўпчилик фуқароларимиз бу уйларни ололмайди. Шу боис, ҳозир ана шундай оилаларнинг оғирини енгил, мушкулини осон қилиш мақсадида давлатимиз томонидан аҳолига қатор қулайлик ва имтиёзлар яратиляпти. Хусусан, оғир турмуш шароитидаги оилаларни ижтимоий ижара асосида уй билан таъминлаш мақсадида ҳудудларга мингта квартира сотиб олиш учун маблағ ажратиляпти.

Миллий ҳунармандчилик — халқимизнинг тарихий, моддий-маънавий меросини, орзу-истакларини ўзида мужассам этиб келаётган мерос. Шу сабабли охирги йилларда ушбу соҳа жадал ривожланиб, ҳунармандлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Бир пайтлар уста ва ҳунармандлар ўзлари яратган буюмларни сотиш, аҳолига етказишда турли тўсиқларга учраган бўлса, бугун ҳар бир туман ва шаҳарда ҳунармандлар марказлари ташкил этилаётир.

Шаҳрихон тумани марказий йўл бўйида қад ростлаётган “Ҳунармандлар маркази” шулардан бири. Халқ вакили учрашувлари давомида бу ерда олиб борилаётган қурилиш ишлари билан танишди. Ўзаро мулоқотлар чоғида бу соҳа орқали халқимизнинг бой маданий мероси ва тарихий анъаналарини тўлиқ сақлаб қолиш, банд бўлмаган аҳолини, айниқса, ёшлар, аёллар ва кам таъминланган оилаларни иш билан таъминлаш мумкинлиги қайд этилди.

Куннинг иккинчи ярмида халқ ноиби “Халқпарвар комиссияси” билан биргаликда “Муллавой” МФЙда яшовчи уй-жойга муҳтож бўлган фуқаролар хонадонида бўлиб, уларнинг яшаш шароитлари билан танишди. Фуқароларга юртимизда аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар, давлатимиз томонидан берилаётган имтиёзлар ҳақида маълумотлар берилди. Шу маҳаллада яшовчи Нуъмонжон Ғозиевга ногиронлик аравачаси топширилди.

Депутат О.Отахонова шунингдек, Шаҳрихон туманининг бир қатор маҳаллаларида бўлиб, “Темир дафтар”га киритилган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган оилалар ҳолидан хабар олди. 10 та хонадонга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатди.

  • Кўрилди
    518
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+