Дўст бошга кулфат тушганда билинади

03.05.2021, 15:39

Дўст бошга кулфат тушганда билинади

Пандемия жаҳонда яна авж олаяпти. Вирус айрим давлатларни боши берк кўчага киритиб қўймоқда. Ана шундай мураккаб бир даврда Ўзбекистон нафақат ўз халқи, балки бошқа мамлакатлар тақдирига ҳам бефарқ қараб тураётгани йўқ. Бу кейинги йилларда ташқи сиёсатдаги янги руҳ, прагматик қарашларнинг амалий натижаси десак тўғри бўлади.

Коронавирусга қарши самарали курашишда бирдамлик, ҳамкорлик ва ўзаро ғамхўрлик тамойиллари асосида иш тутиш лозим эканлигини Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йил 10 апрель куни ўтказилган Туркий тилли давлатлар Ҳамкорлик кенгашининг навбатдан ташқари саммитидаги нутқида ҳам алоҳида таъкидлаб ўтган эди.

Пандемия даврида Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги ўзига хос устувор йўналиш коронавирусдан азият чекаётган мамлакатларга инсонпарварлик ёрдамларини кўрсатиш билан боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Ҳар қанча қийинчиликларга қарамай, Ўзбекистон яқин, қўшни ва ҳамкор мамлакатларга дўстона ёрдам қўлини чўзиб келмоқда. Хусусан, ҳозирда  оғир эпидемиологик вазиятни бошдан кечираётган Ҳиндистонга Президентимиз топшириғи билан мобил кислород концентраторлари тўпламлари, эҳтиёж юқори бўлган турли дори воситаларидан таркиб топган инсонпарварлик ёрдами кўрсатилгани фикримиз тасдиғидир. Зеро, бирон-бир давлат якка ҳолда ушбу пандемия балосига қарши самарали кураш олиб бора олмайди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ҳиндистондаги  коронавирус билан боғлиқ вазиятга тезкор ва тўғри ёндашиб, биринчилардан бўлиб инсонпарварлик ёрдамини юбориш ҳақида қарор қабул қилингани мамлакатимизнинг бундан тўрт йил олдин бошланган халқаро ҳамжамият олдида фаол ҳамкорлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш тамойилларига содиқлигини яна бир бор намоён этди.  

Ҳақиқий дўст бошга оғир кун тушганда билинади деганларидек, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги бундай самимиятга асосланган, беғараз, дўстона муносабатлар икки мамлакат ўртасидаги стратегик ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда, бу хайрли ишларнинг барчаси Президентимизнинг мамлакатда пандемияни тўхтатишга ва шу билан бирга, дунёда коронавирус тарқалишига қарши курашишга алоҳида эътибор қаратаётганидан далолатдир.

O'zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    841
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+