Иккита кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга нега зарурат туғилди?

03.05.2021, 16:20

Иккита кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар  киритишга нега зарурат туғилди?

Айни дамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Унда депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилмоқда.
Хўш, мазкур қонун лойиҳасида қандай янги нормалар акс этмоқда, ушбу ҳужжатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга нега зарурат туғилди?

Маълум қилинишича, ўрганишлар амалдаги қонунчиликда кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ қилмишларни малакалашда бир қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда. Жумладан, бугунги кунда кучли таъсир қилувчи моддалар билан қонунга ҳилоф равишда муомала қилганлик учун жавобгарлик Жиноят кодексининг турли моддаларида назарда тутилган.

Масалан, Жиноят кодекси 2511-моддасининг биринчи қисмида дори препаратлари ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни ўтказиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаганлик, қайта ишлаганлик, олганлик, сақлаганлик, ташиганлик ёхуд жўнатганлик, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказганлик учун жавобгарлик белгиланган.

Қонун лойиҳаси билан Жиноят кодексига таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар бўлган дори воситаларининг ноқонуний муомаласи учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликни белгилаш, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузганлик учун дастлаб маъмурий, сўнгра жиноий жавобгарликни сақлаб қолиш таклиф этилмоқда.

Кучли таъсир қилувчи моддаларнинг, шу жумладан, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларининг ноқонуний муомаласидаги “кўп миқдор” тушунчасини аниқлаш бўйича ягона амалиётни шакллантириш учун ушбу миқдор унинг ҳажмига қараб тегишли давлат органи томонидан белгиланиши назарда тутилмоқда.

Фракция аъзолари қонун лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнида унинг қабул қилиниши аҳоли саломатлигини асраш, кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйишга хизмат қилишини инобатга олиб, лойиҳани биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқуллашди.

  • Кўрилди
    516
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+