Депутат “Posco International Textile” хорижий компанияси фаолияти билан танишди

03.05.2021, 17:23

Депутат “Posco International Textile” хорижий компанияси фаолияти билан танишди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Эмма Аслонова Бухоро шаҳридаги “Posco International Textile” хорижий компанияси Бухоро филиали фаолияти билан яқиндан танишди. 

Филиал директори Ли Джей Сонг билан учрашув давомида “Posco International Textile” компанияси томонидан Бухоро вилоятида амалга оширилаётган ва келажакдаги ижтимоий лойиҳалар хусусида фикр алмашинилди. Хусусан, компания томонидан келгусида Бухорода тўқимачилик кластери ташкил этиш, бухороликлар учун Корея Республикасидаги етук тиббиёт мутахассисларини олиб келиб хайрия асосида мураккаб операциялар ташкил этиш режалаштирилаётганлиги тўғрисида маълумотлар берилди. 

Маълумки, жорий йил апрель ойида юртимизга Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси спикери Пак Бён Сок бошчилигидаги нуфузли делегация ташриф буюрган эди. Ушбу ташриф доирасида Ўзбекистонда истиқомат қилаётган корейс диаспораси вакиллари билан ҳам учрашув бўлиб ўтган эди. Депутат Эмма Аслонова ҳам миллати корейс сифатида кореялик меҳмонлар билан бўлган мазкур учрашувда қатнашган эди. Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси спикери Пак Бён Сок Бухоро вилоятида инфраструктураларни ривожлантириш инвестицион лойиҳалари бўйича катта режалар қилинаётганлигини алоҳида эътироф этган эди. Депутат Эмма Аслонованинг “Posco International Textile” хорижий компанияси Бухоро филиали директори Ли Джей Сонг билан бўлиб ўтган учрашувида компаниянинг бу режалардаги иштироки қандай бўлиши билан қизиқди. 

“Posco International Textile” нинг Бухоро филиали 100 фоизли пахтадан иборат кўп турдаги бирлик ва иккилик калава ипи ишлаб чиқарувчи энг илғор фабрикалардан биридир. Ушбу корхона томонидан йилига 30 миллион АҚШ доллари миқдорида экспорт амалга оширилади. Замонавий дастгоҳлар билан жиҳозланган ушбу фабрикада 720 нафар фуқароларимиз замонавий технология ютуқларидан фойдаланган холда энг олий навли ва юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришда меҳнатларини аямай келмоқдалар. 

Бундан ташқари, депутат шу куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 мартдаги “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан, жорий йилда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби доирасида Бухоро ва Ромитан туманларида амалга оширилаётган ишларни ўрганди. Ушбу Фармон асосида Бухоро туманида 2 та 5 қаватли 80 та хонадон барпо этилиши режалаштирилган бўлиб, ушбу хонадонлар “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган фуқароларимизга бошланғич тўловлари тўлаб берилиши асосида ажратиб берилиши кўзда тутилган.

Депутат томонидан “Халқпарвар комиссия”сининг субсидия тўланадиган фуқароларни танлаб олиш, бунда уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқаролар рўйхатини шакллантирилиши ҳолати ўрганилди, ҳудуддаги даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож фуқаролар хонадонига ташриф буюриб, улар билан яқиндан мулоқот қилди.  

O'zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    719
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+