Таълимда коррупциянинг авж олишига жим қараб туриш – миллатнинг ўз оёғига ўзи болта уриш билан баробар

04.05.2021, 15:57

Таълимда коррупциянинг авж олишига жим қараб туриш – миллатнинг ўз оёғига ўзи болта уриш билан баробар

Кейинги йилларда таълим соҳасини “коррупциясиз соҳа”га айлантириш, бу борада қонун бузилиши ва камчиликларни бартараф этиш бўйича комплекс тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунга қарамасдан соҳада таъмагирлик, коррупция барҳам топмаяпти.

Хусусан, Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаментининг 2021 йил 1-чоракда бюджет маблағларини мақсадли сарфланиши юзасидан ҳисоботида Халқ таълими тизими бюджет маблағларини энг кўп ноқонуний сарфлаган, деб топилди. Вазирлик хабарига кўра, халқ таълими тизимида 43,3 млрд.сўм, мактабгача таълимда 41,2 млрд. сўмлик қонун бузилишига йўл қўйилган. Мамлакатимиз таълим соҳасининг бош бўғинида коррупция авж олаётгани ачинарли ҳол. Бу, биринчи навбатда ҳар бир мурғак боланинг ҳаққига хиёнат бўлса, бошқа томондан, бу иллатнинг илдизи қирқилмаса, тараққиёт кушандасига айланиб бораверади. Зеро, ҳар қандай миллатни йўқ қилиш учун атом бомбаси ёки узоқ масофали ракета шарт эмас. Бунинг учун таълимда коррупцияни томир отишининг ўзи етарли. Бу тарзда таълим олган шифокорлар қўлидан беморлар ўлим топади, қурувчилар қурган уй ва бинолар вайрон бўлади, иқтисодчи ва ҳисобчилар қўлида молиявий ресурслар совурилади, адолат ҳам шундай ҳуқуқшунос ва судьялар қўлида завол топади.

Ана шундай ҳолга келиб қолмаслигимиз учун жамиятни ҳалол ва коррупциядан ҳоли ҳудудга айлантиришга барчамиз бирдек масъул эканлигимизни ҳамда порахўр кимсаларга қарши курашишда фуқароларимизнинг ҳаракати асосий кучга эга бўлишини англаб етишимиз шарт.

O'zLiDeP коррупциянинг ҳар қандай кўринишини қоралайди. Биз таълим соҳасидаги коррупцияни олдини олишда парламент палаталаридаги коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмиталарининг ваколат ва функцияларини кенгайтириш ҳамда бюджет маблағлари устидан қатъий депутатлик назоратини кучайтириш лозим, деб ҳисоблаймиз. Қолаверса, коррупция билан боғлиқ ҳолатларда жазо чораларини оғирлаштириш масаласини ҳам  кўриб чиқиш вақти келди.

Бундан ташқари, кенг жамоатчиликда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга хизмат қилувчи чора-тадбирларни амалга ошириш, янгидан-янгича механизмларни ишлаб чиқиш керак. Хусусан, партия таълим муассасаларидаги ҳуқуқбузарликлар ёки коррупцион ҳолатлар ҳақида хабардор учинчи шахслар аноним ёки очиқ шаклда маълумот берадиган платформа ташкил этилишини илгари суради. Албатта, халқ таълим вазирлиги ёки адлия вазирлиги каби тегишли муассасаларда ташкил этилган "ишонч телефонлари" ҳам аслида шу мақсадга хизмат қилишини тан олишимиз керак. Аммо амалиётда кўриб турганимиздек, ишонч телефонларига келиб тушадиган мурожаатлар тафсилоти ёки мазмуни вазирликнинг ўзида муҳокама қилинади, тегишли чора кўрилади, аммо бу ҳақида кенг жамоатчилик хабардор қилинмайди.

Партия таклиф этадиган платформа эса ўз фаолиятини вазирликлардан мустақил тарзда амалга оширадиган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ёки тегишлилиги бўйича бошқа идоралар қошида ташкил этиладиган муассаса томонидан ишга туширилиши керак, деб ҳисоблаймиз. Ушбу платформага келиб тушаётган мурожаатларнинг мазмун-моҳияти, уларнинг асосли ёки асоссизлари ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олувчи ҳисоботларни даврий равишда кенг жамоатчиликка тақдим этиш амалиётини йўлга қўйиш керак.  

Хулоса қилиб айтганда, таълимда коррупциянинг авж олишига жим қараб туришга ҳаққимиз йўқ. Бу миллатнинг ўз оёғига ўзи болта уриш билан баробардир. Мазкур иллатга қарши, барчамиз биргаликда курашишимиз, аҳолида “антикоррупциявий иммунитет”ни шакллантиришимиз лозим.

O'zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    902
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+