Хўжаобод туман тиббиёт бирлашмаси туғруқ таътилидан қайтаётган ҳамширани нега ўз вазифасига қайтаришни ортга сурди?

05.05.2021, 15:45

Хўжаобод туман тиббиёт бирлашмаси туғруқ таътилидан қайтаётган ҳамширани нега ўз вазифасига қайтаришни ортга сурди?

М. Мамадалиева Хўжаобод тумани, “Бешкарам” маҳалласи, “Мустақиллик” кўчаси 62-уйда истиқомат қилади. Мтахассислиги ҳамширалик. Туман тиббиёт бирлашмасида айни вазифада ишлаган. Туғруқ таътилидан қайтиш арафасида. Бироқ мазкур тиббиёт бирлашмаси фуқаронинг қайтиш бўйича мурожаатини турли важлар кўрсатиш билан қатъий рад қилган. Аёлнинг айрим мутасаддиларга ушбу муаммо ечими бўйича қилган мурожаати ҳам жавобсиз қолгани ачинарли.

Бироқ халқ депутатлари туман кенгаши депутати Дилшодбек Алматов М.Мамадалиеванинг мурожаатини эътиборсиз қолдирмади.

-Масалани ижтимоий, ҳуқуқий томондан батафсил ўргандик, - дейди депутат. – Ҳақиқатан ҳам фуқаро бола парвариши таътилида бўлиб, таътилдан сўнг тиббиёт бирлашмаси раҳбариятига бир неча маротаба ўз вазифасига ишга қайтиш юзасидан мурожаат қилган, аммо иш берувчи томонидан ишга қайтариш чораси кўрилмаган. Ваҳоланки, “Меҳнат кодекси”нинг 234-моддасида ҳомиладорлик ва туғруқ таътили тугаганидан сўнг аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилиб, бу даврда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда нафақа тўланиши, болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланиши, бу таътиллар меҳнат стажига, лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан уч йил, шу жумладан мутахассислиги бўйича иш стажига ҳам қўшилиши белгиланган. Бироқ тиббиёт бирлашмаси мутасаддилари мазкур меъёрларга зид равишда собиқ ҳамширанинг талабини рад этгани қизиқ бўлди!

Депутат мазкур муаммо юзасидан Хўжаобод туман адлия бўлимига депутатлик сўрови юборди. Туман адлия бўлими халқ ноибига чинакам ҳамкор, елкадош бўла олди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, ўз ваколатлари доирасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш вазифаси бўйича депутатлик сўровида кўрсатилган муммони ижобий бартараф этишга кўмаклашди.      

Фуқаро М.Мамадалиева депутат ва адлия кўмаги билан ўз вазифасига ишга қайтарилди.

Зилола РАҲМОНОВА

  • Кўрилди
    755
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+