O'zLiDeP фракциясининг 2021 йил биринчи чоракдаги фаолияти сарҳисоб қилинди

06.05.2021, 09:17

O'zLiDeP фракциясининг 2021 йил биринчи  чоракдаги фаолияти сарҳисоб қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракцияси матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари учун брифинг ўтказди. Унда фракциянинг 2021 йил биринчи чоракдаги фаолияти юзасидан журналистларга ахборот берилди.

Брифингни парламент қуйи палатаси Спикер ўринбосари, O'zLiDeP фракцияси раҳбари А.Ҳаитов кириш сўзи билан очиб, фракция томонидан жорий йилнинг биринчи чораги давомида амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Қайд этилдики, Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифа ва йўналишлар O'zLiDeP  фракциясининг фаолиятига ҳам замонавий ёндашув ҳамда мутлақо янгича маъно-мазмун олиб кирди. Фракция ўтган даврдаги фаолиятини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва фракциянинг иш режалари, дастурларида белгиланган муҳим вазифалардан келиб чиққан ҳолда амалга оширди.

Ҳисобот даврида фракция томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида 1 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, ҳозирги кунда уни такомилига етказиш ва қуйи палата муҳокамасига киритиш масаласи кўрилмоқда. Шунингдек, партия сайловолди дастури, комплекс чора-тадбирлар дастуридан ўрин олган янги таҳрирдаги Ер кодекси, «Давлат молиявий назорати тўғрисида», «Кластерлар фаолияти тўғрисида» ҳамда «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» қонун лойиҳалари бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Ўтган даврда фракция томонидан тегишли вазирликлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолияти устидан самарали парламент ҳамда депутатлик назоратини амалга ошириш бўйича муайян ишлар олиб борилди. Уларнинг тегишли масалалар юзасидан фракция мажлисларида 4 маротаба ахборотлари эшитилди.

Фракция ташаббуси билан ўтказилган навбатдаги «Ҳукумат соати»да Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазири ва Халқ таълими вазири «Жойларда барпо этилаётган массивларнинг бош режасини ишлаб чиқишда ушбу ҳудудларда мактаб қурилишини инобатга олиш ҳамда янги ҳудуд ва массивларда қурилаётган янги кўп қаватли бинолар қурилишида уларга мутаносиб равишда янги ўқувчи ўрнини яратиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги масала юзасидан депутатларнинг саволларига жавоб берди.

Ҳозирги кунда O'zLiDeP фракцияси ташаббуси билан «Ҳукумат соати»га яна иккита масала киритилиши режалаштирилмоқда. Унда Қишлоқ хўжалиги ва Инновацион ривожланиш вазири «Қишлоқ хўжалиги соҳасида «ягона дарча» тамойили асосида фермер, деҳқон хўжаликлари, агрокластерлар, кооперациялар ва бошқа тадбиркорлик субъектларига инновацияларга асосланган сифатли агрохизматлар кўрсатиш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида», Молия вазири эса «Мамлакатга инвестицияларни жалб этишда ҳамда давлат инвестиция дастурларини бажариш жараёнида давлат-хусусий шериклик механизмларини турли соҳаларга кенг тадбиқ этиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги масала юзасидан депутатларга ахборот беради.

Яна бир муҳим жиҳат, ҳисобот даврда фракция аъзолари томонидан давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига сайловчиларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида долзарб масалалар юзасидан жами 107 та депутатлик сўрови юборилди. Уларнинг ташаббуси ва бевосита иштирокида 29 та тадбир, жумладан, 2 та конференция, 5 та семинар, 21 та давра суҳбати, 1 та матбуот анжумани ўтказилди. Фракция томонидан 18 та йиғилиш ўтказилиб, уларда 55 та масала кўриб чиқилди.

Сайловчилар билан самарали мулоқотни йўлга қўйиш, парламент фаолияти билан кенг жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида ОАВда 6 684 та, хусусан, телевидениеда 527, радиода 386 маротаба чиқишлар қилинди, матбуотда 447 та мақолалар чоп этилди, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда 5 324 та таҳлилий материаллар эълон қилинди.

Брифингда бу борадаги ишларни янада кучайтириш лозимлиги айтилиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар, айниқса, қабул қилинаётган янги қонунлар мазмун-моҳияти, уларнинг жойлардаги ижросини халқимизга тўғри ва ҳаққоний тарзда етказишда ОАВ вакиллари билан яқин ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Тадбир якунида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракциясининг ўтган даврдаги фаолиятига бағишланган ахборот маълумот учун қабул қилиниб, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.

  • Кўрилди
    502
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+