Давлат пенсияларини тайинлаш жараёни соддалаштирилади

06.05.2021, 09:38

Давлат пенсияларини тайинлаш жараёни соддалаштирилади

Тараққиётнинг янги босқичида мамлакатимизда аҳолини ижтимоий кўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, кекса ёшдаги фуқароларга ҳар томонлама ғамхўрлик қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти.

Куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда пенсия ва нафақаларни етказиб бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор ҳам соҳада олиб борилаётган ишларни янги босқичга олиб чиқиши билан аҳамиятлидир.

Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда давлат пенсияларини тайинлашда 30 турдаги ҳужжат талаб этилади ҳамда уларни тақдим этишга масъул 14 дан ортиқ вазирлик ва ташкилотларда идоравий ахборот тизимлари, электрон ресурс ва маълумотлар базалари мавжуд эмаслиги қоғоз шаклида иш юритишдан воз кечиш ва ҳужжатларни йиғиш жараёнини рақамлаштиришга тўсқинлик қилиб келмоқда.

Мазкур қарор билан давлат пенсияларини тайинлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда пенсия ва нафақаларни етказиб бериш борасида фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида бир қатор янгиликлар жорий қилиняпти.

Яъни, давлат пенсияларини тайинлашда фуқаролардан меҳнат стажи, иш ҳақи, олий таълим муассасаларидаги ўқиш ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади. Бунда, пенсияга чиқиш ҳуқуқи пайдо бўлган чоғида ишламайдиган фуқароларга ўзларининг меҳнат дафтарчаларидаги меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларни Бандликка кўмаклашиш марказларига мурожаат қилиш орқали “Ягона меҳнат миллий тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексига киритиш хизмати жорий этилади. Бу билан кўплаб фуқаролар пенсия тайинлашда юзага келадиган муаммолардан, қийинчиликлардан, бюрократик тўсиқлардан холос бўладилар.

Шунингдек, Пенсия жамғармаси томонидан молиялаштириладиган пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсациялар ва бошқа тўловларни тўлаш ҳар уч йилда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича алоҳида ўтказиладиган тендер асосида танланган тижорат банки ва бошқа ихтисослашган ташкилотлар томонидан амалга оширилади.

Бунда тендер асосида танланган тижорат банки ёки бошқа ихтисослашган ташкилот билан тузилган шартномага мувофиқ пенсия ва нафақаларни нақд пулда маҳалла фуқаролар йиғинларига, фуқароларнинг яшаш манзилларига етказиб бериш мажбурияти юклатилади ҳамда танловда иштирок этадиган тижорат банклари ва бошқа ихтисослашган ташкилотлар томонидан пенсия ва нафақаларни маҳалла фуқаролар йиғини биноси ёки фуқаронинг яшаш манзилига етказиб бериш шартларидан келиб чиқиб, хизмат ҳақи дифференциялашган тартибда пенсия ва нафақалар тўланадиган (етказиб берилган) сумманинг 1 фоизгача миқдорда бўлиши мумкин. Пенсия ва нафақаларни етказиб бериш билан боғлиқ харажатлар Пенсия жамғармаси ва республика бюджети томонидан тўлаб берилиши белгиланмоқда.

Бир сўз билан айтганда, мазкур ҳужжатда белгиланган вазифаларнинг ижро этилиши қариялар ва кекса ёшдагилар, имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга бир қатор қулайлик яратиш, кекса ёшдаги фуқароларга ҳар томонлама ғамхўрлик қилиш, фуқароларнинг оворагарчиликларини бартараф этишга хизмат қилади.

Баҳром РАҲМОНАЛИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    578
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+