Спикер ўринбосари Бухорода тадбиркорлик субъектлари, кластерлар ва замонавий иссиқхоналар фаолияти билан танишди

06.05.2021, 16:36

Спикер ўринбосари Бухорода тадбиркорлик субъектлари, кластерлар ва замонавий иссиқхоналар фаолияти билан танишди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикер ўринбосари, O’zLiDeP фракцияси раҳбари А. Хаитов Бухоро вилоятида бўлиб, қатор тадбиркорлик субъектлари, кластерлар, иссиқхоналар фаолияти билан танишди.

Партия етакчиси бундан уч йил муқаддам Вобкент туманида ташкил қилинган “Vobkent tola klaster” масъулияти чекланган жамиятига қарашли пахта толасини қайта ишлаб, ундан ип-калава ишлаб чиқаришга ихтисослашган фабрикасига ташриф буюрди.  Спикер ўринбосари бу ерда ишчи-ходимларга яратилган шарт-шароитлар ва корхонанинг умумий иш қуввати билан танишиб, фаолиятни янада самарали бўлиши учун жамият раҳбарига ўзининг маслаҳатларини берди.

Мазкур корхонанинг умумий ер майдони 6.4154 гектар. Шундан  ишлаб чиқариш майдони эса 2.141 гектарни ташкил қилади. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 9932 тонна. Лойиҳа қиймати 28.0 млн евро. Шунингдек, жамиятга замонавий дастгоҳлар Германия, Туркия, Ҳиндистон, Чехия, АҚШ, Испания давлатларидан келтириб ўрнатилган.   

“Vobkent tola klaster” МЧЖда айни пайтда 459 нафар ишчи-ходимлар меҳнат қилмоқда. Агар мазкур корхона тўлиқ қувват билан ишни бошласа, яна 93 нафар вобкентликларнинг бандлиги таъминланади.

Ушбу корхонанинг ўттиз нафар O’zLiDeP сафига кириш истагини билдирган ишчи-ходимларига партияга аъзолик гувоҳномалари топширилди. Шунингдек, “Vobkent tola klaster” МЧЖда бошланғич партия ташкилоти тузилди.

А. Хаитовнинг навбатдаги манзили туманнинг Хўжаработ МФЙ ҳудудида жойлашган, “Зарафшон замини саховати” фермер хўжалиги негизида ташкил қилинган иссиқхона бўлди.

-Мазкур иссиқхонани 2020 йилнинг декабрь ойидан ишга туширдик, – дейди туман Кенгаши депутати Баҳодир Ғаффоров. – Хитой технологияси асосидаги бу иссиқхона кўмир ёрдамида қиздирилади. Томчилаб суғоришга ихтисослаштирилган. Майдони бир гектар. Айнан шу ернинг ўзида ўн нафар тумандошларимизнинг бандлигини таъминлаганмиз. Ҳозиргача 300 миллион сўм атрофида даромад қилдик. Ҳали мавсум сўнггига қадар 70-75 тонна помидор сотишни режалаштириб турибмиз. Фермер хўжалигига ўғлим Шоҳруҳ Ғаффоров раҳбар бўлса-да, ҳар кун ана шу иссиқхонадан шахсан ўзим хабар оламан. Мана, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикер ўринбосари А. Хаитов томонларидан ҳам фаолиятимизни кенгайтириш, янада кўпроқ даромадга эга бўлишимиз учун тавсиялар берилди. Буни биз келгуси ишимизда қўллаб, ишчи ўринлари сонини ҳам кўпайтиришга келишиб олдик.

O‘zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

  • Кўрилди
    630
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+