Сайлов кодексига қандай ўзгартиришлар киритилмоқда?

06.05.2021, 17:28

Сайлов кодексига қандай ўзгартиришлар киритилмоқда?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Сенатга юборилди.

Хўш, қандай зарурат туфайли сайлов кодексига ўзгартириш киритилмоқда?

Аввало сайлов қонунчилигимизни умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартлари асосида янада такомиллаштириш зарурати, қолаверса, амалдаги қонунчиликнинг таҳлиллари сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш ҳамда сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоятлар бериш борасида айрим муаммолар мавжудлиги сайлов кодексини қайта кўриб чиқишни юзага чиқарди. Шундан келиб чиқиб тайёрланган мазкур қонун лойиҳаси билан Сайлов кодексининг қатор моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, 14, 20, 22, 101 ва 102-моддаларида юқори турувчи сайлов комиссияларининг ваколатларидан қуйи турувчи сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишни чиқариб ташлаш назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари лойиҳа билан сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятлар фақат суд томонидан кўриб чиқилиши, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси 11-18 нафар аъзодан иборат таркибда тузилиши таклиф этилмоқда.

Шунингдек, 31-моддадан сайлов бюллетенида номзоднинг эгаллаб турган лавозими (машғулотининг тури), иш жойи кўрсатилиши ҳақидаги норма чиқариб ташланмоқда.

Қонун лойиҳаси сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирларни туман (шаҳар) ҳокимликларини камида уч кун олдин ёзма равишда хабардор қилган ҳолда ўтказиш, бунда, ушбу тадбирларни ўтказиш учун рухсатнома талаб этилмаслиги, сайловчилар партияни ёхуд Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйганда маълумотномада идентификация ID-картасининг серияси ва тартиб рақамини киритиш каби нормалар билан тўлдирилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, лойиҳани ишлаб чиқиш давомида кўплаб илғор демократик давлатлар сайлов қонунчилиги ўрганилди, миллий қонунчилик таҳлили асосида уни янада такомиллаштириш юзасидан ҳуқуқшунос олимлар ва мутахассислар фикрлари тўпланди. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюросининг сайловларни кузатиш бўйича миссиясининг мамлакатимизда сайлов тизимини такомиллаштиришга қаратилган тавсиялари ҳисобга олинди. Натижада Кодекс шу пайтгача тартибга солинмаган қатор демократик тамойилларга жавоб берадиган нормалар билан бойитилди.

Бир сўз билан айтганда, Сайлов кодексига давр талабидан келиб чиқиб, ўзгартиш ва қўшимчалар киритилаётгани аввало, мамлакатимиз сайлов тизимида қонун ҳужжатлари нормалари такрорланишининг олдини олишга, қолаверса, сайлов жараёнларини ташкил этишдаги бир қатор мураккабликларни соддалаштиришга хизмат қилади.

Асосийси ушбу Кодекснинг ҳаётга татбиқ этилиши Янги Ўзбекистонда сайлов жараёнлари янада ошкоралик руҳида ўтишини таъминлайдиган янги, илғор амалиётни жорий этишни ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлайди.

Шахноза Холмахматова ,

Олий Мажлис Конунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    321
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+