Фуқароларга пенсия бўлимларига келмасдан, пенсия тайинлаш имконияти яратилади

07.05.2021, 08:49

Фуқароларга пенсия бўлимларига келмасдан, пенсия тайинлаш имконияти яратилади

Фуқароларимиз узоқ йиллик меҳнатларидан сўнг пенсияга чиқиш арафасида югур-югур қилиб, ҳужжат тўплай бошлайди. Табиийки, бу пайтда меҳнат фаолияти давомида нечта ташкилотда ишлаган бўлса, ҳаммасидан қанча муддат ишлагани, қанча маош олгани ҳақида маълумотнома йиғиши лозим бўлади. Ушбу ҳужжатларни йиғиш учун ҳали у, ҳали бу ташкилотга бориб, ортиқча овора бўлгани ҳам яхши маълум.

Ҳозирги кунга қадар давлат пенсияларини тайинлашда 30 турдаги ҳужжат талаб этиларди. Уларни тақдим этишга масъул 14 дан ортиқ вазирлик ва ташкилотларда идоравий ахборот тизимлари, электрон ресурс ва маълумотлар базалари мавжуд эмаслиги қоғоз шаклида иш юритишдан воз кечиш ва ҳужжатларни йиғиш жараёнини рақамлаштиришга тўсқинлик қилиб келаётган эди.

Президентимизнинг жорий йил 4 майдаги «Фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда пенсия ва нафақаларни етказиб бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори пенсия ва нафақаларни етказиб бериш тизимини янада такомиллаштиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлди, десак муболаға эмас.

Чунончи, бугунги кунда аҳолига пенсия ва нафақалар Халқ банки филиаллари томонидан етказиб берилиб, бунинг учун 0,9 фоиз хизмат ҳақи олинаётган эди. Таҳлилларга кўра, 2020 йилда жами 35,4 триллион сўмлик пенсия ва нафақа тўловларининг 28,1 триллион сўми ёки 79 фоизи нақд пул кўринишида ажратилган. Халқ банкига мазкур тўловларни нақд пулда тарқатиш хизматлари учун 2020 йилда 223,6 миллиард сўмлик хизмат ҳақи тўланган.

Жорий йил 1 январдан бошлаб эса Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан молиялаштириладиган пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсациялар ва бошқа тўловларни тўлаш ҳар уч йилда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича алоҳида ўтказиладиган тендер асосида танланган тижорат банки ва бошқа ихтисослашган ташкилотлар томонидан амалга оширилади. Бунда тендер асосида танланган тижорат банки ёки бошқа ихтисослашган ташкилот билан тузилган шартномага мувофиқ пенсия ва нафақалар нақд пулда маҳалла фуқаролар йиғинларига, фуқароларнинг яшаш манзилларига етказиб берилади.

Танловда иштирок этадиган тижорат банклари ва бошқа ихтисослашган ташкилотлар томонидан пенсия ва нафақаларни МФЙ биноси ёки фуқаронинг яшаш манзилига етказиб бериш шартларидан келиб чиқиб, хизмат ҳақи дифференциялашган тартибда пенсия ва нафақалар тўланадиган сумманинг 1 фоизгача миқдорда бўлиши мумкин. Бу жараёнда пенсия ва нафақаларни етказиб бериш билан боғлиқ харажатлар Пенсия жамғармаси ва республика бюджети томонидан тўлаб берилади.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, 2022 йил 1 июлдан бошлаб меҳнат стажи, иш ҳақи, олийгоҳда ўқигани ва ҳарбий хизмат даври маълумотлари Пенсия жамғармасининг дастурий таъминоти билан боғланган ҳолда «Ягона меҳнат миллий тизими» орқали электрон тарзда олинади. Ҳозирда ушбу тизимда турли вазирлик, идора ва ташкилотларнинг 4,8 миллион ишчиси иш ҳақи ва иш стажига оид маълумотлар шакллантирилган. Давлат пенсияларини тайинлаш учун фуқаролардан фақат паспорт ёки идентификация ID-картаси талаб этилади. Келгусида фуқароларга пенсия бўлимларига келмасдан, уларнинг электрон мурожаатлари асосида пенсия тайинлаш имконияти яратилади.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарорида ўз ифодасини топган яна бир муҳим янгилик — фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлашнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш бўйича «Йўл харитаси»нинг тасдиқланганидир. Сабаби унга кўра, вазирлик, идора ва корхоналарда ишлаган собиқ ишчиларнинг иш ҳақи ва ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги маълумотлари «Ягона меҳнат миллий тизими»да тўлиқ шакллантирилади. Шу билан бирга, чет элга доимий яшаш учун кўчиб кетаётган фуқароларнинг электрон маълумотларини «Пенсия» ахборот тизимига автоматик юбориш механизми жорий этилади.

Булар ҳали ҳаммаси эмас. Қарорга асосан, давлат пенсия таъминоти борасида кўрсатилаётган хизматлар сифатини замон талабларига мувофиқлаштириш, фуқароларга пенсия ва нафақаларни тайинлашда юзага келадиган ортиқча тўловларнинг олдини олиш ҳамда бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини таъминлаш мақсадида Пенсия жамғармасининг ижро этувчи аппарати тузилмаси, ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимларининг намунавий тузилмалари ҳам тасдиқланди. Энди Жамғарма таркибида пенсия, нафақа ва бошқа тўловларни молиялаштириш бўлимлари ташкил этилиб, ички аудит хизматлари ва юридик бюро фаолияти йўлга қўйилади.

Асосий қонунимизнинг 39-моддасида «Ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга» деб белгилаб қўйилган. Шу жиҳатдан мамлакатимизда пенcионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, қариялар ва кекса ёшдагиларга ҳар томонлама ғамхўрлик қилишга катта эътибор қаратиляпти. Хусусан, ҳар битта тизим замон талаблари асосида, энг муҳими, халқимиз манфаатлари кўзланган ҳолда такомиллаштириб борилмоқда.

ЎзЛиДеП бу борадаги амалий ишларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, мамлакат ва халқ олдида катта хизмат кўрсатган катта авлод вакилларига зарур ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, уларнинг хотиржам ва мазмунли ҳаёти учун шарт-шароитларни яратиш, бу орқали жамиятда инсонпарварkик ва меҳр-шафқат муҳитини мустаҳкамлаш зарур, деб ҳисоблайди. Биз фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш ва соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этиш тарафдоримиз.

Хулоса қилиб айтганда, давлат пенсияларини ҳисоблаш учун зарур маълумотлар электрон базасини шакллантириш, ушбу жараённи соддалаштириш – бугунги куннинг энг муҳим талаби. Мазкур қарор пенсия ва нафақаларни етказиб бериш тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилиши нуқтаи назаридан келиб чиқиб, унинг ижросини таъминлашда ташаббускор бўлишимиз керак. Зотан, ушбу ҳужжатда белгиланган чора-тадбирларнинг рўёбга чиқарилиши пенсия тайинлаш жараёнларида фуқароларнинг оворагарчиликларини бартараф этиш мақсадида олиб борилаётган ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариши муқаррар.

Актам Ҳаитов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари

  • Кўрилди
    480
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+