Ғаллаороллик Н. Якубова 2-гуруҳ ногирони бўлишига қарамай 35 нафар хотин-қизни ишли қилмоқчи

07.05.2021, 15:08

Ғаллаороллик Н. Якубова 2-гуруҳ ногирони бўлишига қарамай 35 нафар хотин-қизни ишли қилмоқчи

Ғаллаороллик Нилуфар Якубова 2 гуруҳ ногирон бўлишига қарамай, болалигидан-оқ ўз кунини ўзи кўришни, пешона тери эвазига топилган маблағ эвазига яшашни афзал кўрадиган қизлардан бири. Бу борада унга тикувчилик сир-асрорларини қунт билан ўргангани қўл келмоқда.

- Ўзи билганни ўзгалар билан баҳам кўриш, элга нафи тегадиган инсон бўлиб умр кечириш инсонга ато этилган энг катта бахт, - дейди Нилуфар. – Шу сабаб, тумандаги маҳалла марказида бошқа тикувчиликка қизиқадиган қизларга сабоқ бериш мақсадида ўқув курси ташкил қилдик. Тўғри, шароитлари унча яхши эмас. Бироқ, маҳалладаги қизлар бажонидил касб ўрганишга келишаётгани мени қувонтиради. Туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ходимлари ҳозир бизга янги бинодан жой ваъда қилишган.

Нилуфарнинг режалари мўл. У субсидия эвазига 25 та замонавий тикув машинаси олиб келиб, тикув цехи очиш лойиҳасини тайёрлаган. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, лойиҳа амалга ошса 35 нафар хотин-қизларни иш билан таъминлаш имкони туғилади.

Афсуски, унинг эзгу ниятлари фақатгина қоғозда қолиб кетмоқда. Сабаби, 66 миллион сўм субсидия маблағи ажратилишига имкон топилмаяпти.

Ғаллаорол туманида “Тадбиркорлик - аҳоли бандлигини таъминлашнинг муҳим манбаи” мавзусида ташкиллаштирилган давра суҳбатида Нилуфар шу муаммони ўртага ташлади. Давра суҳбатида иштирок этган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Феруза Нигматова тадбиркор қиз билан дилдан суҳбатлашиб, у кўтарган барча муаммоли масалаларни ўз назоратига олишини маълум қилди.

Давра суҳбатидаги очиқ мулоқотлар давомида тумандаги “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”да рўйхатда турганларни иш билан таъминлаш, уларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди. Тижорат банклари вакиллари фаолияти танқидий таҳлилдан ўтказилди. Учрашувда иштирок этган жамоатчилик вакилларининг таклиф ва мулоҳазалари тингланди.

- Излаган имкон топади, -  дейди халқ депутатлари туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Одил Мамиров. – Бу имконни топиш учун эса, баъзида шу ҳудудда яшаётган аҳоли билан яқиндан мулоқот қилиш зарур. Маҳаллий шароитни, бу ернинг пасту баландини яхши билган инсонлар, қай соҳада тадбиркорлик қилса, даромад топиш, янги иш ўринларини яратиш мумкинлигини ҳам яхши билади. Биз эса, имкон қадар партиявий воситалар билан, ваколатимиз доирасида уларни ҳар томонлама-қўллаб қувватлашимиз керак. Бугунги тадбир давомида аҳоли томонидан кўтарилган муаммолар, уларнинг ечимига оид кўрилган чора-тадбирлар, бу борадаги таклиф ва мулоҳазалар фикримиз исботи.

Самимий мулоқот руҳида ўтган давра суҳбатидан сўнг тадбир  иштирокчилари тумандаги ногирон аёллар ҳолидан хабар олишди. Улардан бири – Гулистон ҚФЙда истиқомат қилувчи Қизларгул Хўжамбердиевага ногиронлик аравачаси топширилди.

                                   Баҳром МИРЗАҚОБИЛОВ,

O'zLiDeP фаоли

  • Кўрилди
    612
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+