Маслакдошларимизнинг чет тилларни ўрганишга иштиёқини изчил қўллаб-қувватлаймиз

07.05.2021, 16:48

Маслакдошларимизнинг чет тилларни ўрганишга иштиёқини изчил қўллаб-қувватлаймиз

Мозийга назар солсак, юртимизда илму урфон ривожланган  даврларда яшаган ва инсоният тамаддунига муносиб ҳисса қўшган буюк аждодларимиз хорижий тилларда ўзга эл вакиллари томонидан яратилган илмий мерос намуналарини мукаммал ўрганишган, уларни ижодий ривожлантиришган. Ўз илмий кашфиётлари, адабий асарлари билан уларни янада сайқалллаштиришган. Эътиборга молик томони уларнинг деярли барчаси бир неча тилларни мукаммал билиб, ўша тилларда нафақат сўзлашишган, балки илмий, адабий асарлар ҳам яратишган. Хусусан, Мусо Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Имом Бухорий, Аҳмад Фарғоний, Маҳмуд Замахшарий, Алишер Навоий каби улуғ аждодларимиз кўплаб тилларни пухта билганлари учун ҳам жаҳон илм-фанининг юксак чўққиларини забт этганлар.

Учинчи Ренессанс даври пойдевори қурилаётган юртимизда олиб борилаётган очиқлик сиёсати, халқаро ҳамжамият билан ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг кучайиб бораётгани, жаҳон бозорларига кириб борилаётгани бир неча хорижий тилларни мукаммал биладиган, бу тилларда эркин мулоқот қила оладиган мутахассисларга эҳтиёжнинг ошиб боришига сабаб бўлмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 6 май куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилиши чет тилларини ўқитиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирларига бағишлангани ҳам бежиз эмас.  Боиси, мамлакатимизда ҳар йили илм-фаннинг бир нечта йўналиши танлаб олиниб, алоҳида эътибор билан ривожлантирилмоқда. Бу йил физика ва чет тиллари ана шундай устувор соҳалар этиб белгиланган. Бироқ, афсуски, ҳали  ёшларимизни чет тилларини ўрганишга жалб қилиш, таълим муассасаларида хорижий тилларини ўқитиш борасида ечимини кутаётган муаммолар талайгина. Бу муаммоларни давлатимиз раҳбари видеоселектор йиғилишида куюнчаклик билан таъкидлаб ўтдилар. Хусусан,  таълим тизимида 2 мингдан ортиқ чет тили ўқитувчиси лавозими вакант бўлиб қолмоқда. 1 минг 400 та мактабда чет тилини ўқитиш сифати мутлақо қониқарсиз. Бу тизимдаги ўқитувчиларнинг атиги 4 фоизи миллий ва халқаро тил сертификатига эга.

Президентимиз таъкидлаганидек, “Мамлакатимизда хорижий тилларни ўргатиш бўйича келажак учун мустаҳкам пойдевор бўладиган янги тизимни йўлга қўйиш вақти-соати келди. Биз рақобатдош давлат қуришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган эканмиз, бундан буён мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юрти битирувчилари камида 2 та чет тилини мукаммал билишлари шарт. Бу қатъий талаб ҳар бир таълим муассасаси раҳбари фаолиятининг асосий мезонига айланиши лозим”.

Афсуски, бу каби муаммолар Жиззах вилоятидаги таълим муассасаларида ҳам истаганича топилади. Шу сабаб, йиғилишда атрофлича таҳлил қилинган таълим тизимидаги муаммоларни бартараф қилиш борасидаги устивор вазифалар ижросини таъминлаш барчамизнинг умумишимизга айланиши керак.

Тил билган – эл билади, дейди халқимиз. Дарҳақиқат, ўзга эллар тилини билиш уларнинг маданияти, тарихи, адабиёти, иқтисодиёти, ўтмиши ва бугунини чуқур билишга ва шу асосда ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга замин яратади.

O‘zLiDeP Жиззах вилоят ташкилоти фаоллари ҳам видеоселекторда айтиб ўтилган ва белгилаб берилган устивор вазифаларни қунт билан ўрганмоқдалар. Мақсад - уларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, мавжуд муаммоларни имкон қадар партиявий воситалар билан бартараф этишга кўмаклашиш, “депутат ва таълим тизими” ҳамкорлигини янада ривожлантириш, шунингдек, партия фаолларининг хорижий  тилларни ўрганишга бўлган иштиёқини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборатдир.

Шерзод Маматқулов,

O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши

раисининг биринчи ўринбосари

  • Кўрилди
    678
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+