Мардлик ва жасорат кўрсатган инсонлар хотираси ҳамиша барҳаёт

09.05.2021, 13:52

Мардлик ва жасорат кўрсатган инсонлар хотираси ҳамиша барҳаёт

“Бу ёруғ дунёда улуғ бир ҳақиқат борки, у ҳеч қачон ўзгармайди, ҳеч қачон эскирмайди. Яъни Ватан ва халқ озодлиги, келгуси авлодларнинг бахту-саодати йўлидаги мардлик ва жасорат кўрсатган инсонлар хотираси ҳамиша барҳаёт яшайди. Шу боис биз учун уруш ва меҳнат фахрийларининг иззат-ҳурматини жойига қўйиш, ўтганларни хотирасини абадийлаштириш доимо муқаддас вазифа бўлиб қолади. ”

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 9 май - Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали тадбирда айтилган бу сўзлар жонажон Ватанимизнинг ҳар томонлама равнақ топиши, бугунги тинч ҳамда осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодларимиз муқаддас хотирасини ёд айлаб, эзгу ишларини давом эттириш ҳар биримизнинг бурчимиз эканини яна бир бор тасдиқлади.

Дарҳақиқат, эл фаровонлиги, юрт тинчлиги йўлида заҳмат чеккан инсоннинг қадри ҳамиша баланд бўлган. Эзгулик учун қилинган меҳнат доим рағбат ва эътибор топган. Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги қарори ҳамда “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони ана шу тушунчанинг, ғоянинг амалдаги ифодасидир, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. 

Барчамизга аёнки, Иккинчи жаҳон уруши миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритди. Ўша пайтларда Ўзбекистондан ҳам 2 миллионга яқин юртдошимиз жангларда иштирок этди. Ортда қолган аёллар ва болалар туну кун меҳнат қилиб, топган-тутганларини фронтга жўнатдилар. Уларнинг матонати, сабр-бардоши, кўрсатган қаҳрамонликлари ёш авлод учун катта ибрат мактабидир.

Бинобарин, бугун ёшларни она-Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашда биз билан ёнма-ён яшаётган фахрийларни қадрлаш, эъзозлаш, ҳурматини жойига қўйиш, уларнинг жасорати ва кечинмаларини навқирон авлодга етказиш муҳим аҳамият касб этади. Айни жиҳатлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари, қолаверса  партиямизнинг жонкуяр фаолларининг ҳам эътиборидан четда қолаётгани йўқ десак муболаға бўлмайди. Парламент аъзолари карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда уруш ҳамда меҳнат фахрийлари хонадонларида бўлиб, уларнинг ҳолидан хабар олмоқда. Дилдан кечаётган суҳбатларда уруш ва меҳнат фахрийларининг матонати, ота-боболаримизнинг енгилмас иродаси ҳақидаги хотиралар ёдга олинаяпти, бугунги дориламон кунларга шукроналар айтилаётир.

Мана шундай самимий учрашувларда нуронийларнинг “Биз урушни кўрдик. Сизлар асло кўрманглар, болаларим!” деган сўзлари қулоққа шу қадар сингиб кетадики, бунинг мазмун-моҳиятини теран англаб етиш ҳар биримиз учун жуда муҳим. Шу боис ёшларга бугунги тинч-осойишта кунларни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш лозимлиги уқтирилмоқда.   

Умуман, Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт орти меҳнат фахрийлари ҳамда мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотираси ёдга олиниб, чуқур ҳурмат кўрсатилаётгани бу борадаги ишлар халқимизга хос азалий қадриятлардан эканини яна бир карра намоён этмоқда. Мазкур саъй-ҳаракатлар айни чоғда юртдошларимизни Ватанимиз тараққиёти йўлида меҳнат қилишга, унинг янада гуллаб-яшнашига ҳисса қўшган ҳолда, тинчлигимизни муҳофаза этишга руҳлантиради.

Ниятимиз, ер юзида ҳеч қачон уруш бўлмасин, юртимиз тинч, халқимиз турмуши фаровон бўлсин.

Ҳар жабҳада тараққий этиб, Учинчи Ренессансга қадам қуяётган Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!

Шахноза Холмахматова,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    457
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+