Депутат ташаббуси билан 150 нафар ёшлар бокс тўгарагига жалб қилинди

09.05.2021, 14:28

Депутат ташаббуси билан 150 нафар ёшлар бокс тўгарагига жалб қилинди

Шаҳрихон тумани "Марказ" маҳалла фуқаролар йиғинида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан марҳум Валихон Набиев хотирасига бағишлаб ёшлар ўртасида бокс  мусобақаси ўтказилди.

Унда Шаҳрихон, Асака, Бўстон, Балиқчи туманларидан келган 120 нафар чарм қўлқоп усталари 15 вазн тоифаси бўйича беллашди.

Мусобақада сўз олган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Одинахон Отахонова, халқ депутатлари Шаҳрихон туман Кенгашидаги O'zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари Д.Эркинов ва Э.Мамажоновлар бу каби спорт мусобақаларининг ўтказилиши юртимизда ёшлар спортини янада ривожлантириш, уларнинг соғлом ва етук инсон бўлиб камол топишига хизмат қилишини таъкидлади.

–Инсон қадри улуғланган, хотираси сарбаланд юртда яшаймиз, – дейди парламент қуйи палатаси депутати О.Отахонова. – Сабаби ўтганлар хотирасини ёдда сақлаш ва руҳларини шод этиш, тирикларни қадрлаш – халқимиз учун муқаддас фазилатдир. Сана муносабати билан ташкил этилган мусобақада ёш спортчилар куч-ғайрати, шижоатини, ғалабага бўлган ишончини намоён этишди. Айниқса, туманда спортнинг бокс турига  қизиқиши баланд бўлган ёшларнинг кўплиги мени хурсанд қилди. Шу сабабли маҳаллада бўш турган бинони ёшларга спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун олиб берадиган бўлдик.

Мусобақа давомида ҳакамлар томонидан ҳар бир баҳс холисона баҳолаб борилди. Якуний натижаларга кўра, Шаҳрихон тумани ёшлари умумжамоа ҳисобида ғолибликни қўлга киритди.

Мусобақа якунида халқ вакили О.Отахонова ташаббуси билан аҳоли ўртасида спортга қизиқиш билдирган 150 нафар ёшлар бокс тугарагига жалб қилиниб, ғолиб ва совриндорларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

  • Кўрилди
    535
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+