Тинчлик йўлидаги жасорат ҳеч қачон унутилмайди

10.05.2021, 12:37

Тинчлик йўлидаги жасорат ҳеч қачон унутилмайди

Ватан озодлиги, ҳозирги тинч-омон кунлар учун жанг майдонларида ҳалок бўлган ота-боболаримизни муқаддас хотирасини ёд этиб, бугунги кунда эл ардоғида умргузаронлик қилаётган кексаларга алоҳида ҳурмат-эътибор кўрсатиш юртимизда эзгу анъанага айланган.

Масалан, оловли жанггоҳлардан омон қайтган, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган фахрийларимизга юксак эҳтиром, меҳр-оқибат кўрсатиш давлатимизнинг ҳамиша эътибор марказида бўлиб келмоқда. Чунки улуғ ва табаррук ёшларга етиб, бугун орамизда соғ-саломат, дуогўй бўлиб юрган нуронийларимизни ҳар қанча эъзозласак, шунча кам.

Хотира — абадий, қадр — муқаддас

Инсон хотира билан тирик, қадр билан барҳаёт. Айниқса, ўтганларнинг хайрли ишларини ёдга олмоқ, қадрламоқ биз учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Ҳар йили мамлакатимизда 9 май – Хотира ва қадрлаш кунини муносиб нишонлашдан кўзлаган бош мақсад ҳам Ватан ҳимоячиларини хотирлаш, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган юртдошларимиз хотирасини ёд этишдан иборат десак, муболаға бўлмайди.

Инчинун, кўпмиллатли Ўзбекистон халқи ҳақиқий жасорат ва фидойилик кўрсатиб, фашизм устидан қозонилган ғалабага улкан ҳисса қўшди. Хусусан, 2 миллионга яқин юртдошимиз жангларда иштирок этиб, уларнинг 500 мингдан ортиғи қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Булар шунчаки оддий рақамлар эмас. Уларнинг замирида муштипар оналаримиз, момоларимиз, мард ва жасур оталаримиз, бутун халқимиз қалбидаги чексиз қайғу ва ҳасрат мужассам.

Шуларни ўйласак, ўз-ўзидан бугунги саодатли кунларга осонликча эришилмаганини англаймиз. Сабаби бу уруш минг-минглаб аёлларни умр йўлдошидан, миллионлаб болаларни ота-онасидан айирди. Шу боис, мислсиз йўқотишлар, талафот ва мусибатлар олиб келган бу уруш инсоният тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли қирғин бўлганини ҳеч ким унутмайди. Фашизм устидан қозонилган ғалаба нақадар қимматга тушганини юртимизда яшаётган ҳар қайси оила, ҳар қайси одам яхши англайди ва қалбидан ўтказади.

Муболағасиз айтиш мумкинки, Ўзбекистон халқи ана шундай оғир талафотлар кўриб, буюк Ғалабага беқиёс ҳисса қўшди. Бу ҳақиқатни 200 мингдан зиёд аскар ва офицерларимиз жанговар орден ва медаллар билан мукофотлангани ҳам яққол исботлайди. Зеро, инсоният тақдири ва келажаги ҳал бўлаётган ўша суронли йилларда Ўзбекистон фронтнинг мустаҳкам таъминот базаси бўлиб хизмат қилди. Халқимиз туну кун тинимсиз меҳнат қилиб, улкан миқдордаги озиқ-овқат, кийим-кечак, қурол-аслаҳа, дори-дармон захираларини жанг майдонларига узлуксиз етказиб берди.

Меҳмондўст халқимиз урушдан жабр кўриб республикамизга кўчириб келтирилган 1 миллион 500 мингдан ортиқ кексалар, аёллар ва болаларни қабул қилиб, охирги бир бурда нонини ҳам улар билан баҳам кўрганини, уларга нафақат бошпана берганини, балки ўз қалбини очиб, меҳр-мурувват кўрсатганини унутиб бўладими?! Шу сабабли халқимизнинг бундай улкан жасорати, олижаноблиги бутун дунёда ҳурмат-эҳтиромга сазовор бўлди.

2 миллионга яқин ватандошларимизнинг рўйхати тўлиқ шакллантирилади

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқини тинглаб, мамлакатимизда оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга, машаққатли синовларда ўзлигини йўқотмаган аждодларимизга меҳр-оқибат кўрсатиш том маънода, миллий анъанага айланганига яна бир бор амин бўлдик.

Нуқтда давлатимиз раҳбари ҳозирги кунда мамлакатимизнинг Иккинчи жаҳон уруши давридаги тарихи янги маълумот ва далиллар, ноёб ҳужжатлар билан бойиб бораётганини, мавзуга оид янги-янги илмий тадқиқотлар, бадиий асарлар, кинофильм ва альбомлар, кўплаб картина ва ҳайкаллар яратилаётганини таъкидлади. Таълим масканлари ва маҳалла идораларида ушбу йўналишда ташкил этилган стенд ва кўргазмаларда жангчи ота-боболаримизнинг ўлмас сиймолари, улар ҳақидаги муҳим тарихий маълумотлар акс эттирилаётгани айтиб, бу ишларни янада кенг кўламда, фаол давом эттириш зарурлигини билдирди.

Нега деганда буюк ғалабани қўлга киритишда мардлик ва жасорат кўрсатган фахрийларимизни, фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизни хотирасини ёд этиш, уларнинг Ватан тинчлиги, юрт ободлиги йўлида кўрсатган хизматларини ёш авлод вакилларига етказиш бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ. Чунки йиллар ўтади, замонлар ўтади, лекин Ватан озодлиги ва эркинлиги, эл-юртимизнинг тинч ва осуда ҳаётини ҳимоя қилишда курашиб жон берган ўғлонларининг номлари ва хотираси халқимиз ёдида умрбод, абадий сақланади.

Яна бир муҳим жиҳат, бугун иккинчи жаҳон урушида қатнашган юртдошларимиз сафи тобора қисқариб боряпти. Демак, бешафқат урушда қатнашган, фронт ортида ўзини аямасдан меҳнат қилган фахрийларимизнинг қадрига етиб, ҳолидан хабар олишимиз, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишимиз ва бу эзгу ишларни ёш авлод онги ва қалбига чуқурроқ сингдириб боришимиз лозим. Шубҳасиз, уларнинг юрт тинчлиги учун қилган жасорати ёш ўғил-қизларимиз учун Ватанга муҳаббат, вафо ва садоқат, сабр-матонат тимсоли бўлиб хизмат қилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан пойтахтимизда барпо этилган «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси эса ўзбек халқининг Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги шонли тарихини, она халқимизнинг қаҳрамонлигини яхлит акс эттиргани билан алоҳида аҳамиятга эгадир. Боиси ўтган қисқа даврда, карантин шароитига қарамасдан, Ғалаба боғига 350 мингга яқин юртдошларимиз ва чет эллик меҳмонлар ташриф буюрди. Уларнинг орасида ўқувчи ва талаба ёшлар билан бирга, Ҳамдўстлик давлатлари ва бошқа чет эл фуқаролари, юқори мартабали хорижий делегациялар аъзолари борлиги диққатга сазовордир.

Ҳозирги кунда Ғалаба боғи ёдгорлик мажмуасини ҳарбий тарихимиз, уруш ва меҳнат фронти қатнашчилари жасоратини ўрганиш бўйича илмий марказга айлантириш ҳаракати бошланиб, мажмуанинг электрон платформаси, онлайн дастурлар яратилиб, уларнинг фаолияти йўлга қўйилгани айни муддао бўлди. Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилиб, иккинчи жаҳон урушида иштирок этган 2 миллионга яқин ватандошларимизнинг тўлиқ рўйхатини шакллантириш ва шу асосда «Ватан фидойилари» хотира китобини тайёрлаш ишлари олиб борилаётгани эса янги Ўзбекистонда уруш қатнашчилари хотирасини абадийлаштиришга қаратилаётган эътибор кўлами янада кенгайишидан далолат беради.

Дунёда байрамлар кўп, маросимлар бисёр, аммо инсон қадрини эъзозлайдиган шодиёнани ҳамма жойда ҳам учратмайсиз. Шу жиҳатдан мамлакатимизда уруш ва меҳнат фахрийларининг иззат-ҳурматини жойига қўйиш, уларни қадрлаш, эъзозлаш, ҳолидан хабар олишдек эзгу ишлар келгусида устувор вазифамиз бўлиб қолади. Бундан буён ЎзЛиДеП ва унинг депутатлик корпуси фахрийлар билан тез-тез учрашиб, уларни қийнаётган муаммоларга ечим топади, тиббий, маиший шароитларини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратади.

Хулоса қилиб айтганда, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиш, уларнинг эзгу ишларини давом эттириш биз учун азалий қадриятдир. Зотан, Президентимиз таъкидлаганидек, қаҳрамон оталаридан ўрнак ва намуна олиб, улар билан доимо фахрланиб яшайдиган халқ ҳеч қачон кам бўлмайди ва ўзининг эзгу мақсадларига албатта етади.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    353
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+